Бруно Савио: «Ал-Аҳли»да совриндан бошқаси ҳақида ўйлаш мумкин эмас»

Бруно Савио: «Ал-Аҳли»да совриндан бошқаси ҳақида ўйлаш мумкин эмас»

Бразилия чемпионати Иккинчи дивизионидан Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатигача - бу Бруно Савионинг ўзига хос футболчилик фаолияти йўли.

 Ҳозирда Мисрнинг «Ал-Аҳли» клуби шарафини ҳимоя қилаётган бразилиялик 29 ёшли ҳужумчи ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида Клублар ўртасидаги ЖЧ-2022га катта ишонч билан қараётганини алоҳида таъкидлади: «Амалдаги жамоам «Фламенго» ва «Реал» каби рақибларни мағлубиятга учратиш салоҳиятига эга, менимча».

- Бруно, аввалига табиий савол: «Ал-Аҳли»га қандай келиб қолдингиз?

- Боливиядаги яхши мавсумдан сўнг шахсий агентим қўнғироқ қилиб, «Ал-Аҳли»дан аниқ таклиф борлигини айтгач, бу вариантга жиддий қизиқиб қолдим. Биринчидан, «Ал-Аҳли» ўз ҳудудида улкан клуб саналади. Иккинчидан, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўйнаш - ҳар қандай футболчи учун катта орзу. Дейлик, бунга қадар ушбу мусобақани фақат телевизор орқали кузатганман. Хусусан, «Интернаcьонал» вақтида «Барселона»ни, «Коринтианс» эса «Челси»ни қандай енгганини яхши эслайман. Яна клублар миқёсидаги ЖЧда иштирок этган барча буюк футболчиларни биламан. Бу турнир айниқса, Бразилия клублари учун катта аҳамият касб этарди. Ўйлайманки, «Ал-Аҳли» учун ҳам худди шундай. Ахир Африка ва АҚШ ёки Осиё ва Жанубий Америка клублари тўқнашувида қатнашиш ҳар кимни қизиқтириши турган гап. Оддий айтганда, турнирда турли футбол мактаблари ва услубларнинг ўзгача тўқнашуви кузатилади. Хуллас, шуларни ўйлаб, «Ал-Аҳли» таклифини иккиланмасдан қабул қилдим ва ҳозир Мисрда ўйнаётганимдан бағоят хурсандман.

- «Ал-Аҳли» тарафдорларини кўргач, қандай ҳолатга тушдингиз?

- Ҳа, биринчи кундан ақлимни йўқотаёздим. Тўғриси, бунга ишониш қийин, ақлга сиғмайди. Атиги 1 кун ичида «Инс­таграм»даги саҳифамга 100 мингдан кўпроқ киши ёзилди. Умуман, бу ерда ҳар куни мухлисларнинг илиқ меҳрини яққол ҳис қиласиз. Ташқарига чиқсангиз, жинни бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас. «Ал-Аҳли» мухлислар армияси шунчаки, супер!

- Маҳаллий мухлисларнинг ёқимтойларидан бири - Муҳаммад «Афша» Мағди. У ҳақда қандай фикрдасиз?

- Қойилмақом футболчи. Мағди чиндан ҳам, бошқа даража. Хусусан, майдонни кўриш қобилиятини таърифлашга тил ожиз. У яна бразилияликларга хос фазилатларга эга. Ўйлайманки, иккимизнинг қарашларимиз бир хил. Майдонда аллақачон ўзаро яхши тушуниб ҳаракатлана бошладик. «Афша» жамоага, маҳаллий турмуш тарзига мослашишимни ҳам анча енгиллаштирди. Хусусан, майдондаги ёрдамини қадрлайман. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз ҳали янада ривожланади ва яхши муносабатларни узоқ вақт сақлаб қоламиз.

- 1 йилча олдин Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўйнашингизга имкон туғилиши мумкинлигини ўйлаганмидингиз?

- Ҳамиша йирик турнирларда қатнашиш орзуси билан яшаганман ва бунга ишонганман ҳам. Тўғри, 1 йил олдин Мисрда бўлиб қолиш хаёлимга ҳам келмагани рост. Ахир Бразилия «В» сериясида ўйнардим, энди эса Клублар ўртасидаги ЖЧ арафасида турибман - бунақасини ақлга сиғдириш қийин. 

- «Ал-Аҳли»нинг турнирдаги биринчи ўйини «Окленд»га қарши кечади. Рақиб билан танишиб чиқдинг­ларми?

- Ҳозирча вақт бўлгани йўқ, лекин «Окленд»нинг аввалги мавсум бирор ўйинда ютқазмаганини биламиз. Футболда қандай чемпионат бўлмасин, бутун мавсум давомида мағлубиятга учрамаслик - алоҳида натижа. Яна шуниси аниққи, оддий клуб Клублар ўртасидаги ЖЧга чиқмайди. Шундай экан, «Окленд»га жиддий ёндашиш талаб этилади. Албатта, биринчи ўйинга борича тайёргарлик кўрамиз.

- Ўзи «Ал-Аҳли» турнирда ўз олдига қандай мақсад қўйган?

- Шубҳасиз, ҳар бир мусобақага чемпион бўлиш ниятида киришамиз. «Ал-Аҳли»да бошқа нарса ҳақида ўйлаш мумкин эмас. Ҳа, бу сафарги йўлимизда «Фламенго» ва «Реал» каби катта рақиблар бор, лекин футбол ўйини 11га 11 шаклида бошланади ва майдонда қайси томон яхшироқ ўйнаса, ўша ғалаба қозонади. Ҳа, бўлажак рақибларимизни мағлуб этиш қийин, лекин имконсиз эмас, албатта. Мусобақага камтарлик билан киришамиз, ҳар бир рақибга жиддий ёндашамиз, аммо мақсадимиз ўзгармайди - чемпионлик мақомига эришмоқчимиз.

- «Фламенго» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бутун майдон бўйлаб тинмай ҳужумга ўтадиган ва ажо­йиб ижрочиларга эга кучли жамоа. «Аваи»да ўйнаганимда, бу жамоага қарши баҳсларда қатнашгандим ва унинг нақадар хавфли эканлигини яхши биламан. Лекин «Ал-Аҳли» ҳам ўзига яраша фазилатларга эга. Менимча, фақат «Реал» қолганлардан бироз кучлироқ - буни инкор этиш ноўрин. Ахир «Мадрид» таркибида дунёнинг энг сара футболчилари бор. «Ал-Аҳли», «Фламенго» ва бошқа иштирокчилар эса деярли бир хил даражада, менимча.

- Демак, «Реал» ҳақида алоҳида тўхталиш керак...

- Бу жамоани яхши кўраман, ўйинларини кўп томоша қиламан. Чунки таркибида бразилияликлар кўп. «Реал» - бугун дунёдаги энг яхши клуб, шубҳасиз. Биргина «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби Карим Бенземани айтиш кифоя қилади. Лекин футболда стратегия, тартиб-интизом каби муҳим жиҳатлар ҳам бор. Ўйлайманки, қўлимиздан келганича ўйнасак ва режамизга амал қилсак, «Реал»ни ҳам енга оламиз.

- Индивидуал миқёсда ҳам бирор совриндан умидвормисиз?

- Очиғи, аввало, мисрликларга самимийликлари ва меҳмондўстликлари учун муносиб жавоб бермоқчиман. Уларнинг мен ва оиламга нисбатан илиқ муносабатларини таърифлашга тил ожиз. Ўзимни худди уйдагидек ҳис қилишим учун қўлдан келганича ғамхўрлик кўрсатишди. Миср­ликлар учун футбол қанчалик муҳимлигини яхши биламан, шунинг учун «Ал-Аҳли»нинг Клублар ўртасидаги ЖЧда қайд этадиган натижаси билан фахрланишларини таъминлашга ҳисса қўшмоқчиман. Жамоа сафига қўшилганимга энди бир неча ой бўлди, шу қисқа вақт давомида ақл бовар қилмас ишларни кўрдим. Умид қиламанки, бу фақат бошланиши, «Ал-Аҳли» билан ҳали кўплаб совринлар ютиб, клуб тарихига кирмоқчиман. Жамоанинг тарихи жуда бой, сов­ринлари кўп, таркибида ажойиб футболчилар ўйнашган. Хуллас, шу бой тарихнинг бир қисмига айланишни хоҳлайман.

КЛУБЛАР ЎРТАСИДАГИ ЖЧ-2022: 

ҚУРЪА НАТИЖАЛАРИ

2023 йилнинг 1 февраль куни Марокашда бошланадиган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2022да 7та клуб иштирок этади: «Реал» (УЕФА номидан), «Фламенго» (КОНМЕБОЛ), «Ал-Ҳилол» (ОФК), «Ал-Аҳли» (АФК), «Окленд Сити» (ОкФК), «Сиэтл Саундерс» (КОНКАКАФ) ва «Видад» (мезбон сифатида). «Реал» (ЕЧЛ ғолиби) ва «Фламенго» (Либертадорес кубоги ғолиби) турнирга ярим финалдан киришади. 

Қуръа натижалари ва турнир тақвими

Саралаш босқичи. 1 февраль (чоршанба)

«Ал-Аҳли» (Миср) - «Окленд Сити» (Янги Зеландия)

Чорак финал. 4 февраль (шанба)

«Сиэтл Саундерс» (АҚШ) - «Ал-Аҳли»|«Окленд Сити»

«Видад» (Марокаш) - «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони)

Ярим финал

7 февраль (сешанба)

«Фламенго» (Бразилия) - «Видад»|«Ал-Ҳилол»

8 февраль (чоршанба)

«Сиэтл Саундерс»|«Ал-Аҳли»|«Окленд Сити» - «Реал»

11 февраль (шанба)

3-ўрин учун 

11 февраль 

Финал

МУҲАММАДХОН тайёрлади