Денис Закария: «Монако» - айни мен излаган жамоа»

Денис Закария: «Монако» - айни мен излаган жамоа»

Швейцариялик ярим ҳимоячи Денис Закария 2022 йили Менхенгладбах «Боруссия»сидан кетгач, «Ювентус» ва «Челси» клубларида қисқа, муваффақиятсиз фаолият олиб борди.

 Жорий мавсум арафасида эса «Монако» сафидан қўним топди ва айтиш мумкинки, аллақачон Ади Хюттер жамоасининг ажралмас мурватига айланди. Рақамларда айтсак, Денис ҳозирга қадар князлик клубининг 11та ўйини (906 дақиқа ва 1 гол)да қатнашди. Футболчи яқинда Монегаск жамоаси расмий сайтига берган интервьюсида ҳам хурсандлигини яширмади: «Асосийси, «Монако» таркибида ўз ўрнимни тезда топдим». Айтганча, Закария янги жамоадаги дебют голини «Луи II» стадионида «Брест»га қарши кечган ўйин (2:0)да нишонлади.

- Денис, айни пайт «Монако»да бир неча йиллардан буён тўп сураётгандек таассурот уйғотяпсиз. «Қизил-оқлар» сафидаги дастлабки ойлар сиз учун қандай ўтди?

- Жамоада мени жуда илиқ кутиб олишди, йигитлар ва мураббийлар муносабати зўр. Қисқа вақтда «Монако» ажо­йиб клуб эканлигини тушундим ва ҳозирда ўзимни аъло даражада ҳис қиляпман. Хуллас, атрофимдаги муҳит клубга тезда мослашишимни осонлаштирди. 

- Ўзи Ади Хюттер қўл остида учинчи даврни бошдан ўтказяпсиз. Бу мутахассиснинг бошқалардан ажратиб турадиган алоҳида хусусиятлари ҳам борми?

- Аввало, айтишим керак, менга профессионал футбол эшикларини айнан Хюттер очган. Қолаверса, нималарга қодирлигимни жуда яхши билади. Ўз навбатида, Ади футболчилардан аввало, нималар талаб қилишидан хабардорман. Унинг ўйин фалсафаси эса бир вақтнинг ўзида ҳам тажовузкор, ҳам ҳужумкор ва динамик. Табиатан ҳаракатчан ўйинга мойилман ва Хюттер йўлга қўйган футболда яйраяпман! Эҳтимолки, қарашларнинг уйғунлиги ортидан ҳам «Монако»да қисқа вақт ичида ўз салоҳиятимни қайта кўрсатишга тушдим. Такрорлайман, ҳозир «қизил-оқлар» сафида, айниқса, Ади Хюттер қўл остида ўйнаётганимдан бахтиёрман.

- Хўш, Хюттер футболчилар билан қандай муносабат ўрнатади?

- Ўзини барчага яқин олади, ўзаро муносабатларимиз жуда илиқ. Адини катта юракка эга мураббий сифатида мақташ мумкин, у шунинг баробарида интизом масаласига енгил қарамайди асло. Асосийси, қаттиққўллик ва меҳрибонлик меъёрини унутмайди. Шахсий фикримча, жамоада унинг учун энг муҳими - футболчилар билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш.

- Тарихга назар солсак, «Янг Бойз» либосидаги деб­ютингиз айнан «Монако»га қарши ўйинга тўғри келган. Ўша учрашувни эслайсизми?

- Ҳа, албатта. Ўшанда мағлубиятга учрагандик (ЧЛ-2015|2016 мавсуми дастлабки саралаш ўйини - 1:3), лекин бунақасини унутиш мумкин эмас. Бутун вақт давомида роса қийналганимиз ҳам эсимл­да, зеро, «Монако» ўта кучли таркибга эга эди.

- Энди эса ўзингиз «Монако» шарафини ҳимоя қиляпсиз. Жамоага келишдан олдин нималар кутгандингиз ва амалда нималарни кўрдингиз?

- Ҳаммаси ажойиб! Айтганимдек, бизда ҳам спорт, ҳам муҳит нуқтаи назаридан ажо­йиб жамоа бор. Яна таркибда истеъдодли футболчилар кўп, айниқса, ёшлар орасида. Оддий ифода этганда, бугунги «Монако»да мувозанат мужассам. Тўғри, ҳар бир ўйинда концентрацияни юқори даражада ушлаб туришимиз ва натижа учун бор куч билан курашишда давом этишимиз керак.

- Мана, «Брест» билан ўйинда жамоадаги голларингиз ҳисобини ҳам очдингиз...

- Тушунарлики, гол ҳар қандай футболчига кўтаринкилик бағишлайди, унга дадиллик беради. Шундай экан, «Монако» либосида рақиб дарвозасини нишонга олганим айни муддао бўлди. Умид қиламанки, бу охиргиси эмас - маҳсулдорликни секин-аста ошириб бораман. Мухлисларни ишонтириб айтаманки, жамоага имкон борича кўпроқ наф келтириш йўлида бор имкониятларни ишга соламан.

- Эътиборли томони, биринчи голни «Луи II»га йиғилган мухлислар билан бирга нишонладингиз...

- Ҳа, бу ақл бовар қилмас онлар сифатида миямга муҳрланди. Мухлислар «Луи II» стадионида бизни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрлар, улар жамоани асло ёлғизлатиб қўймайдилар. Умид шуки, улар бизни қўллашдан сира чарчамайдилар ва ўз навбатида, ишончни оқлаш учун ўйиндан ўйинга ҳаракатни кучайтириб борамиз.

- Айтиш мумкинки, мухлислар стадионга гўзал футболдан баҳра олиш учун талпинишади...

- Шубҳасиз шундай. Очиғи, мухлислар суст ўйнайдиган жамоани қандай ёқтиришларини билмайман... Умуман, шахсий фикримча, улар аввало, севимли жамоаларини қўллаб-қувватлаш учун келишади. Агар жамоа чиройли футбол кўрсатса ва кўп гол урса, мухлислар чинакамига роҳатланишади ва бу уларнинг миссияларини ҳам осонлаштиради.

- «Монако» учун биринчи голни «иккинчи қават»даги курашда устунлик қилиш асносида урдингиз. Мураббий эса бу масалада сиз билан алоҳида ҳазиллашди.

- Ҳа, озгина. Чиндан ҳам, бўйим анча баланд, лекин бош билан ўйнаш борасида унча мақтанолмайман. Шу маънода «Монако»даги биринчи голни бош билан зарба эвазига урганимдан икки ҳисса қувондим. Аслида Хюттер қўл остида олдин ҳам бош билан бир неча марта гол урганман. Шунинг учун унинг мени нега тепганини тушунолмадим. Жиддий гапирсам, жамоага янада кўпроқ фойда келтириш учун бу жиҳатни яхшилашим зарур. Албатта, мавсум давомида бош билан яна қатор голлар уришдан умидворман.

- Билишимизча, ёшлигингизда ҳужумчи ролида майдонга тушгансиз, шундайми?

- Ҳа. Адашмасам, 16 ёшгача ҳужумда ўйнаганман ва тез-тез гол ҳам урардим. Кейинчалик жамоамизда мураббий ўзгарди ва у мени ҳимояга суриб ташлади (кулади) . Очиғи, бу ўзгариш мен учун жиддий зарба бўлганди. Муҳими, янги амплуага тез мослашдим. Орадан кўп ўтмай, мураббий яна алмашди ва қанотга кўчишимга тўғри келди. Аммо ҳимояда ўйнасам, жамоага кўпроқ нафим тегиши мумкинлигини тушундим, шунинг учун бу борада мураббий билан алоҳида гаплашдим. Якунда у мени ярим ҳимоя марказига қўя бошлади. Шу-шу ўзим учун энг муносиб позицияни топдим. Зеро, ярим ҳимояда ҳаммасини бирлаштириш имкони бор - ҳимояга қарашаман ва гоҳида ҳужумга ҳам қўшиламан.

- Асосан қайси ярим ҳимоячилар ўйинидан илҳомланасиз?

- Ўтмишда Патрик Виейра мен учун марказий ҳудуднинг беназир ижрочиси саналган. Менимча, иккимизда ўхшаш жиҳатлар жуда кўп, бўйимиз ҳам деярли бир хил. Қисқаси, Виейрага ҳақиқий илҳом манбаи сифатида қараганман. Вақтида «Монако» шарафини ҳимоя қилган Яя Туре ҳақида ҳам худди шу гапларни айтишим мумкин.

- Бугунги кунгача фаолиятинизда рўй берган энг эсда қоларли воқеликни баён эта оласизми?

- Биринчи навбатда, клуб ва терма жамоадаги дебют ўйинларимни тилга оламан! Ҳар икки ҳолат футболдаги ҳаётимда алоҳида лаҳза саналади. Тушунарлики, биринчи учрашувда маълум даражада ҳаяжонланасиз, танангизда ўзгача тўлқинланишни сезасиз. Хуллас, ҳар икки даражадаги дебют алоҳида аҳамият касб этади мен учун.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади