«Динамо» ва «Қизилқум» мавсумни ўз майдонида бошламайди...

«Динамо» ва «Қизилқум» мавсумни ўз майдонида бошламайди...

ПФЛ хабарига қараганда, Суперлигага қайтган «Динамо» янги мавсумни Самарқанддаги стадионда бошлай олмайди.

Лига мутахассислари 2023 йилнинг 14 декабрь куни «Динамо» аренасида бўлиб, яна бир бор ўрганиш ишларини олиб боришди. Якуний хулосага кўра, мавжуд шароитлар Суперлига учрашувларини қабул қилишга жавоб бермайди.

«Динамо» стадиони майдонига 2012 йилда экилган Sportmaster майсаси 5 баллик тизимда паст баҳога лойиқ кўрилди: сифат - 3,5, парваришлаш даражаси - 2 ва чидамлик - 1 балл. Майдоннинг 90 фоиз қисмини қоплаган майсанинг 30 фоизи асосий рангдан фарқланади. Илдиз узунлиги - 7 см. Сувнинг ютилиб кетиш даражаси бор-йўғи 10 фоизни ташкил қилади. Бу дренаж тизимини тўлиқ янгилашни тақозо этади. Майдонда ёввойи ўтлар ҳамда зараркунандалар мавжуд. Тупроқ мустаҳкамлигига умумий 10 баллдан 1 баҳо берилди. Қолаверса, «Динамо» стадионида майдонни парваришлаш учун зарур техникалар йўқ. Энди «Динамо» клуби 10 январга қадар Суперлига ўйинлари учун бошқа стадион топиб, 3 томонлама келишув имзолаши лозим. Самарқанд клуби эса уй аренаси майдон ва трибуналарда созлаш ишлари бошланишини маълум қилди. Хуллас, «Динамо» стадиони апрель ойига қадар ёпилди.

«Қизилқум» ҳам шундай камчиликлар борлиги учун Навоийдаги «Ёшлар» спорт мажмуасида Суперлига учрашувларини ўтказолмайди. 2023 йилнинг 15 декабрь кунги текширувларда стадион майдони Суперлига талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди. Демак, «Қизилқум» ҳам 10 январгача янги стадион танлаши ва бу борада 3 томонлама келишувни расмийлаштириши зарур.

Шунингдек, Суперлигада майдон парвариши учун техникаси йўқ клублар рўйхати эълон қилинди. Талаб этилган 7 турдаги техника фақат «Пахтакор» ва «Бунёдкор» стадионларида тўлиқ мавжуд. «Истиқлол», «Марказий» (Қарши), ОКМК, «Локомотив», «Ёшлар» СМ стадионларида эса техниканинг 5 тури бор. «Бобур Арена», «Жар», «Бухоро» СМ, «Динамо», «Металлург», «Сурхон» каби ареналарда эса ҳозирга қадар майдон парвариши учун техника сотиб олинмаган. «Сурхон»да қурилиш ишлари давом этмоқда. Клуб раҳбарияти майдон парвариши учун зарур техникаларни харид қилишга ваъда берган. 
maydon1.jpg

Лига талаби билан Про лига вакили «Машъал»нинг уй стадиони прожекторлари янгиланди. 2 январь куни «Баҳром Вафоев» аренаси прожекторлари ўртача 1700 люкс ёруғлик бераётгани аниқланди. Бироқ шартномага кўра, прожекторларни ўрнатиш билан шуғулланган компания ёруғлик 1800-2000 люкс атрофида бўлишини таъминлаши керак. Демак, Муборакдаги стадионда бу борада ишлар давом этади.