Ферран Торрес: «Кўз тегмасин, ҳозир энг яхши ҳолатдаман»

Ферран Торрес: «Кўз тегмасин, ҳозир энг яхши ҳолатдаман»

Испаниялик иқтидорли ҳужумчи Ферран Торрес 21 январь куни «Барселона» сафида 100-ўйинини нишонлади.

Диққатга сазовор томони, у «Бетис»га қарши кечган сафар ўйинида «хет-трик»ка эришиб, юбилей шарафига муносиб совға ҳозирлади. «Барселона» расмий сайти вакиллари эса учрашувдан кейин Ферранни алоҳида табриклаб, қувончли кунида ундан интервью олишди. Ҳужумчи суҳбат давомида ажойиб спорт формаси ва ақлий ривожланиши ҳақида гапирди, яна «акула» лақабига муносабат билдирди.

- 100та ўйин маррасига эришиш сиз учун нимани англатади?

- Бу бир орзунинг ушалишидир. «Барселона»га ўтишнинг ўзи орзу эди, энди жамоа либосида 100та ўйин... Табиийки, бағоят хурсандман, клубга имкон қадар ёрдам бериш ва «Камп Ноу»да кўп йиллар қолишдан умидворман.

- Сиз учун қайси онлар энг қадрлиси?

- Жароҳат ва узоқ давом этган мажбурий танаффусдан кейин «Сан-Мамес» стадионида урган голимни биринчи ўринга қўйган бўлардим. Албатта, биз ютган икки соврин - мамлакат суперкубоги ва Ла Лига чемпионлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Учинчиси эса... Йўқ, буниси лаҳза эмас, балки мавсумнинг бошланиши. Бинобарин, энг яхши спорт формасига кириб олдим, менталитетим ўзгарди, ўйин вақти учун кечган кураш қийинчилигини енгиб ўтдим. Оддий айтганда, ҳаммасини ўзгартириб, кўпроқ имкониятга эга бўла бошладим ва энди улардан унумли фойдалансам, бас. Доим атрофимдагиларга бир гапни такрорлайман: «Имконсиз ишнинг ўзи йўқ ва агар ўз устингизда қаттиқ шуғуллансангиз, муваффақиятга эришасиз, охир-оқибат».

- «Барселона» учун 25та гол уришга улгурдингиз ва бош мураббий Хави давридаги иккинчи тўрурар бўлиб турибсиз. Хўш, у билан муносабатингиз қандай? Айтингчи, Хави фаолиятингиз учун айнан нима қилди?

- Аввало, клубга олиб келди, салоҳиятимга ишонди ва мени лойиҳанинг бир қисмига айлантирди. Нафақат ундан, балки бутун мураббийлар штабидан бағоят миннатдорман. Мана, ҳар бир мутахассиснинг ўз йўналиши бўйича қўллаб-қувватлаётгани майдонда ҳам акс эта бошлади. 

- Саламанкада гол уриб, ўтган мавсумдаги шахсий натижангизни такрорладингиз. Кейин «Бетис» дарвозасини 3 марта нишонга олдингиз - шу «хет-трик» билан жорий мавсумда урган голларингиз сони 11тага етди. Ўзингизга ишонч ортганини баралла таъкидлаш мумкинми?

- Ҳозир бутун фаолиятим давомидаги энг яхши спорт формасидаман. Ҳар ҳолда, ҳеч қачон ўзимга бунчалик қаттиқ ишонмаганман. Айниқса, руҳий жиҳатдан анча кучайдим.

- Ортда қолган шаклланиш жараёни қанчалик муҳим, менталитет-чи? 

- Ҳамма гап менталитетда эканлигини англаганимга анча бўлди. Бу ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида ўзингни яхши ҳис қилишинг учун жуда зарур саналган ишончни яратади. Шунингдек, қаттиқ ишлаш, камтар ва изчил бўлишга ҳам замин ҳозирлайди. Оддий айтганда, менталитет бошқалардан ажралиб туришингга ёрдам берадиган интизом асосидир.

- Индивидуал менталитет жамоага қандай сингдирилади? Умуман, сизнинг тажрибангиз руҳий ҳолати паст футболчиларга ижобий таъсир кўрсатиши мумкинми?

- Албатта, жамоа бирлигини сақлашга ҳисса қўшишни хоҳлайман. Баъзан ҳазиллашаман, ўз тажрибам билан ўртоқлашаман. Ҳа, ҳали ёшман, лекин шукрки, мавсумнинг мураккаб қисмини қандай енгиб ўтиш борасида тажрибам йўқ эмас. Умуман, клубда ҳамма бир-бири учун қайғуради ва буни кўриш кучингизга куч қўшади.

- Хўш, Ферран Торрес «Барса» либосидаги 100та ўйинда нечоғли ўзгарди?

- Ҳозир бутунлай бошқачаман. Ҳам шахс, ҳам футболчи сифатида. Айниқса, муаммоларни ҳал қилишга ёндашув ўзгарди. Табиийки, 2,5 йил ичида кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Такомиллашиш жараёни тўхтамайдиган «Барселона» каби клубларда эса ўрганиш янада осонроқ. Тўғри, талаб ҳам қатъий: ҳар куни тинимсиз ўрганишингиз ва такомиллашиб боришингиз шарт.

- 2 йилдан кейин қаерда бўлишни хоҳлардингиз?

- Ушбу жамоада қолиб, унга совринлар ютишда қўлдан келганича  ёрдам беришни истардим.

- «Акула» лақабига муносабатингиз қандай, бу борада ҳазиллар кўпми?

- Бошида ҳамма ҳазиллашарди, энди  бу оддий ҳолатга айланди. Такрорлайман, менталитет жуда муҳим ва жамоадошларим мени ўрнак сифатида кўрсатишади. Мураккаб вазиятдан чиқиб кетишни уддалаганим ва бош­қаларни ҳам худди шундай йўл тутишга ундаётганимдан келиб чиқсак, лақаб чакки эмас, тўғрими? 

МУҲАММАДХОН тайёрлади