Футбол ва иқтисодиёт: АПЛ – бу Суперлига!

Футбол ва иқтисодиёт: АПЛ – бу Суперлига!

Дунё футболидаги энг бой 20та клубдан 11таси Англия элит чемпионатидан

Deloitte аудиторлик компанияси 19 январь куни топ-клубларнинг молия­вий ҳолатини ўз ичига олган йиллик ҳисоботини эълон қилди. Табиийки, унинг энг қизиқарли томони - даромад боби. Бу борада АПЛ клубларининг устунлиги янада яққолроқ кўзга ташланяпти. Энг сердаромад 20та клубнинг 11таси АПЛ иштирокчиси эканлиги барчасини кўрсатиб турибди. Ҳаттоки, «Лидс» ҳам элит рўйхатда!

*** Ҳисоботга кўра, 20та клубнинг умумий йиллик даромади 9,2 млрд. еврони ташкил этди. Бу мавсум-2020/2021 кўрсаткичига нисбатан 13 фоиз кўпдир. Бундан ташқари, клубларнинг умумий тижорат даромади 8 фоизга ошган (3,5 миллиард евродан 3,8 миллиард еврога). Рейтингга тушган клубларнинг ўртача даромади 462 миллион еврога ўсди (ўтган мавсумдагига нисбатан 51 миллион евро кўп). Тўғри, 2019 йилги рекорд ҳамон ўз ўрнида - 464 миллион евро.

*** Deloitte молиявий ҳисоботни кенг оммага эълон қила бошлаганидан буён элит рўйхатга тушганларнинг ярмидан кўпини илк марта 1та мамлакат клублари ташкил этди. Яъни 20та жойдан 11таси АПЛ вакиллари билан тўлдирилди: «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «МЮ», «Челси», «Тоттенхэм», «Арсенал», «Вест Хэм», «Лестер», «Лидс», «Эвертон» ва «Ньюкасл». Энг сердаромад 30та клуб ичида эса АПЛдан 16та вакил бор!

*** «Манчестер Сити» қаторасига иккинчи йил пешқадам сифатида қайд этилди. Шунинг­дек, «Реал» (2-ўрин), «Челси» (8-ўрин) ва «Интер» (14-ўрин) клублари ҳам ўтган йилги позициясини сақлаб қолди. Бошқа жамоалар ўрнида ўзгариш бор. Энг қизиқ томони, «Манчестер Сити» даромад йўналишларининг ҳеч бирида етакчи эмас. Яъни ҳар бир йўналишда «Сити»дан яхшироқ натижага эга клублар бор. Қолаверса, «шаҳарликлар» «ўйин куни тушуми» бўйича атиги 10-ўринни эгалашди. Муҳими, шайхлар жамоаси барча йўналишларда нисбатан барқарор. 731 млн. евро - бу «Сити» учун рекорд кўрсаткич (ўтган йилдагидан 70 млн. евро кўп).

*** «Ливерпуль» ҳисоботнинг 26 йиллик тарихида биринчи марта 3-ўринга кўтарилди. Мерсисайд клуби «тижорат», «ТВ-улуш» ва «ўйин куни тушуми» йўналишларида ўз рекордини ўрнатди.

*** «Барселона» ва «Реал» даромад бобида ҳамон пандемиядан олдинги даражасига эришолмаяпти. Коронавирус хуружи айниқса, «Барса»га қаттиқ таъсир қилди: 2018/2019 йиллар мавсуми билан солиштирганда, Каталония клуби даромади 203 миллион еврога камайди. «Реал»да эса бу даврдаги пасайиш 43 миллион еврога тенг. Ҳар иккисида пандемия давридаги кўрсаткичлар нисбатан секин ўсмоқда, ваҳоланки, аксарият рақобатчи клублар деярли тикланишга улгурди.

*** «ПСЖ» даромад бобида коронавирус таъсиридан тўлиқ қутулди, ҳаттоки, баъзи кўрсаткичлар бўйича пешқадамликни қўлга олди (хусусан, «ўйин куни тушуми» йўналишида). Эътиборга молик факт: Париж клубида маош миқдори умумий даромаднинг 111 фоизига тенг. Элит рўйхатга кирган бошқа бирор жамоа­да маош суммаси даромад миқдоридан ошиб кетмаган. Тўғри, «Ньюкасл» ва «Эвертон»да бу кўрсаткич 95-96 фоизни ташкил қилмоқда.

*** Мавсум-2018/2019дан буён кучли 10талик таркиби илк марта ўзгарди: «Арсенал» ўтган йилги рейтингда 10-ўринни эгаллаган «Ювентус»ни ортга сурди.

*** «Лидс» мавсум-2002/2003дан буён илк марта кучли 20таликка кирди - 18-ўрин.

*** «Зенит» 2 йил ичида биринчи марта нафақат энг сердаромад 20та, балки 30та клуб қаторидан ҳам тушиб қолди.

*** Тарихда илк марта аёллар клублари даромади ҳам таҳлил қилинди. Кучли учлик: «Барселона» (7,7 миллион), «МЮ» (6 миллион) ва «Манчестер Сити» (5,1 миллион).

*** АПЛ клублари устунлиги «ТВ-улуш» кўрсаткичи туфайлидир. Deloitte баёнотига кўра, фақат Англия лигасида медиаҳуқуқлар сотуви даромади ошди. Айни пайт АПЛда хориждан оқиб келаётган пул миқдори ички бозор улушидан кўпдир. «Ҳозир битта савол бор: бошқа лигалар хорижда ТВ-ҳуқуқлар баҳосини кўтариш эвазига бўшлиқни тўлдирадими ёки АПЛ рақобатда деярли дахлсизлигича қолади?» - дейди Deloitte гуруҳининг етакчи ҳамкори Sports Business Group вакили Тим Бриж. Факт шуки, «ТВ-улуш» даромади бў­йича кучли 10таликда АПЛнинг 7та клуби бор.

*** Умумий даромаднинг ўсиши мухлисларнинг стадионларга қайтишганига ҳам боғлиқ. Пандемия ўтмишда қолди. «Ўйин куни тушуми» йўналиши (чипталар ва атрибутлар сотуви) даромади Европада стадионлар қайта очилгани ортидан 111 миллион евродан 1,4 миллиард еврога кўтарилди. Бу йўналишда «ПСЖ» устунликни қўлга олиш ҳаракатини 10 йилча олдин бошлаганди. Ўшанда Париж клуби трибунадаги 1та ўриндиқдан ўртача ҳисобда 2100 евро топарди. Клубда янада ўсиш кузатилишини кутишмоқда. «ПСЖ»нинг чипталар сотуви ва «Парк де Пренc»даги турли хизматлар ортидан йил сайин кўпроқ пул топаётганида Лионель Мессининг роли ҳам бор, албатта, аммо у асосий «фигура» эмас.  
apl1tv.jpgapl11.jpg

*** «Тоттенхэм» кўрсаткичига янги стадион таъсир қила бошлади. Клуб пандемиядан олдин очилган аренадан узоқ вақт тўлиқ 100 фоиз фойдаланолмаганди. Бу борада Италия клублари жуда камтарона кўрсаткичга эга. Андреа Аньеллининг Суперлига иштиёқида ёнгани сабабларидан бири ҳам шу.

*** Тижорат даромади ҳам ўсмоқда ва бу ТВ-ҳуқуқлар улуши қисқариши ўрнини қоплайди. Ўсиш фоизи сезиларли, бунда яна «ПСЖ» пешқадам (Мессининг роли жуда катта). Тўғри, «ТВ-улуш» йўналишидаги энг сердаромад клублар рейтингида вакиллар сони бўйича Англия устун, барибир. «Тижорий ҳамкорлар, мухлислар ва сармоядорларнинг АПЛга қизиқишлари ҳар қачонгидан-да юқори, - дейди Тим Бриж. - Бу оптимистик прогнозлар беришга асосдир. Англияда бой клублар янада кенг қулоч ёйиши ва бутун футбол тизими ривожланиши эҳтимоли ҳам, имконияти ҳам катта».

Прогноз

- АПЛ яқин мавсумларда молиявий қудрати ва устунлигини йўқотмайди. Ҳозир АПЛнинг 20та клуби ҳам рейтингнинг кучли 30талигига қачон кириши ҳақидаги савол ўринлироқ... Сэм Бур (Deloitte ҳисоботи муаллифларидан бири).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади