Футболимизни шу пайтгача мундиал орзуси азоблади

Футболимизни шу пайтгача мундиал орзуси азоблади

Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви иккинчи бўлимини «Матч-ТВ»да кўрдик.

Бунда россиялик шарҳловчиларнинг ўйинга муносабатлари қандай бўлишига қизиқдик. Умуман олганда, шарҳ маъқул. Лекин унда биз кутган холислик етишмади. Нурсиз дуранг қайд этилган ўйин шарҳида рус ҳамкасбимиз миллий жамоамиз ҳужум чизиғига нисбатан «Пассивная атака» бирикмасини қўллади. Гўё россиялик футболчилар Сречко Катанец жамоаси дарвозасига бирор гол уриб, ишни қойиллатиб қўйишгандек. Ҳар икки томон ўзига яраша ҳужум уюштирди, ҳимояда тартибли ўйнади.

Умуман, ўйинда рақибларнинг дурангга мойил ҳаракатланишгани яққол сезилди. Айниқса, Элдор Шомуродов ва Ҳожимат Эркинов захирага олингач, кўплаб мухлислар кўнглидан шундай фикр ўтди. Лекин хорижда тўп сураётган икки футболчининг захирага олиниши ва сардорлик боғичи Отабек Шукуровга ўтиши миллий жамоамиз ўйинига сезиларли ижобий кайфият бағишлади. Якунда «Спорт-ТВ»га қайтганимизда, Отабек «Момент создавать қилиш» ҳақида сўзлаётган экан. Унда фидойилик туйғуси ўта кучли! Ҳар доим майдонда жон-жаҳди билан, бор имкониятини ишга солиб тўп суради, мухлисларни қувонтиришга интилади! Шундай ажойиб футболчи нега «Момент соз­давать қилиш», дея вулгар сўзлайди - тушунарсиз. Кези келганида қайнаб чиққан ҳақиқий ўзбек мураббийлари ва футболчилари соф она тилимиз эмас, балки кўпроқ русча сўзлардан фойдаланишлари мухлисларнинг ғашига тегишини таъкидлаш жоиз. Отабек Шукуров Туркияда юриб, русча сўзларни унутмаган бўлса, Ҳожимат Эркиновдан хафа бўлиш ноўрин. Ҳарқалай, бу мавзуни мавсум давомида, ўйинлар роса қизиган пайт ёритмадик. Мулоҳазалар ёзиш жараёнида футболимиз муҳитидаги она тилимизга эҳтиром масаласи жуда ночор эканлигини ёзсак бўларди, лекин жуда хоҳласак-да, ўзимизни тийдик. Мавриди келишини кутгандик. 

Қарангки, оғриқли мавзуга қисқача тўхталиш Россия термасига қарши ўртоқлик учрашуви пайтига тўғри келди. Бунга Отабек Шукуровнинг ўйиндан кейинги интервьюси сабаб. Ўйлаймизки, биз энг кўп қўллаб-қувватлайдиган ва таърифлайдиган ажойиб футболчи мавзуни айнан унга боғлаб ёритганимизни тўғри тушунади. Зеро, русча сўзларни аралаш-қуралаш ишлатишга мойиллик - футболимиз муҳитига хос умумий хасталик. Бундай эътиборсизликнинг илдизи футбол мактабларидаги тарбияга тақалади. Тушунамиз, футбол мактабларида бошқа миллатга мансуб мураббийлар ўрни сезиларли даражада ва ёш истеъдодлар уларнинг нутқи таъсирида вояга етишлари табиий. Бироқ бундай ҳолат ўзбек оиласида туғилиб-улғаётган футболчилар нутқида учрайдиган ва ғашга тегадиган, ноўрин ишлатиладиган русча иборалар бўлишини оқламайди.

 Яқиндагина Самарқандда туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилди, ундан аввалроқ ўзбек тили байрами нишонланди. Бизнингча, футболчиларимиз она тилимизда тоза сўзлашга интилишса ва дейлик, Игорь Сергеевга ҳам ўзбекчани ўргатишса, бу ҳол миллий жамоамиз ўйини сифатини, савиясини оширади. Барибир, ҳаммасининг аввали - маънавият. Маънавиятсиз футбол билан юксакликка кўтарилиш мушкул. Она тилида тоза ва равон сўзлаш эса - юксак маънавият кўзгуси. Биламиз, аксарият футболчиларимиз қишлоқ муҳитида улғайишган ва улар вояга етган хонадонларда русча сўзлар деярли қўлланилмайди. Демакки, футболчиларимиз агар хоҳлашса, миллий жамоамиз муҳитида том маънода ўзбекона кайфият, она тили руҳини ярата олишади. Эҳтиёж туғилганда эса русча, арабча, туркча ёки инглизча сўзлаб, ўзга миллат вакилларини қойил қолдиришсин - бунга қаршилигимиз йўқ асло! Фақат кераксиз вазиятда, эҳтиёж сезилмаса ҳам, русча сўзлардан фойдаланиш масаласига эътибор қаратяпмиз, холос! Футболни байналмилал ҳодиса сифатида баҳолаб, она тилини бузиб ишлатиш асло ярашмайди. 

Муҳтарам мухлис! Ўртоқлик учрашуви мавзусидан бирданига футболчиларимиз нутқи билан боғлиқ муаммога ўтиб кетганимиз учун узр. Вазият шуни тақозо қилди. «Ўртоқлик» эса биз кутган даражада кечмади. Aммо бу фикр миллий жамоамиз ўйинидаги ўсиш жараёнига соя солмайди. Футболчиларимизнинг Россия термаси билан тенгма-тенг ўйнашгани қувонарли! Очиғи, жамоа­миз ютқазганида, Қатар мундиалининг биринчи ўйини мухлисларга татимасди. Ўртоқлик учрашувини кузатиш асносида мухлислар кайфиятида яққол кўзга ташланган бир жиҳатни айтмасак бўлмас. Эътибор берган бўлсангиз, уларда ЖЧ-2022 армони билан боғлиқ аламзадалик кузатилмаяпти! Бошқача айтганда, мухлислар вазиятни холисона баҳолашяпти. Aста-секинлик билан бўлса-да, шундай бос­қичга етдик. Баъзан миллий жамоамизнинг мундиал йўлланмасини қўлга киритолмаслигига фожиа сифатида қарадик, бу жараённи ҳаёт-мамот жанги қабилида таърифладик. Ваҳоланки, мундиал йўлланмасини қўлга киритган ўнлаб терма жамоалар ҳали-ҳануз бирор каромат кўрсатиб, ўз ишини қойиллатгани йўқ! Ҳатто, анчайин кўҳна Уэльс термаси ЖЧ-58дан буён, 64 йиллик танаффусдан кейин яна мундиалда қатнашмоқда. Бу маълумотни таскин-тасалли учун келтирмаяпмиз. Шунчаки, вазият ва муҳитни тўғри баҳолаш - футболимиз тараққиёти учун янги имконларни очишини ҳис қилсак, буни англасак, бас! Уэльс термаси - салкам бир ярим аср давомида футбол бутун вужудига сингиб кетган жамоа. Танглайи футбол билан кўтарилган шундай жамоаки, мундиалда эндигина иштирок этмоқдами, демак, бу жараён осонликча юз бермайди. Aна, имтиёз орқа­ли мундиалда қатнашаётган Қатар термаси биринчи ўйинда қандай қийналганига гувоҳ бўлдик. Мундиалда иштирок этиш Қатар термаси учун ҳали анча эрта, чоғи. Эквадор термасики, мундиалга астойдил ҳозирланган Қатар футболини мушкул аҳволга солди - кейинги ўйинларда мезбон жамоанинг аҳволи не кечишини тахмин қилиш ҳам қийин.

Билганимиз - миллий жамоамиз ўсиш, улғайиш жараёнида! Насиб қилса, футболимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилиб, яна ҳам улғайиб, ҳаммасига тайёр бўлади. Шундан кейингина жамоамиз мундиал сари боради ва ўзбек футболи бошини баланд кўтаради.

Муҳаммад ВАЛИ