«Кальяри» клуби Шомуродов трансферини расман эълон қилди

«Кальяри» клуби Шомуродов трансферини расман эълон қилди

Демак, «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2023/24 йилги мавсумни Италия А Серияси дебютанти «Кальяри» сафида ўтказади.

Рим клуби расмий сайти ўзбекистонлик 28 ёшли ҳужумчи «Кальяри» клубига бир йиллик ижара (сотиб олиш ҳуқуқи билан)га берилганини эълон қилди. 
Инсайдер Жанлука Ди Марциога кўра, «Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида келишган. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади.
Аввалроқ, Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Футболчи 2021 йил «Женоа»дан 17 миллион евро эвазига Рим клубига трансфер қилинганди. 

Эслатиб ўтамиз, италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис Клаудио Раньери январь ойида «Кальяри»(Сардиния ороли) бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди