Косонсойга ҳам катта футбол қайтар...

Косонсойга ҳам катта футбол қайтар...

ПФЛ директори Диёр Имомхўжаевнинг «Телеграм»даги каналида ёзишича, «Навбаҳор-фарм» бу йил Наманган эмас, Косонсойда ўйнаши мумкин эди.

Лекин бунинг учун аввало, стадионни тўғрилаш талаб этилади. Лига раҳбари шунинг баробарида ОЧЛ квоталари масаласига ҳам тўхталди.

***  

- «Навбаҳор-фарм» Про лига доирасида Косонсойда тўп суриши таклиф сифатида киритилди. ПФЛ Косонсойдаги майдон ҳолатини ўрганди. У Про лига талабига мутлақо жавоб бермайди. Наманган вилояти ҳокими 2023 йил давомида стадионни реконструкция қилишга ваъда берди. Унга қадар «Навбаҳор-фарм» асосий жамоа билан битта майдонни бўлишиб туради. Режа тўла амалга ошса, 2024 йилдан Косонсойга ҳам катта футбол қайтиши мумкин. Ишонамизки, стадионни таъмирлаш ишлари барча талабларни инобатга олган ҳолда олиб борилади. 
Айтганча, Косонсой марказий ўйингоҳи реконструкция қилинадиган бўлинди. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаковнинг Косонсой тумани марказий ўйингоҳини қайта реконструкция қилиш ташаббуси ортидан бугун ўйингоҳда таъмирлаш ишлари бошланмоқда.
Стадиондаги камчиликларни аниқлаш мақсадида бугун, Наманган вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев, Наманган футбол ассоциацияси 1-вице президенти Шуҳрат Мирхолдоршаев, Косонсой туман ҳокимининг ўринбосарлари Элмурод Тошпўлатов ҳамда Абдурауфжон Худойбердиев ушбу майдон ҳудуди билан танишдилар. 
Мутахассислар томонидан ўйингоҳ чимини агрегация қилиш ишлари бошланди.
Стадионнинг бугунги ҳолати ва амалга оширилиши керак бўлган ўзгаришлар ҳақида гаплашилди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди

***  

- ЎФА президенти ва биринчи вице-президенти масаласида фикр беришда битта фарққа эътибор қаратиш нисбатан тўғри бўлади. ЎФА президенти жамоатчилик асосида фаолият олиб боради, ташкилот ривожи учун катта туртки беради ва табиийки, хизматлари учун маош олмайди. У давлат арбоби сифатида ҳукуматнинг спортдаги қарашлари ва принципларини ифода этади. Унутмаслик керакки, Ўзбекистон шароитида ҳукумат футболга жуда катта ёрдам беради. Мамлакатимиздаги барча катта клублар ҳамда футбол мактаблари бевосита ҳукумат қарорлари билан молиялаштирилади. Шундан келиб чиқиб, давлат барча механизм миллий терма жамоани кучайтириш йўлида хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайди ва бунга ҳақли ҳам.   

ЎФА биринчи вице-президенти эса ташкилотда штат асосида фаолият олиб боради, хизмати учун ҳақ олади. У футбол одами сифатида ФИФА ҳамда соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар белгилаб берган аниқ нормалар ҳамда ҳукуматимизнинг футболдаги иродаси бир-бирига мутаносиб келишини таъминлаши шарт. Унинг позицияси ҳамда стратегияси футболни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. 

Мана шу икки қутб ўртасидаги муносабатларни тушунишга осонроқ бўлиши учун дипломатия десак тўғрироқ. У доимо ён бериш орқали (!) ўз принциплари, манфаатларини ўтказа олиши керак. Манфаат деганда футболникини назарда тутдик. Айнан футбол манфаатини. 

*** 

- ОЧЛга 1та ва ОФК кубогига 1та йўлланма. Ҳа, бу биз учун кам. Квоталар сонини йилдан-йилга ошириб бориш эса ўз қўлимизда. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.  

ОФК квоталар белгилашда сўнгги 4 йиллик натижаларга эътибор қаратиб келаётганди. Бунинг натижасида 2023/2024 йиллар мавсуми учун «2+2» квотасига эга чиқдик. Ҳозирги ҳолатда «Ғарб» минтақасида Саудия, Эрон ва Қатардан ортдамиз. 2024/2025 йиллар мавсумидан эътиборан ОФК квота ажратишда сўнгги 8 йиллик натижаларга эътибор қаратади. Оқибатда БАА ҳам биздан ўзиб кетади. Чунки тахминан 2014-2017 йиллар давомида клубларимиз халқаро майдонда жуда суст иштирок этган. Ҳисоблаш эса 2015 йилни ҳам назарда тутади. Пандемия сабаб 2020 йил ҳисобга киритилмайди. Февраль ойида «Насаф», августдан «Навбаҳор» ва АГМК, сентябрдан «Пахтакор» ва «Насаф» ОЧЛда муваффақиятли иштирок этишига тилакдошмиз. Бу эса квоталаримиз сонини оширишга ёрдам бериши мумкин. Ҳозирги ҳолатда эса БАА ҳам анча илгарилаб кетган. 

Ўша 2014 йиллардан бошлаб, лицензиялаш жараёнига паст назар билан қараганмиз, футбол клубларимизни том маънода профессионал даражага кўтаришда кўзбўямачилик билан машғул бўлганмиз. «Футбол шарҳи», «Соккер клуб» каби дастурлар, «Эрудит-спорт» газетасидаги мақолалар бежизга яхши кўрилмаган. Чунки ўша вақтлардаги ҳолат уларда ифода этилган. Ҳақиқий ҳолатимизни аниқ тан олишимиз ва кейинги режаларни шунга қараб мослаштиришимиз шарт. Бироқ афсуски, бугун SMS-хабар ёзган шахслар Аббос Файзуллаевнинг ОЧЛда эҳтимолий Роналдуга қарши ўйнашидан кўра, унинг U-20 тоифасидаги Осиё чемпионатида тўп суришини кўпроқ истамоқдалар. Бу эса бизга потенциал Шомуродовларни эмас, бир неча йил йўқолиб қолиб, кейин катта қийинчилик билан оёққа турадиган Искандеровларни тақдим этиши ҳақиқатга яқинроқ. Келажак авлод биздан ранжимаслиги учун ҳам ҳушёр тортишимиз шарт.