Москва клуби вакили Ҳожимат Эркинов ушбу учрашувда ҳам бошланғич таркибдан жой олди ва 81-дақиқагача ҳаракатланди. Ҳамюртимиз ўйиндан сўнг ҳаракат борлиги, аммо натижа чиқмаётганини афсус билан тилга олди: «Роса ҳаракат қилдик, бор кучни ишга солдик, бироқ самараси кўринмади. Ваҳоланки, тайёргарлик максимал даражада эди, афсус, яна ўхшамади. Учрашув бошида ёмон ҳаракатланмадик, назоратни ушлаб турдик, бироқ рақиб голидан кейин режа ишламай қолди...». «Нижний Новгород» эса ўз майдонида «Ростов»га бас келолмади - 3:4. Жамоа сафидаги легионеримиз Иброҳимҳалил Йўлдошев танаффусга қадар майдонда тўп суриб, 30-дақиқада сариқ карточка олди.
Ҳуқуқий жиҳатдан «Спар-так»ка тегишли ярим ҳимоячи Остон Ўрунов фаолиятини «Химки»да давом эттириш учун маошининг пасайтирилишига рози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Москва вилояти жамоаси якунда ҳамюртимизни ўз сафига олиш фикридан қайтди. Охирги маълумотларга қараганда, 21 ёшли легионеримиз «Спартак» билан шартномани бекор қилиш учун чамаси 2 миллион евро сўрамоқда.
Италия. «Рома» Элдор Шомуродовни «А» серия қайдномасига киритди, гарчи унинг жамоадан кетиши кутилаётган бўлсада. Ҳар ҳолда, бугун (16 август) Рим клуби ва ҳамюртимизга асосий даъвогар «Болонья» вакиллари ўртасида ҳал қилувчи учрашув бўлиши ҳақида хабарлар чиқди. Эслатиш керак, болоньяликлар ҳамюртимизни 1 йил ижара келишуви асосида ўйнатиб, кейинчалик натижаларига қараб, трансферини 10 миллион еврога сотиб олмоқчилар. «Рома» эса «Болонья»га харид мажбуриятини юклаш баробарида трансфер суммаси 13-14 миллион евро бўлишини хоҳламоқда. Шунингдек, «Трабзонспор» ҳам Шомуродов масаласида ижара шартномаси тузишга тайёр. Турк жамоаси 27 ёшли ҳужумчимизнинг 1 йиллик ижараси учун 1 млн. евро таклиф қилди. «Сассуоло» спорт директори Жованни Росси эса клубнинг Элдорга даъвогар эканлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди: «Сассуоло» ҳеч қачон Шомуродовни сотиб олишга қизиқмаган. Ҳозир ҳам бу ҳужумчининг трансфери биз учун қизиқ эмас». Инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича эса, Лига 1 (Франция) иштирокчиси«Ницца» ҳам Ўзбекистон терма жамоаси футболчисига қизиқмоқда.
«Рома»нинг «А» серия 1-туридаги ўйинига келсак, «бўрилар» Салернода «Салернитана»ни ягона гол эвазига мағлуб этишди. Шома эса ўйин қайдномасидан жой олди, фақат иайдонга тушмади.
Беларусь. «Энергетик-БГУ» Олий лига 17-турида «Торпедо-БелАЗ»га айтарли қаршилик кўрсатолмади - 0:4. Шу куни майдонда 90 дақиқа тўп сурган Бобур Абдухолиқовнинг ишлари ҳам сира юришмади. Ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов эса «Энергетик» сафида 84 дақиқа ҳаракатланди. Айтганча, football.by сайтида ёзилишича, Минск клуби Бобурни мавсум якунига қадар қўйиб юбормочи эмас. Ҳамюртимизнинг ўзи ҳам ҳозирча бошқа клублар ҳақида ўйлаётгани йўқ. Айтиш жоиз, олдинроқ Абдухолиқов Россия, Германия ва Туркия жамоалари эътиборида тургани ҳақида хабарлар чиққанди.
Эрон. Теҳроннинг «Истиқлол» клуби янги мавсумни мағлубият билан бошлади. Пойтахтликлар «Сепаҳон»га айтарли қаршилик кўрсатолмадилар, боз устига, ўз майдонларида. «Истиқлол» ҳужумчиси Азиз Амонов 0:2 ҳисобида якунланган учрашувни захира ўриндиғида кузатди.
Қатар. Сардор Рашидовнинг жамоаси «Умм Салал» Юлдузлар лигаси 2-тур ўйинининг 17-дақиқасидаёқ майдонда 10 киши бўлиб қолган бўлсада, «Ал-Садд»дан очко тортиб олди. 1:1 ҳисобида якунланган баҳсда ҳамюртимиз 90 дақиқа тўп сурди. Ислом Тўхтахўжаев эса «Ал-Гарафа»да голлари ҳисобини очди. Фақат шуниси борки, «Ал-Вакра» билан ўз майдонида куч синашган «Гарафа» 1:1 ҳисобига кўнди. Муҳими, якунда Тўхтахўжаев Юлдузлар лигаси 2-турининг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар қаторидан жой олди.
Вьетнам. «Виттел» ОФК кубоги минтақавий ярим финалида «Куала-Лумпур»га пенальтилар сериясида ютқазиб (5:6), курашдан четга чиқди. «Веттел» ярим ҳимоячиси Жаҳонгир Абдумўминов ушбу омадсиз учрашувда тўлиқ вақт тўп суриб, 89-дақиқада огоҳлантирилди.