МАЪЛУМОТ: Биринчи лига мураббийлари

МАЪЛУМОТ: Биринчи лига мураббийлари

Жорий мавсумни Биринчи лига беллашувлари ҳам ўзининг қизғин баҳслари билан барчани диққат марказида бўлиб турибди

 Тўғри, икки жамоа мусобақани муддатидан олдин тарк этди. Бунга қайсидир маънода молиявий томонлама муаммолар сабаб бўлди. Шунга қарамай, қолган иштирокчилар ўз юришларини давом эттиришмоқда. Қуйида биринчи лига клубларини бошқараётган мутахассислар борасида батафсил маълумот берамиз.

«АНДИЖОН-2»

Ўзбекистон кубогида «Олимпик» клубини мағлубиятга учратиб, катта сенсация кўрсатган ушбу жамоани маҳаллий мутахассис Шоҳруҳ Ишанов бошқармоқда. Асосан ёшлардан ташкил топган жамоа шу тариқа давом этадиган бўлса, тез орада кўплаб ёшларни Суперлига ва Про лига жамоаларига етказиб беришса ажабмас. Ишановга тажрибали мутахасис Нозим Муллаохунов ҳам кўмак бермоқда. Шунингдек, Азизбек Обабакиров ҳам мураббийлар штабидан ўрин олган.

«АРАЛ»

Яхши ҳомийга эга бўлган ушбу жамоа ҳам натижалари билан ёдда қолмоқда. Мақсад - Про лигага йўл олиш ҳисобланади. Шу боисдан жамоа бошқарувига тажрибали мутахассис Неъматилло Қутибоев таклиф этилган. Қутибоев ёшлар билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга шахс ҳисобланади. Унга эса собиқ ҳимоячи Айбек Нурбоев ёрдам бериб келмоқда. Жамоа мавсум якунида Про лигага йўлланма олишни жиддий мақсад қилган.

«БУНЁДКОР-ФАРМ»

Ушбу жамоани ҳам биринчи лиганинг доимий иштирокчиси дейиш мумкин. Кўзланган асосий мақсад - ёшларни тарбиялашдан иборат. Бир неча йилдан бери жамоани Миркамол Қосимов бошқариб келаётганди. Бироқ раҳбарият Қосимов ўрнига Рустам Забировни таклиф қилди. Миркамол эса унга ёрдамчи вазифасида фаолият юритади. Шунингдек, Азиз Ҳошимов ва Олег Қаххоровлар ҳам мураббийлар штабидан ўрин олишган.

«ДЎСТЛИК» (ОЛТИАРИҚ)

Анча йиллардан кейин олтиариқликлар ҳам фаолиятини биринчи лигада давом эттиришмоқда. Яқинда жамоа мусобақани тарк этиши мумкин эди. Бунга молиявий томондан юзага келган муаммолар сабаб бўлган. Ҳозирда жамоани собиқ футболчи Умид Боқиев бошқаряпти. Асосан ёшлар ва маҳаллий йигитлар кучига шаклланган «Дўстлик» натижалари ҳам чакки эмас. Ҳозирда Боқиевга Ҳаким Файзиев ва Азизбек Қодировлар яқиндан ёрдам беришмоқда.

«НАВБАҲОР-ФАРМ»

Наманганликларнинг ушбу жамоаси ҳам мавсумни ёмон ўтказаётгани йўқ. Рашид Ғофуров асосан ёшларни тарбиялаб келяпти. Вазифа тушунарлики, имкон қадар иқтидорлиларни асосий жамоа ва ёшлар таркибига етказиб беришдан иборат. Унга эса яқиндан Қаҳрамон Исабоев ёрдамлашиб келяпти.

«НАСАФ-ФАРМ»

Қаршиликлар тизими жуда яхши ишлаши билан танилган. Шу боисдан жорий йилда биринчи лига учун фарм-клуб қўйилди. Бош мураббий сифатида Элёр Мойлиев жалб қилинган. Унга эса собиқ футболчи Кенжа Тўраев ёрдамлашмоқда. Жароҳатлар туфайли фаолиятини эрта якунлаган Кенжа ёшлар билан ишлаб, тажрибасини оширмоқда.

«ЧИҒАТОЙ»

Бу клубнинг ҳам асосий мақсади - ёшларни тарбиялашдан иборат. Шу сабабли бўлса керак, Дмитрий Ким бош мураббий этиб тайинланган. У ёшлар билан ишлаш борасида катта тажрибага эга. Бу йўлда унга ўтмишнинг машҳур футболчиси Илдар Магдеев ёрдамлашмоқда. Шунингдек, мураббийлар штабида «Металлург»нинг собиқ футболчиси Одил Исабоев ҳам борлигини таъкидлаш жоиз.

«ПАХТАКОР-79»

Уйчи тумани шарафини ҳимоя қилаётган жамоага хорижликлар ҳомийлик қилишмоқда. Мавсумни жамоа Анвар Ҳафизов қўл остида бошлаган эди. Эндиликда бош мураббий лавозимига Явар Нажафалиев таклиф қилинган. Бунга қайсидир маънода натижалар қониқарсизлиги сабаб бўлган кўринади. Унга эса Шуҳрат Ҳамидов яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

«ҚИЗИЛҚУМ-ФАРМ»

Навоийликларнинг ушбу жамоаси ҳам ёшларни тарбиялашни мақсад қилишган. Шунингдек, асосий таркибга кира олмаётган футболчиларга ўйин амалиёти тақдим этиб келинади. Кўриниб турибдики, клуб тизими кўнгилдагидек ишламоқда. Жамоани Акмал Холиқов бошқаряпти. Навоий футболининг жонкуяри ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор берган. Унга эса Ғайрат Жўраев ва Фарҳод Нуруллоев каби мутахассислар яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

«ҚУМҚЎРҒОН»

Ўтган мавсумда қумқўрғонликлар пулька ўйинлари орқали биринчи лигадаги иштирокини таъминлашганди. Олган маълумотларимизга кўра, жамоанинг қоғоздаги бош мураббийи Вали Келдиев ҳисобланади. Лекин у сафардаги баҳсларга жамоа билан биргаликда бормаслиги маълум бўлди. Бунга нима сабаблигини била олмадик.

«ЛОКОМОТИВ-БФК»

Биринчи лиганинг доимий иштирокчиси бўлган «Локомотив-БФК»да Равшан Аҳмедов бош мураббий ҳисобланади. Асосан ёшлардан ташкил топган жамоада ҳар йили мураббий алмашади. Мураббийлар қўнимсизлиги давом этаверади. Дарвоқе, Аҳмедовга Бобир Жўраев ёрдам бермоқда.

«ЮНИРЕД»

Хорижлик ҳомийларига эга бўлган «Юниред» клуби ҳам биринчи лигада иштирок этмоқда. Ҳозирда жамоани маҳаллий мутахассис Алишер Латипов бошқаряпти. Асосан ёшлардан ташкил топган самарқандликлар унча-мунча жамоага яхшигина бошоғриғи бўлишмоқда. Дарвоқе, Латиповга жамоада Сулаймон Абдуллаев яқиндан кўмаклашиб келяпти.

«ШАҲРИХОНЧИ»

Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ушбу жамоада Маҳмуд Маткаримов бош мураббий ҳисобланади. Бироқ асосий вазифани Турсунбой Ҳусанов бажаради. Ҳусановда лицензия билан боғлиқ муаммо борлиги туфайли, Маткаримов номи зикр этилади. Жамоани келгуси мавсум Про лигада иштирок этишини таъминлаш учун ушбу тандем яхши ҳаракат қиляпти.

ИЗЗАТБЕК тайёрлади