Марказий Осиё давлатлари Осиё Кубогини биргаликда ўтказишади-ми?

Марказий Осиё давлатлари Осиё Кубогини биргаликда ўтказишади-ми?

Кеча, Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) президенти Рустам Эмомали Душанбеда бўлиб ўтган конгрессда Марказий Осиё давлатлари 2031 ёки 2035 йилларда Осиё Кубогини ўтказиш учун ариза беришини айтди.

«Марказий Осиё минтақаси қачон Осиё Кубогининг финал босқичига мезбонлик қилмаган. Менимча, бу вақт келди. Ҳудудда жуда кучли жамоалар иштирок этмоқда ва ишончим комил, қардош давлатлар билан биргаликда Осиё чемпионатининг финал қисмини юқори савияда ўтказамиз. Биз 2031 ёки 2035 йилги Осиё Кубогини Марказий Осиёда ўтказиш учун қўшма ариза топширишга қарор қилдик», деди Рустам Эмомали. 

Ўз навбатида ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ол-Халифа CAFA раҳбари Рустам Эмомалининг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу мамлакатлар Осиё чемпионатига мезбонлик қилишга муносиб эканини таъкидлади. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 1-вице-президенти, ОФК Ижро қўмитаси аъзоси Равшан Эрматов CAFA президенти Рустам Эмомали ташаббуси ҳақида фикр билдирди. 

«Биз CAFA президенти Рустам Эмомалининг Осиё Кубогининг финал қисмини Марказий Осиёда ўтказиш учун ариза бериш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш учун қўшма ариза топшириш минтақамизда футболнинг барча жабҳаларини ривожлантириш йўлидаги жуда яхши қадамдир. Аввало, инфратузилма борасида мавжуд стадионларни тартибга келтирамиз, ОФК ва ФИФА стандартларига жавоб берадиган янги стадионларни қурамиз. Агар бизга Осиё Кубоги финал қисмини ўтказишга ишонч билдирилса, бизни катта футбол байрами кутаётганидан жуда руҳланамиз. Бу эса дўст ва қардош мамлакатларни футбол орқали бирлаштиради»деди Эрматов. 

2014 йил июнь ойида ташкил этилган Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) ОФК бешта ҳудудидан бирига киради. Ташкилот  давлат – Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон футбол ассоциацияларини бирлаштиради. 

Осиё Кубоги (AFC Asian Cup) Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) бошчилигида ўтказиладиган футбол бўйича Осиё миллий жамоаларининг асосий мусобақасидир. Турнир 1956 йилдан бери ўтказилмоқда. Унда Япония миллий жамоаси энг кўп – 4 марта ғалаба қозонган. 

Ўзбекистон миллий жамоасининг энг катта ютуғи 2011 йилда Қатардаги турнирда қайд этилган: Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги миллий жамоа кучли тўртликка киришга эришган. 

Навбатдаги Осиё Кубоги 2024 йил январида Қатарда бўлиб ўтади. Турнирда 24 та жамоа қатнашади. 2027 йилги Осиё Кубоги Саудия Арабистонида ўтказилади.