Мундиал тренди - ғалабани она билан нишонлаш!

Мундиал тренди - ғалабани она билан нишонлаш!

МАРОКАШЛИКЛАРГА ҲАВАС...

МАРОКАШЛИКЛАРГА ҲАВАС... Марокаш миллий жамоаси футболчилари Қатарда нафақат чиройли футбол ва сенсацион натижа, балки ўйиндан кейинги хатти-ҳаракатлари билан ҳам омма меҳр-муҳаббатига эришишди. Ғалабани дунёдаги энг мунис зот ОНА қучоғида нишонлаш - бу мағрибликлар томонидан тарғиб этилган ЖЧ-2022нинг асосий трендларидан бири!

Марокашлик қаҳрамон футболчиларнинг онани қандай қадрлаш кераклигини баралла кўрсатишгани Ғарб дунё­сини ҳам ларзага солди, гўё. Дейлик, Германия телевидениесида ЖЧ-2022 ўйинлари трансляциясида ишлаган шарҳловчи марокашлик йигитларнинг ўйинлардан сўнг ўз оналарини қучоқлаб ўпишганию, ҳар бир ўйиндан кейин сажда қилишганига алоҳида эътибор қаратди. У шунинг баробарида бундан ибрат олиш кераклигини рўй-рост таъкидлади. 

Шарҳловчи трансляция давомидаёқ бу борадаги хулосаларини баён этишга улгурди. «Нақадар оғриқли бўлмасин, тан олишга мажбурмиз: Ғарб жамиятида қалин оилавий ришталарни аллақачон йўқотдик, бунақасини кўрмай қўйдик. Энг ёмони, оила концепцияси йўқолиб бормоқда ва бунга ҳамма бепарво қарамоқда. Дейлик, футбол ўйинларидан ке­йин энг сара юлдузларнинг қайсидир модель ёки қаллиқларини ўпишлари, ғалабани уларга бағишлашлари одатий ҳолга айланди. Бу вақтда футболчиларнинг ота-оналари қариялар уйида бўлишади.

Марокаш миллий жамоасининг ғалабаларида оилавий қадриятлар, маънавий қўллаб-қувватлов катта роль ўйнагани аниқ. Биз эса бу вақтда ЛГБТни қўллаш учун оғзимизни кафтимиз билан ёпиш билан оворамиз. Ҳақиқат шуки, марокашликларга футболни биз ўргатдик, мана, улар бу борада ўзиб ҳам кетишди. Энди марокашликлардан этика ва оилавий қадриятларни ўрганишдан уялмаслигимиз керак. Шундагина қачондир бизнинг йигитлар ҳам ўйинлардан сўнг ота-оналари пешонасидан ўпиб, уларга иззат кўрсатишларига гувоҳ бўламиз».

Айтиш жоиз, Марокаш миллий жамоаси аъзолари Қатар-2022 давомида дарҳақиқат, ўз фаолиятларида оилавий қадриятлар ўрни нақадар катта эканлигини чиройли тарзда намойиш этишди. 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади