"Навбаҳор": Ҳужумчи Григалашвили кетди, ярим ҳимоячи Абуманнопов келди...

"Навбаҳор": Ҳужумчи Григалашвили кетди, ярим ҳимоячи Абуманнопов келди...

Олдин хабар берганимиздек, «Навбаҳор» клуби жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян билан тузилган амалдаги келишув узайтирилганини эълон қилди.

Унга кўра, клуб раҳбарияти қарорига кўра Самвел Вячеславович Наманган клубини 2025 йилги мавсум якунига қадар бошқарадиган бўлди.
Айтгангча, "лочинлар"нинг грузиялик легионери  Суперлига 2-давраси олдидан таркибини кучайтиришни режалаштирган «Динамо» жамоаси сафига "жўнатилди".

«Ёзги трансфер ойнаси ёпилишига бир неча соат қолганида «Динамо» клуби грузиялик легионер Элгужа Григалашвили билан келишувга эришди. Куни кеча, 29 июль куни «Навбаҳор» билан хайрлашган 32 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи бугун, 30 июль куни «Динамо» ПФК билан 1,5 йиллик шартномага имзо чекди. Унга кўра, Григалашвили 2023 йил охирига қадар жамоамиз шарафини ҳимоя қилади» - дейилади клуб хабарида.

«Динамо» Тбилиси тарбияланувчиси саналмиш Элгужа бунга қадар «Динамо» Батуми, «Торпедо» (Кутаиси), Кипр клублари, «Қизилқум», АГМК ва «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган. Грузия миллий жамоаси сафида тўп сурган. У Суперлига 1-даврасида «Навбаҳор» сафида 12 ўйинда майдонга тушиб, 3та голга муаллифлик қилганди.

Шу ўринда айтиш жоизки, «Навбаҳор» ёзги трансфер ойнасида ўз сафига яна бир янги футболчини қўшиб олди.
Клуб расмий сайти хабарига кўра, ўз таркибини кучайтиришга ҳаракат қилаётган «Навбаҳор» таркибига маҳоратли яримҳимоячи Дониёр Абдуманнопов (cуратда) қўшилган.

Дониёр жорий мавсумнинг 1-даврасини «Сўғдиёна»да ўтказиб, 11 ўйинда 4та гол муаллифига айланганди. 
Эслатиб ўтамиз, Абдуманнопов бунгача «Андижон», «Бунёдкор» ва «Энергетик-БГУ» клублари сафида тўп сурган.