НИГОҲ: Мерганларга сабоқ берган дарвозабон

НИГОҲ: Мерганларга сабоқ берган дарвозабон

ЕЧЛ гуруҳ босқичининг дастлабки кунида мухлислар унутилмас воқеа гувоҳи бўлишди - қўшимча вақт ниҳоясига етиб қолган паллада «Атлетико»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган «Лацио» стандарт вазиятга эга бўлди.

 Бурчак зарбасини амалга ошириш пайтида мезбонлар посбони Иван Проведель ҳам рақиб жарима майдончасига йўл олди. Дарвозабонларнинг сўнгги сониялардаги бундай ҳаракатлари янгилик эмас. Бироқ бундан самара чиқара олиш - тарихий воқеа. Иван ҳар қандай «ас» тўпурарни қойил қолдирадиган тарзда қулай позицияни топиб, бош зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Ҳа, жамоасига атиги 1 очко ҳадя этди. Бироқ якунда ана шу арзимас очко плеф-офф босқичининг олтин калити бўлиши мумкин.

Қизиғи шундаки, бу Проведелнинг биринчи марта касб­дошини ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этиши эмас. 2020 йил февралида у «Юве Стабия» сафида «В» сериясида тўп сурган «Асколи» дарвозасини худди шу услубда ишғол этганди. Энди навбат Иван Проведель каби снайперлик маҳоратини намойиш этган дарвозабонларга.

Оскарин Масулуке

Жанубий африкалик дарвозабоннинг 2016 йилда амалга оширган голи муҳимлиги жиҳатидан Иваннинг голига тенглаша олмайди. Лекин ижро услуби яққол устунлик қилади. Кипер ўз касбдоши дарвозасини «қайчи» услубидаги зарбаси билан забт этган, шу гол туфайли «Орландо Пайрэтс»га имкониятни бой бераётган «Барока» мувонатни тиклаганди. Албатта, бу ўта чиройли гол «Пушкаш» мукофотига даъвогарлар рўйхатидан жой олди. Бироқ ғолиблик профессионал ҳужумчи бўлмиш Оливье Жируга насиб этди.

Мартин Хансен

«Ливерпул»нинг собиқ посбони ҳам ўз фаолиятида тўпурарлик хислатини намойиш этган. 2015 йилда у Нидерландияда «Ден Хаг» дарвозасини қўриқлаган ва «ПСВ»га қарши баҳс ниҳоясида бурчакдан узатилган тўпни товони билан дарвозага тўғрилаб қўйганди.

Хосе Луис Чилаверт

Парагвайлик машҳур дарвозабон нафақат хушчақчақ табиати ва ҳазилкашлиги, балки касбдошлари орасида ўта сермаҳсуллиги билан танилган. У ўз голларини пенальтилар орқали амалга оширган. Парагвай, Аргентина, Франция ва Испания чемпионатларида 67та, Парагвай терма жамоаси сафида эса ҳанузгача рекорд мақомида қолаётган 8та гол муаллифи бўлганди. Бошқа бирорта терма жамоа дарвозабони бундай сермаҳсулликни тушида ҳам кўрмаган бўлса керак. Қўшимчасига, Чилаверт ҳисобида ҳаммасидан ўтиб тушадиган ажойиб хет-трик ҳам бор. Дарвозабон хет-триги! Тарихий сермаҳсулликни афсонавий посбон «Велес Сарсфильд» сафида «Ферро Каррил Оэсте»га қарши ўйинда қайд этган. Уччала гол пенальтидан урилган.

Рожерио Сени

Дарвозабонлар голлари хусусида гап кетганда, Рожериони рейтингга киритмасликнинг иложи йўқ. Бразилиянинг энг моҳир дарвозабонларидан бири 2015 йилгача давом этган фаолиятининг катта қисмини «Сан-Паулу» клубида ўтказган. Сенининг асосий устунлиги - дарвозабонлар ўртасида энг яхши тўпурар мақоми. Яқин келажакда уни бирон-бир касбдоши қувиб ўтиши жуда қийин. Чунки Рожерио 132та гол урган. Боз устига, уларнинг ҳаммаси «нуқта»дан урилган эмас. Боиси, Сени жарима зарбаларидан самарали фойдаланади - 61та гол!

Жимми Гласс

Энди голларнинг муҳимлиги масаласига қайтамиз. Бу борада Гласс томонидан 1999 йилда урилган гол дарвозабонлар голлари орасида энг аҳамиятлиси бўлди. Гап шундаки, бурчак зарбаси билан йўлланган тўпни Жимми голга айлантириши эвазига «Карлайлу» лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Айтганча, Гласс «Карлайлу» посбони эмас, ўшанда уни «Суиндон»дан ижарага олишганди.

Март Поом

Эстониялик посбон машҳурликка Англияда тўп суриш орқали эришди. 1999|2000 йиллар мавсумида у «Дерби» дарвозасини қўриқлаб, якунда жамоанинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлган. Фаолиятидаги энг ёрқин лавҳани эса Поом «Сандерленд»да намойиш этди. Жамоа стандарт вазиятга эга бўлганида, Март яшин мисоли рақиб жарима майдончасига ёриб кирди ва рақибларидан ярим бўйи бараварида баландроқ сакраб, дарвозани забт этди. Шу тариқа посбон энг чиройли голлардан бирининг муаллифига айланди.

Рене Игита

Сени ва Чилавертдан ташқари, Игита ҳам бунга ўхшаш барча рейтингларда қатнашиши шарт. Колумбиялик моҳир дарвозабон жуда кўп бетакрор томошаларни намойиш этган. Унинг Англияга қарши ўйиндаги «чаён зарбаси» услубидаги сэйвини мухлислар унутишмаган. Шунингдек, Игита рисоладагидек сермаҳсулликни намойиш этган. У 1995 йилда «Атлетико Насьонал» таркибида «Ривер Плейт»га қарши майдонга тушиб, жарима зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол этганди. Умуман, Игита 43та гол билан снайпер-дарвозабонлар рўйхатида 5-ўринда бормоқда. Ундан яхшироқ кўрсаткични Чилаверт ва Сенидан кейин мексикалик Хорхе Кампос (48та гол) ва перулик Хонни Вегас Фернандес (45) қайд этишган.

Али Аамада

95-дақиқа - қутқарувчи голни амалга ошириш учун энг қулай палла. 2012 йилда «Тулуза» посбони Аамада «Ренн»га қарши беллашувда жамоаси жарима зарбасини тепиш ҳуқуқига эга бўлгач, рақиб дарвозаси томон йўл олди. Бу - футболдаги одатий ҳодиса. Посбон рақиб дарвозасини ишғол этди, аммо голни тўпга ўзини аямасдан отилган ҳолда, боши билан зарба йўллаш эвазига урди. Ҳа, ўзи жароҳат олди, лекин «Тулуза»ни қутқариб қолди.

Альберто Бриньоли

Италиялик дарвозабон Али Аамаданинг жасоратини 2017 йилда такрорлади. Ўша даврда Алберто тўп сураётган «Беневенто» мавсумни 14та ўйинли мағлубиятлар серияси билан бошлаган ва топ,чемпионатлар бешлигида антирекорд ўрнатганди. Агар «Милан»га қарши беллашувда Бриньоли гол урмаганида, омадсиз серия давом этарди. Бироқ Альберто дадил ҳаракати эвазига жамоасини 15-мағлубиятдан сақлаб қолди - 2:2.

Алиссон

2021 йилда «Ливерпул»нинг ЕЧЛдаги иштироки қил устида турганди. «Вест Бромвич»га қарши учрашувнинг (1:1) 94-дақиқасида «қизиллар» посбони рақиб жарима майдончасига йўл олди. Рақиб жамоанинг ҳимоя чизиғи Алиссоннинг ташрифига етарли эътибор қаратмади. Натижада Трент Александр-Арнольднинг бурчакдан узатган тўпини у дарвозага жойлаб, жамоага сув билан ҳаводек зарур бўлган қимматли 3 очкони ҳадя этди. Дарвозабонлар голлари учун ноодатий ечим. Одатда, улар мағлубиятдан қутулиб қолиш мақсадида рақиб дарвозасига яқинлашадилар. Алиссон эса нуфузли турнир мусобақаси йўлланмасини қўлга киритиш йўлида сўнгги имкониятдан фойдаланишга қарор қилди ва ниятига етди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади