Нуқтаи назар: Ижара қоидаларида кескин ўзгариш

Нуқтаи назар: Ижара қоидаларида кескин ўзгариш

ФИФА трансферлар тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш билан маш­ғул.

2017 йили бошланган ҳаракатлар таъсирида бир қатор ўзгаришлар юз берди-бермоқда. Жумладан, футболчиларнинг жамоаларга келишлари, бошқасига ўтишларини назорат қилувчи ягона электрон тизим жорий этилди. Яқин орада ФИФА томонидан бериладиган мукофот пулини автоматизация ёрдамида тақсимланишига масъул клиринг палатаси ишга туширилиши керак. Кейин навбат агентлар улушини тартибга солиш бўйича ўзгаришларга келади: яқин келажакда воситачилар тегишли лицензияга эга бўлишлари, даромад миқдори ҳақида ҳисобот беришлари ва муайян трансфер суммасининг 10 фоизидан ортиқ пул олмасликлари талаб этилади. Тўғри, пандемия таъсири туфайли ислоҳотлар жараёни секинлашди. Дейлик, ижара келишувларига оид янги норматив-ҳуқуқий базани 2020 йилиёқ ишга тушириш режалаштирилганди. Амалда эса ҳужжат шу йил март ойида тасдиқланди. Ҳозирча фақат халқаро ижаралар кўзда тутилган, маҳаллий келишувлар қоидасини эса миллий ассоциациялар кейинги 3 йилда ишлаб чиқади.


ИЖАРАГА ОИД ЯНГИ ҚОИДАЛАР 

Келишувлар муддати ва сони бўйича қатъий чеклов. ФИФАнинг асосий мақсади - ёш иқтидорлар ривожланишига муҳит ва рақобатли баланс яратиш. Оддий айтганда, футболчиларнинг муайян клубда тўпланиб қолишларига йўл қўймаслик. Ҳужжатга мувофиқ, бадавлат клубнинг савияли ўйинчиларни йиғиб олиб, уларни ўртаҳол рақибларга ижара асосида юборишига барҳам берилади. Бу борада бир қатор қоидалар ишлаб чиқилган:

*** Муддати ва молиявий шарт­лари баён этилган ёзма келишув тақдим этилиши шарт;

*** Ижара муддати кўпи билан 1 йилдан ошмаслиги керак. Минимал муддат - икки қайд этиш даври ўртасидаги вақт;

*** Ижара асосида олинган футболчини бошқа клубга шу шарт бўйича юбормаслик;

*** Икки жамоа ўртасида ижара келишувлари сони 3тадан ошмаслиги керак.

Энг муҳими - бир мавсумга мўлжалланган умумий чекловлар. Дастлабки 2 йил ўтиш даври вазифасини ўтайди, янги қоидалар жамоаларни трансферлар сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилади:

*** 2022 йил 1 июль - 2023 йил 30 июнь оралиғида бир клуб кўпи билан 8 нафар футболчини ижарага олиши|бериши мумкин;

*** 2023 йил 1 июль - 2024 йил 30 июнь оралиғида бир клуб кўпи билан 7 нафар футболчини ижарага олиши|бериши мумкин;

*** 2024 йилнинг 1 июлидан эътиборан  бир клуб кўпи билан 6 нафар футболчини ижарага олиши|бериши мумкин.   

Бунда 21 ёш ва ундан кичик футболчилар, шунингдек, академиялар тарбияланувчилари (15-21 ёшли пайти камида 3 йил клуб тизимида шуғулланганлар) бу чекловга киришмайди.


ИЖАРА АМАЛИЁТИ ТАРИХИ

Ижара институти анча аввал пайдо бўлган. Унинг ижодкори - «Челси». Айнан Лондон клуби улкан ижара тармоғи кашфиётчиси ҳисобланади. Кўп сонли ижара келишувлари хусусида гап кетганида ҳам айнан «Челси» ёдга олинади. Кўпинча амалдаги стратегия Марина Грановская билан боғланади. Гўёки, футболчиларни тажриба тўплаш учун ёппасига бошқа жамоаларга жўнатиш ғояси ундан чиққандек. Лекин собиқ техник директор Эдди Ньютоннинг таъкидлашича, бу амалиётни Майкл Эменало татбиқ этган: «Бир куни Эдди мени ўз кабинетига чорлаб, жамоада ёшлар жуда кўплиги, улар U-23 учун ажо­йиб номзод эканликлари, аммо асосий таркибга тортмасликларини айтди. Кейин уларни ижара сафарига юбориб, аввалгидан самаралироқ ишлашимиз мумкинлигини таъкидлади. Қисқаси, Эдди ғоя берди, мен эса ишни охирига етказдим. Кейинчалик амалиётни жаҳон миқёсига олиб чиқиш устида ишладик». Режадан кўзланган асосий мақсад - юксак салоҳиятли иқтидорларни саралаб, келажакда улар орқали мўмай пул топиш ёки асосий таркибга жалб этиш. Хуллас, лондонликлар энг салоҳиятли иқтидорларни ижара сафарига юбориб, уларнинг ривожланиш жараё­нини диққат билан кузатишарди. Клуб бунда «иқтидорлар чашмаси» сифатида Нидерландия (айниқса, «Витесс») ва Германияни танлаганди.

Бу тизим кўп танқидларга дуч келди. Чунончи, йиллаб ижара сафарида юрган баъзи футболчилар (масалан, Лукас Пиа­зон) «Челси» либосини кийиш имкониятига умуман эга бўлмадилар. Асосий жамоага чиқиш фақат саноқли иқтидорлар - бўлажак юлдузларга насиб этди. Шу тариқа жамоатчиликда «Челси» ижара институтидан ёшларни ривожлантириш эмас, балки даромад топиш мақсадида фойдаланади» қабилида тушунча юзага келди. Клуб эса танқидларга эътибор бермади, тизим чиндан ҳам, барқарор молиявий ҳолатни таъминлади. Қолаверса, «Челси»га даромад келтиришдан ташқари, Мэйсон Маунт, Рубен Лофтус-Чик, Трево Чалоба ва Рис Жеймс каби муносиб номзодларни тайёрлаб берди. Мана, энг сердаромад келишувлар:

***Марио Пашалич («Хайдук»­дан 2,5 млн. еврога олинган) - «Аталанта» 14,5 млн. евро тўлади;

*** Натан Аке (тарбияланувчи) - «Борнмут» 22,8 млн. евро тўлади;

*** Фикайо Томори (тарбияланувчи) - «Милан» 28,8 млн. евро тўлади;

*** Марк Гехи (тарбияланувчи) - «Кристал Пэлас» 23,34 млн. евро тўлади;

*** Тэмми Абрахам (тарбияланувчи) - «Рома» 40 млн. евро тўлади.

Ижара сафарида маълум даражада тажриба тўплаган, лекин «Челси» сотиб юборганидан кейин юлдузлик мақомига кўтарилган футболчилар тоифасига Кевин де Брюйне, Тибо Куртуа ва Муҳаммад Салоҳни киритиш мумкин. Улар - мураббийлар фалсафаси қурбонлари (маълум вақтда жамоа услубига мослашолмаганлар). Чеки йўқ «сургун»ларда ҳеч нарсага эришолмай, ҳолдан тойган ва якунда арзимас (2-5 млн. евро) суммада сотилган иқтидорлар ҳам етарли. «Доимий ижара сафаридан маъно йўқ - ҳар қандай ўйинчини чарчатади. 22 ёшда умримни турли жамоаларда ўтказаётганимда бирор ижобий жиҳат сезмадим. Таркибдан жой олишнинг иложи йўқ. Чунки ҳар бир жамоанинг ўз ўйинчилари бор», - деганди Пиазон алам билан. Ўтган қишда ҳам «Челси» ихтиёридаги 21 нафар йигит ижара сафарида эди. Уларнинг 10 нафари 21 ёшдан катта: Натан Бакстер, Жейк Кларк-Солтер, Эмерсон Палмери, Мэттью Миазга, Баба Раҳмон, Хуан Кас­тильо, Дужон Стерлинг, Тьемуэ Бакайоко, Дэнни Дринкоутер, Миши  Батшуайи. Шулардан 4 нафари клуб тарбия­ланувчиси эканлиги ҳисобига «Челси» ёзга чеклов қоидаларини бузмаган ҳолда етиб келди. Айни пайт «кўклар»нинг 13 нафар вакили «сургун»да бўлса, фақат 3 нафари янги қоидалар талабига мос. 

«Аталанта» ҳам янги қоидаларга мослашишда қийналади. Бинобарин, ҳозир Бергамо жамоасига тегишли 35 нафар футболчи (олдинроқ икки баравар кўп эди!) ижара сафарида. Ньютоннинг айтишича, вақтида бошқа клублар бу масала юзасидан «Челси»га мурожаат қилганди. Қишгача «Аталанта» тизимидаги 64 нафар футболчи ижара келишуви бўйича ўйнаганини инобатга олсак, жамоа лондонликлар кўмагидан самарали фойдаланган. Бергамода кенг кўламли ислоҳотлар 2016 йили, Жан-Пьеро Гасперини даврида бошланди: клуб аввалига ёш иқтидорларни ўз академиясида тарбиялашни мўлжаллаган, лекин бу осон эмаслигини тезда тушуниб, сиёсатни ўзгартирганди. Гасперинига жисмонан бақувват ва ақлан етук иқтидорларни топишда «Челси» тизими қўл келди. «Аталанта» Wallabiles скаутлик хизмати билан ҳамкорлик ўрнатиб, ёш футболчилар бозорига чиқди. Натижада 2019 йили клуб тизимида шуғулланаётган 76 нафар футболчи (!) ижара сафарига жўнатилди. Асосийси, стратегия иш берди:

*** Алессандро Бастони (31,1 млн. евро) ва Роберто Гальярдини (20,5 млн. евро) «Интер»­га йўл олдилар;

*** Франк Кессие 32 млн. евро эвазига «Милан»га кетди;

*** Деян Кулушевски учун «Ювентус»дан 35 млн. евро олинди.

Умуман, сўнгги йиллар ижара келишувлари ортидан ҳеч қайси жамоа «Аталанта»дек катта даромад топгани йўқ. Клуб ҳаттоки, коронавирусли 2020 йили ҳам мусбат балансда эди. «Аталанта» ижара шартномалари сони бўйича ҳам топ-клублар орасида етакчилик қилмоқда. Аксарият футболчилар - академия битирувчилари ва 21 ёшдан ошмаган иқтидорлар. Муҳими, уларга талаб юқори. Ҳар ҳолда, «Аталанта» мактабининг нуфузи чакки эмас, камтарин жамоаларда футболчиларга нисбатан қизиқиш кучли, уларнинг ўзлари ҳам тезроқ майдонга тушишга мойиллар. Италия клуби ҳозирча янги қоидаларга риоя қилмоқда, чунки унинг футболчилари асосан мамлакат ичида ижара муддатини ўташмоқда. Ҳаттоки, Алексей Миранчукнинг ўтиши ҳам бунга таъсир этмайди.

«А» серияда «Интер» ҳам яхлит ижара тизимига эга, фақат ишлар ҳажми «Аталанта»никидан камроқ. Қишда 47 нафар «нерадзурра» ижара сафарида эди, ҳозир бу сон 29 нафарга тушди. Шунингдек, «Ювентус», «Сассуоло», «Женоа» ва «Наполи» ҳам ижара келишувларида фаол. 


ҚОИДАНИ ҚАНДАЙ ЧЕТЛАБ ЎТИШ МУМКИН?

«Манчестер Сити» ва «РБ Лейпциг» клублари ортиқча хавотирга тушмаса ҳам бўлаверади. 21 ёшдан кичик маҳаллий тарбияланувчиларга берилган енгиллик бу клубларга ижара сиёсатида эркин иш тутиш имкониятини беради. Бироқ қоида барчасини қайта шакллантиришни талаб этади, барибир. Бу ижара асосида футболчи олувчига ҳам, берувчига ҳам муайян қийинчилик туғдиради. Янги қоидаларни четлаб ўтиш мумкин, айниқса, битта ҳомий тасарруфидаги жамоалар. Масалан, «Манчестер Сити» ўз ўйин­чиларини бемалол City Football Group консорциуми таркибидаги жамоаларга юбориши ва қайтариб олиши мумкин. Гуруҳ таркибида эса нақ 12та клуб бор - «Нью-Йорк Сити», «Палермо», «Жирона», «Труа», «Мумбай Сити»... Шунингдек, «Ред Булл» тасарруфидаги «РБ Лейпциг» ва «Зальцбург» ҳам бу имкониятдан фойдаланишга ҳақли. Авваллари бу клублар ижара шартномаси асосида футболчи алмашарди, энди қисқа муддатли трансферни расмийлаштириш имкони ҳам бор.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади