ОЧЛ: Бир ҳомийнинг жамоалари бир турнирда?!

ОЧЛ: Бир ҳомийнинг жамоалари бир турнирда?!

ОЧЛ тарихида қуръа ташлаш маросими илк марта саралашнинг «плей-офф» ўйинлари якунлангач, яъни гуруҳ босқичининг барча иштирокчилари маълум бўлганидан сўнг бўлиб ўтди.

 Бироқ фигурачилар таъбири билан айтганда, ОФК шундан ҳам бироз «айлантирмади», барибир. Саватчалар таркиби олдиндан ва клублар эмас, балки мамлакатлар рейтингига мос равишда аниқланди. Шунинг ортидан дейлик, 4-саватчада «Ал-Наср» билан бирга ОКМК ва «Навбаҳор» жой олди. Яъни шартли «Истиқлол» ёки «Аҳал»га «Навбаҳор» ёки «Ан-Наср» тушиши имкони бор эди.  

ОЧЛ гуруҳ босқичи иштирокчилари таркибининг яна бир қизиқ жиҳати шуки, бир мамлакатдан 1та компанияга тегишли 3та клуб бор. Гап жорий йил май ойидан эътиборан Жамоат инвестиция жамғармаси қаторига ўтган Саудиянинг «Иттиҳод» - «Ҳилол» - «Наср» триоси ҳақида бормоқда. Моҳиятан бу ОФКнинг Лицензиялаш регламентига зид ҳолат. Ўтган мавсум Эрон грандлари «Истиқлол» ва «Персеполис»нинг ОЧЛда ўйнай олмагани сабабларидан бири шу. Ўзбекистонда ҳам шундай муаммога камида 2 марта дуч келинган. Аввалига 2012 йили «Бунёдкор» бош директори Баҳром Давлатов «Насаф» ва «Машъал»даги акцияларидан воз кечишга мажбур бўлди улар 1 фоиздан кам бўлганига қарамай. Яқинда эса ОФК аралашуви билан футбол клубларидаги давлат улушини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш жараёни тўхтатиб қўйилди. Бироқ бу сафар ОФКнинг позицияси ўзгаргандек. Айтишларича, янги таҳрирдаги Клубларни лицензиялаш регламенти клубларга ягона соҳиб эгалик қилишига имкон беради. Тўғри, янги таҳрир ҳали Ижроий қўмита томонидан тасдиқланмаган, лекин Саудия клублари ОЧЛ қуръасига қўйилди. Бу муаммо фақат саудияликлар эмас, балки яна 3та клубга дахлдор: «Мельбурн Сити» ва «Мумбай Сити» тўлиқ City Football Group гуруҳига тегишли, «Йокогама Маринос» эса қисман (20 фоиз). Шу ўринда «Манчестер Сити»ни ҳам унутмаслик керак. Айтганча, агар «Мельбурн», «Йокогама» ёки «Мумбай» ОЧЛда ғалаба қозонса ва бу орқали «Манчестер Сити» аллақачон йўлланмасини нақд қилган Клублар ўртасидаги ЖЧга чиқса, ФИФАнинг қандай йўл тутишини кўриш қизиқ бўлади. 

А.Никимбаев