Пандемия туфайли Осиё Кубоги—2023 мусобақаси Хитойда ўтказилмайди

Пандемия туфайли Осиё Кубоги—2023 мусобақаси Хитойда ўтказилмайди

Осиё Кубоги—2023 баҳслари Хитойда ўтказилмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақида ОФК расмий сайти маълум қилди.

Хитой футбол ассоциацияси билан олиб борилган кенг қамровли муҳокамалардан сўнг мамлакат 2023 йилги Осиё Кубогини мезбонлик қила олмаслиги ҳақида расман маълум қилинди.
Хитой 2019 йил 5 июнь куни Парижда бўлиб ўтган ОФКнинг навбатдан ташқари Конгрессида Осиё Кубоги—2023 мезбони этиб тайинланганди. 24 жамоа иштирокидаги мусобақа 2023 йилнинг 16 июндан 16 июлига қадар Хитойнинг 10 та шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.

ОФК мазкур вазиятларга мамлакатдаги COVID-19 пандемияси сабаб бўлаётганлигини қайд этмоқда. Тайёргарлик жараёнида Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита билан яқиндан ҳамкорлик ишлари олиб борилган. Ҳатто, бир қатор муҳим босқичларга эришилган, жумладан, турнир логотипи ишга туширилиб, 2021 йил «Шанхай Пудонг» футбол стадиони очилган.

ОФК Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита жамоавий манфаатларни кўзлаб, жуда қийин, аммо зарур қарорни қабул қилганини қадрлашини маълум қилмоқда. Шунингдек, 2023 йилги Осиё Кубоги мезбонлиги билан боғлиқ кейинги қадамлар ҳақида қўшимча маълумотлар яқин вақт ичида эълон қилиниши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақанинг 3-саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси C гуруҳидан ўрин олган. Ўзбекистон саралаш босқичидаги дастлабки ўйинини 8 июнь куни Шри-Ланкага қарши баҳс билан бошлайди. 11 июнь куни Мальдив оролларига қарши ўйнаса, 14 июнда Таиландга қарши майдонга тушади.