Қатар юлдузлар лигасида нима гаплар?

Қатар юлдузлар лигасида нима гаплар?

Қатар Юлдузлар Лигаси лицензиялаш қўмитаси 2023/2024 йиллар мавсуми учун клублар «заявка»си бўйича ўз қарорини анча олдин эълон қилганди.

Натижа:

* 15та клуб ОЧЛда иштирок этиш учун лицензия олди

* 2та клуб ички мусобақаларда иштирок этиш учун лицензия олди.

Оддий айтганда, Қатарнинг барча 17та профессионал клуби лицензиялаш жараёнидан муваффақиятли ўтди. Бундан 1,5 йилча олдин атиги 5та клуб ОЧЛда ўйнаш учун ҳужжат олганди. Бу эса баъзи «мутахассис»ларнинг Ўзбекистонда профессионал футбол ривожи юқорироқ эканлиги хусусида баланд овозда гапиришларига сабаб бўлди (биздан 12та клуби лицензия олганди). Албатта, раҳбарият ва мухлисларни таҳлилсиз, фақат яланғоч рақамлар билан чалғитиш осон. Гап шундаки, Қатарда аввалги тизим бўйича лицензиялаш мавсум охирида амалга ошириларди ва шунинг учун спорт натижалари бўйича ОЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган клубларгина ариза топширарди. Мана, ОЧЛ тақвими ўзгаргач, Қатарда лицензиялаш мавсум давомида амалга оширилди ва барча профессионал клублар истисносиз ариза тақдим этди. Демак, 17та клубнинг барчаси лицензиялашдан ўтгани маълум бўлди. Қатарда бошқа профессионал клуб йўқ.