РАКУРС: Инфантино дабдабали ҳиндча тўй меҳмони!

РАКУРС: Инфантино дабдабали ҳиндча тўй меҳмони!

Ҳиндистонда қиймати 350 миллион долларга баҳоланган дабдабали тўй маросими бўлди ва унда ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам кўриниш берди.

Айрим манбаларда келтирилишича, ҳинд диёрида бўлган ушбу тантана инсоният тарихидаги энг қимматбаҳо тўйдир. Чунончи, маросимга 350 миллион доллар (бошқа ҳисоб-китобларга кўра, 600 миллион доллар) сарфланган. Хуллас, нафақат Ҳиндистон, балки бутун Осиёдаги энг бадавлат одам сифатида кўрсатилаётган Мукеш Амбани (бойлиги тахминан 120 миллиард доллар)нинг ўғли Анант фармацевтика магнати Вирен Мерчантнинг қизи Радхика билан турмуш қурди.

Аслида тўй маросимлари март ойида бошланган ва 1200 киши иштирок этган гала-концертни ҳам ўз ичига олган. Яъни собиқ сиёсий лидерлар, технология магнатлари ва Болливуд юлдузлари денгиз орқали Италиядан Францияга йўл олишган - тўйолди 3 кунлик круиз. Кемада Жастин Бибер бош хонанда мақомида бўлган ва айтишларича, хизматлари эвазига 10 миллион доллар олган. Канн шаҳрида эса бош ролга яна бир юлдуз Кэти Перри чиққан. Мана, жуфтлик ниҳоят, Мумбайда никоҳдан ўтди. Тўй тантаналарига танланган Jio World Convention Center марказида дунёнинг кўплаб машҳур шахслари кўзга ташланишди: Дрейк, Борис Жонсон, Ким Кардашьян, Тони Блэр, Хиллари Клинтон, Адел, Хан Жонг Хе (CEO Samsung), Лана дель Рей ва бошқалар... Таъкидланишича, барча меҳмонларга элит автомобиллар ажратилди, уларни Ҳиндистонга етказиш учун эса шахсий самолётлар бириктирилганди.

Спорт ихлосмандларини эса асосан ҳиндча қимматбаҳо тўйнинг икки нафар меҳмони қизиқтирди. Гап ФИФА президенти Жанни Инфантино ва америкалик рэстлер, актёр Жон Сена ҳақида кетмоқда. Хусусан, жаҳон футболи тузилмаси раҳбари Ҳиндис-тон|канадалик қўшиқчи AP Dhillon ва Болливуд юлдузи Ранвир Сингх билан рақсга тушаётган паллада репортёрлар «ўлжаси»га айланди. Жон Сена эса Жанубий Осиёда роса оммалашган Панжоб халқ рақси - бхангда ижросида ўзига хос «Сен мени кўролмайсан» имо-ишораси билан кўзга ташланди. Ҳа, ҳар иккиси қандай дам олиш ва ишдан чалғишни яхши билади. Қолаверса, бундай кенг кўламли тантаналарда спорт, маданият ва сиёсат намояндаларини учратиш оддий ҳолатга айланмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади