Ракурс: Олтин чап оёқ!

Ракурс: Олтин чап оёқ!

«Наполи»нинг уй аренаси - «Сан-Паоло»да клуб афсонаси марҳум Диего Армандо Марадона шарафига янги ҳайкал ўрнатилди

 Ер юзида аргентиналик «Футбол раққоси»нинг ёдгорлик монументлари жуда кўп. Улардан кўпини Диегонинг ўзи ҳам кўрган. Чунки футболчи тириклигидаёқ жойларда ҳайкал ўрнатиш асносида уни алоҳида шарафлашган. Лекин «А» серия 12-туридан ўрин олган «Наполи» - «Сассуоло» (4:0) ўйини олдидан очилган янги ҳайкал ўзгача - чап оёғи олтин тусда, яна бутсасиз. Ҳа, бу монумент энди неаполликларга марҳум юлдуз чап оёқда нақадар кучли бўлганини эслатиб туради.

Диего Марадона агар ҳаёт бўлганида, 31 октябрь куни 62 ёшини қарши оларди. Аргентиналик футбол даҳоси 1984-1991 йиллар оралиғида «Наполи»да ўйнаб, бутун Неаполь тарихида чуқур из қолдирган. «Наполи» айнан ўша дарвда Италия чемпионатида 2 марта зафар қучган, шунингдек, мамлакат кубоги ва суперкубогини ютишдан ташқари, клуб музейини УЕФА кубоги билан ҳам безаган.

«Олтин тўп»нинг биринчи фахрий соҳиби ва Аргентинанинг ХХ асрдаги энг яхши спортчиси сифатида тан олинган Диего Армандо ёрқин футболчилик фаолияти давомида 676та расмий ўйинда иштирок этиб, 345та гол ва 80та самарали узатма муаллифига айланган. Бунинг самараси - 25та соврин. Дон Диего жумладан, 1986 йилги ЖЧда турнирнинг бош қаҳрамони сифатида жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарган.