Рейтинг: Самарадорлик силсиласи

Рейтинг: Самарадорлик силсиласи

Европада футбол мавсуми тобора энг юқори нотага чиқмоқда.

 Transfermarkt портали эса ўйинлар занжирига парво қилмай, 9 апрель ҳолати бўйича мавсум-2023/2024нинг энг самарадор футболчиларидан ўзига хос олтилик рўйхатини тузди. Бунда қитъанинг энг кучли 5та лигаси вакилларининг барча турнирлардаги голлари ва ассистлари ҳисобга олинган. Хўш, футбол локомотивида «Гол+пас» тизими бўйича кимлар олдинда боришмоқда?

5-6-ўринлар. Олли Уоткинс. «Астон Вилла» ҳужумчиси 9 апрелга қадар ўзи иштирок этган турнирларда жами 22та гол уриб, бунинг ёнига 10та самарали узатмани ҳам қўшиб қўйди. 32 очко!

5-6-ўринлар. Пьер-Эмерик Обамеянг. «Марсел»да гўёки бирданига иккинчи ёшлигини бошлаб юборган габонлик ҳужумчи ҳам 32 очко йиғди 9 апрелга қадар. Фарқи шуки, Обамеянгда голлар сони 23та, ассистлар эса 9та.

3-4-ўринлар — Эрлинг Холанд. Норвегиялик «йиртқич» олинган давр мобайнида «Манчестер Сити» учун 29та гол ҳосил қилди. У шунингдек, 6 марта гол ҳаммуаллифи бўлди - 35 очко.

3-4-ўринлар — Муҳаммад Салоҳ. «Ливерпул»нинг мисрлик етакчиси самара келтириш борасида Эрлинг Холанддан асло қолишаётгани йўқ. Тўғри, Салоҳ ҳисобидаги 35 очкода икки бўғин улуши бошқача: 22та гол ва 13та ассист.

2-ўрин — Килиан Мбаппе. Франциялик ҳужумчи ёзда «ПСЖ» билан муносиб хайрлашиш йўлида нақ 39та гол урди ва 8та ассист ҳам тўплади. Хуллас, «Гол+пас» тизими бўйича 47 балл.

1-ўрин — Гарри Кейн. Англиялик ҳужумчига ачинасан киши. Соврин ишқида «Тоттенхэм»дан кўнгил узиб, тинмай чемпион бўладиган ва кубок ютадиган «Бавария»га ўтган футболчи ҳамон ўз ишини зўр бажармоқда - 9 апрелгача барча турнирларда 37та гол ва 12та самарали узатма. Аммо шуниси борки, Мюнхен клуби совринлардан узоқлашди...

P. S.: эътиборга олиш керак, бу рейтинг ҳафтадан ҳафтага ўзгариб боради. Мисол учун, рўйхатга тушган Олли Уоткинс, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Гарри Кейн ўтган ҳафта ўртасидаги еврокубок баҳсларида ўз статистикаларини яхшилашди. Қолаверса, бунга ҳафта охиридаги тур ўйинлари натижалари ҳам ҳисобга киритилмаган.