Аббос, «газ»ни бос!

Аббос, «газ»ни бос!

Transfermarkt порталида Ўзбекистон Суперлигаси футболчиларининг янги трансфер баҳоси эълон қилинди.

 Хўш, янги рўйхатда қандай ўзгаришлар бор? Кимлар нарх ёрлиғи бўйича катта ўсишга эришишди? Аксинча, қайси футболчиларнинг трансфер ҳуқуқи арзонлашди портал талқини бўйича? Умуман, айни пайт Суперлигадаги энг қимматбаҳо футболчилар рейтингини ким бошқармоқда?

Трансфер баҳоси бўйича кўтарилиш

Охирги маълумотлар бўйича айтсак, яқинда Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинига чақирилган «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаевнинг трансфер баҳосига 450 000 евро қўшилди ва бу Суперлига вакиллари учун энг катта юксалишдир. Эндиликда футболимиз умидининг трансфери 750 минг еврога баҳоланмоқда. «Навбаҳор» етакчиси Остон Ўрунов ва «Нефтчи»да ўзини қайта намоён эта бошлаган Нурилло Тўхтасинов 300 минг евролик ўсишга эришишди. Ҳар икки футболчининг янги трансфер баҳоси 800 минг еврога тенг. «Динамо»дан «Навбаҳор»га ўтиб, дарҳол барқарор ўйнай бошлаган Иброҳим Йўлдошевнинг трансфер баҳоси 275 минг еврога қимматлашиб, 500 мингга етди - бу чемпионатимиздаги 4-юқори натижа. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ва «Насаф» клуби ўнг қанот вакили Зафармурод Абдураҳматов охирги 6 ойдаги фаоллиги эвазига трансфер суммасига 250 минг евро қўшди. Портал бунга қадар ёш футболчининг трансферини 100 минг еврога баҳолаётганди. Суперлига кашфиёти бўлишга даъвогар «Сурхон» клубининг икки вакили - Силванус Нимели ва Асилбек Жумаев нарх бобида 200 минг евролик плюсдалар. Алоҳида айтиш керак, 18 ёшли Жумаев бунга қадар портал рўйхатида ҳам йўқ эди. Ўзбекистон U-20 термаси етакчиларидан бири Беҳруз Асқаров («Пахтакор») ўз баҳосига 175 минг евро қўшган бўлса, Ҳусниддин Алиқулов («Насаф») ва Хуршид Ғиёсов (ОКМК)да ўсиш даражаси 150 минг еврони ташкил этди.

Трансфер баҳоси бўйича пасайиш

Трансфер суммаси бўйича энг катта йўқотишга дуч келганлар орасида «Пахтакор» вакиллари Сардор Рашидов ва Шерзод Аъзамов «пешқадам». Ҳар икки тажрибали футболчининг баҳоси 150 минг еврога пасайди. Шунингдек, Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), Жавоҳир Қаҳрамонов («Сўғдиёна»), Элдор Суюнов («Пахтакор»), Душан Стоилкович («Турон»), Закария Бегларишвили («Турон»), Азим Аҳмедов («Турон»), Ҳумоюн Муртозаев («Турон») ва Муҳаммадали бен Салим (ОКМК)нинг трансфер ёрлиғидан 100 минг евро айриб ташланди. Диққат қилинг, «энг кўп пул йўқотган» футболчилардан 4 нафари «Турон»дан. Ҳа, кўп нарса натижага ҳам боғлиқ.
eng-arzonlash-f.jpg

Энг Қимматбаҳо футболчилар

Янгиланишдан кейин Ўзбекистон чемпионатида трансфер суммаси бўйича 1 миллион евро маррасини забт этган футболчилар сони 2 нафарга етди. Бунгача узоқ муддат Одил Ҳамробеков («Пахтакор») Суперлиганинг энг қимматбаҳо футболчиси бўлиб турганди. Ўзгаришлардан кейин «Насаф» ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов у билан тенглашди. Қимматбаҳо футболчилар рейтингида кейинги ўринлар «Пахтакор» вакиллари Достон Ҳамдамов, Ҳожиакбар Алижонов, Сардор Собирхўжаев ва ОКМК етакчиларидан бири Хуршид Ғиёсовга тегишли - 900 минг евродан. «Навбаҳорчилар» - Жамшид Искандеров ва Шоҳруз Норхоновнинг ёрлиғи бундан 50 минг арзонроқ (850 минг евро). Ортда қолган ўйинларда яққол ажралиб турган Остон Ўрунов («Навбаҳор») энди 800 минг еврога тенг ёрлиқ билан топ-10да. «Насаф» чап қанот ҳимоячиси Шерзод Нас­руллаевнинг трансфер суммаси ҳам шунча.

eng-superl-qimmat.jpg