Ҳар ҳолда, Симоне Инзаги жамоаси «А» серия ўйинларида атиги 20та гол қўйиб юборди. Sky Sport нашри мухбири яқинда италиялик ҳимоячига юзланиб, чемпионатда расмийлаштирилган навбатдаги ғалаба унда қандай ҳис-туйғулар уйғотганига қизиқди.
- Аввало, чемпионатдаги ғалаба таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...
- Ҳаммаси ажойиб, ҳис-туйғулар таърифланмас даражада. Шахсан мен Европа чемпионатидан кейин терма жамоа билан чемпионлик парадида қатнашгандим, ўшанда марш 3-4 соат давом этганди. «Интер»нинг байрами эса бундан икки баравар кўпроқ вақт олди. Мухлисларнинг бизга кўрсатган меҳр—муҳаббатлари - бу йил давомида унутилмайдиган воқелик. Парад чиндан ҳам, ёрқин лаҳзаларга бой бўлди. Ўзи жорий мавсум жамоамиз учун идеал кечди. Дейлик, ўтмишдаги хатоларни таҳлил қилиш ва уларни тузатиш учун етарлича вақт бор эди. Умуман, ғалаба бир йил давомида жамоа сифатида амалга оширилган режали ишлар ортидан келди.
- Хўш, жорий мавсум «Интер» ўйинида айнан нима яққол ўзгарди?
- Замонавий футбол намунасини кўрсатиш жуда ёқимли. Жаноб Инзаги олиб кирган эволюция жараёни ўз самарасини берди. Илгари асосан классик 3-5-2 тактик чизмаси асосида ўйнардик, аммо бу йигитларга унча ёқмасди. Шахсан мен майдонда ҳужумкорликка зўр беришни маъқуллайман. Муҳими, жамоада ҳаммамиз нима қилиш кераклигини биламиз, бир-биримизга нисбатан ишонч мустаҳкам. Шунга мувофиқ, ҳар қандай вазифани бажаришга тайёрмиз, майдонда қўрқмасдан дадил тўп суряпмиз.
- «Интер»нинг ҳозирги ғолиблик менталитети абадийми?
- Буни ич-ичимдан ҳис қиляпман, мисол учун, чемпионлик байрамидан кейин ҳам иштиёқ асло сўнмади. Ҳа, ишлар яхши ривожланган пайт ҳаммаси осон туюлади. Лекин футболда мудом ғалаба қозониш имконсиз. Мисол учун, мен скудетто учун курашда ҳам, ЧЛда ҳам жиддий умидсизликларни бошдан кечирдим. Муҳими, мухлисларимиз ҳар қандай шароитда, ҳамиша бизни чинакамига қўллаб-қувватлашади. Шундай экан, ҳар доим уларнинг меҳр-муҳаббатларига муносиб жавоб қайтаришга интилишимиз шарт.
- Мураббий билан муносабатингиз қандай?
- Яхши. Симоне майдонда чиройли футбол кўрсатишимиз учун бизга сифат ва хотиржамлик бағишлади. Футболда асосий нуқта шу. Ҳатто таътил пайти ҳам мураббий билан муносабатимиз узилиб қолмайди. Жамоа автобусидаги муҳитни кўрсангиз, ўз-ўзидан тўлқинланиб кетасиз. Олдинги йиллар кийиниш хонасида ажойиб шахс бор эди - Самир Ханданович. Уни алмаштириш осон эмасди. Мана, Лаутаро Мартинес катта масъулиятни мерос қилиб олди.
- Жамоа ўйинида Тюрамнинг таъсири нечоғли катта?
- Мени энг кўп ҳайратга солган йигит - бу айнан Маркус. Тўғриси, ундан ишга бу қадар кучли ёндашувни кутмагандим. Дейлик, «Боруссия»га қарши ўйнаганимизда, яъни Тюрамга тўқнаш келганимизда, у мени бунчалик ҳайратлантирмаганди. Маркуснинг ўйинларини зимдан кузатсангиз, унинг барча жиҳатларда нақадар яхши эканлигини тушунасиз. Жисмонан бақувват, ақлли ва жамоа учун ишлашдан қочмайдиган меҳнаткаш йигит.
- «Интер»нинг яқин келажагини қандай кўряпсиз?
— Бир неча ҳафта олдин машғулотларда йигитларга момақалдироқдан кейин ҳар доим қуёш чиқишини айтдим. Демоқчиманки, футболда энг қийини - барқарорликни таъминлаш. Кейинги мавсум бошидан барча рақиблар бизга қарши алоҳида шайланишади. Демак, тўхташга ҳаққимиз йўқ. Муҳими, кўпчилигимиз ҳали нисбатан ёш бўлсакда, ютуқни қайта-қайта такрорлашни хоҳлаймиз. Чиндан ҳам, бош вазифамиз ўзгармайди - ғалаба ва яна ғалаба!
МУҲАММАДХОН тайёрлади