«Биз бир хил иш билан бандмиз, лекин эркакларга нисбатан 100 баравар кам маош оламиз негадир», - деди «Ювентус» аёллар жамоасининг швейцариялик ҳурлиқо ҳужумчиси. Қизиқ, Алиша Леман аёллар футболидаги маош миқдори озлигидан норозими ёки эркаклар кўп олишаётганидан?
Маълумот учун, Алиша Леманнинг турмуш ўртоғи ҳам «Ювентус»да ўйнайди. Гап жорий мавсум аввалида Турин клубига «Астон Вилла»дан ўтган бразилиялик ярим ҳимоячи Дуглас Луис ҳақида кетмоқда. Дарвоқе, Алиша ҳам аввалги мавсум айнан «Астон Вилла»да ўйнаганди. «Машғулотлардан сўнг одатда Дугласга аёллар ва эркаклар футболидаги маош ўртасида катта фарқ борлиги шунчаки, адолатсизлик эканлиги ҳақида кўп гапираман. Ахир биз бир хил ишни бажарамиз, аммо турмуш ўртоғим мендан нақ 100 баравар кўп маош олади. Бундай нотенглик мени чиндан ҳам, ташвишга солади. Ҳар ҳолда, аёлман. Жамоадошларим билан Италия аёллар футболини ривожлантириш баробарида нозик жинс вакилларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишимиз керак. Бу эса вақт оладиган жараён», - дея Леман хоним сўзларини келтирди RMC Sport.