Нима, қанақасига? Гап шундаки, «Реал» вакили Евро-2024ни очиб берган Германия - Шотландия ўйинида автогол муаллифига айланди. У шу билан Европа чемпионати тарихида финал раундларида шотландлар учун гол урган 6-футболчи бўлди.
Эҳтимолки, стартда кўпчилик немислардан бундай ёрқин ўйин ва чиройли ғалаба (5:1) кутмагандир... Бир томондан, Юлиан Нагельсманн бошқарувидаги бундестим 66 минг мухлисни ўз ичига олган «Альянц Арена»да қайси томон асл хўжайин эканлигини амалда кўрсатиб қўйган бўлса, иккинчи тарафдан, турнирга катта умидлар билан киришган Шотландия термаси ўта суст ҳаракатланди. Натижада немислар бирин-кетин голлар уриб, 68-дақиқадаёқ ҳисобни 4:0 ҳолатига келтириб қўйишди. 87-дақиқада эса марказий ҳимоячи Антонио Рюдигер ўз жамоаси дарвозасига тўп киритиб қўйди. У шу автогол билан Шотландия миллий жамоасининг Европа чемпионатидаги тўпурарлари қаторига қўшилди. Яъни тарихда бирор футболчи қитъа биринчилиги финал раундларида шотландлар учун Рюдигердан кўпроқ гол урмаган...
Умуман олганда, Шотландия миллий жамоаси бунга қадар Европа чемпионатида 3 марта иштирок этган атиги 5та гол урганди. шу 5та гол эса 5 нафар футболчи ҳисобига ёзилган. Булар - Каллус Макгрегор, Гари Макаллистер, Брайан Макклер, Алли Маккойст ва Пол Макстэй. Хуллас, Антонио Рюдигер бешликни олтиликка айлантирди-қўйди.