Ана, холос! «Қовун» туширдинг-ку, Акио!

Ана, холос! «Қовун» туширдинг-ку, Акио!

Футбол жамоатчилиги Канада Премьер-лигасида тасаввурга сиғмас даражадаги кутилмаган хато гувоҳига айланди.

Икки ўртамиёна жамоалар - «Вэлор» ва «Галифакс Уондерерс» ўзаро куч синашаётганди. «Вэлор» ҳужум уюштирди, ҳужумчи Алессандро Риджи шеригининг узатмасидан сўнг ҳимоячилар ва дарвозабонни доғда қолдирди. Шу пайт ўша воқеа содир бўлди. Тўп дарвоза чизиғини кесишга жуда яқин турганда, бошқа бир форвард Уильям Акио голни ўз номига расмийлаштиришни жуда истагани сабаб, йил хатосига йўл қўйди. Зарбадан кейин тўп аут чизиғи томон ҳаракатланди.

Виннипег жамоаси футболчилари ҳайратдан қотиб қолишди, Акионинг уринишидан аввал тўп чизиқни кесиб ўтганини айтиб, ҳакамни ҳам бунга ишонтирмоқчи бўлишди. Лекин уларнинг ҳаракатлари бесамар якунланди. Ушбу эпизод биринчи бўлимда, ҳисоб 0:0 бўлиб турганида рўй берди. Иккинчи 45 дақиқаликда «Вэлор» барибир ниятига етди - Янги Зеландия термаси ҳимоячиси Мозес Дайер рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Шунга қарамай, мазкур воқеа сабаб бутун дунё Уильям Акиони таниб олди. Аслида 23 ёшли футболчининг ҳаёти осон кечмаган. У Кенияда, Жанубий суданлик қочоқлар лагерида туғилган. Ота-онаси иккинчи фуқаролик уруши пайти бирлашган Судандан қочишган, кейинчалик Канадага кўчиб ўтишганди. Оила Калгаридан қўним топди, отаси ёғоч кесувчи, онаси хизматкор бўлиб ишлашди. Акионинг бир акаси (Кенияда туғилган) ва уч укаси бор.

Акио Канадада университетга кирди, ярим профессионал лигада икки мавсум тўп сурди, 22 ёшида эса «Вэлор» билан шартнома имзолади. Ҳозиргача шу клуб шарафини ҳимоя қилмоқда. У 40та ўйинда 10та гол урди. Энди эса фаолиятидаги энг қўпол хатоси билан футбол тарихига кирди.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади