Ана, холос! Татуировкани йўқотиш учун 30 минг евро...

Ана, холос!  Татуировкани йўқотиш учун 30 минг евро...

Бразилия миллий термаси етакчиси Неймарга жамоадоши Ришарлисоннинг янги татуировкаси сира ёқмаган кўринади.

Ҳар ҳолда, Daily Star газетаси хабарига қараганда, ЖЧ-2022га катта умидлар билан борган, аммо ортга умидсиз ҳолда қайтган бразилиялик юлдуз ҳамюртидан баданидаги суратни тезда йўқотишни сўрамоқда...

Таъкидланишича, «ПСЖ» ҳужумчиси «Тоттенхэм» вакилига 30000 евро юборди - айнан янги татуировкасини ўчириш амалиёти харажати учун. Гап шундаки, Ришарлисон ЖЧ-2022 доирасидаги 4та ўйинда қатнашиб, 3та гол уришдан ташқари, яна бирига ассистентлик қилди ва бунинг шарафига баданини янги татуировка билан «безади». Унда Ришарлисон сиймоси Бразилия футболининг икки афсонаси Роналдо ва Неймар тасвири ўртасида акс эттирилган. 

Эҳтимолки, Неймар «пентакампеонлар»нинг охирги мундиалларда қайд этган натижалари туфайли бундай «тату»га қарши чиқаётгандир... Ҳар ҳолда, бразилияликлар Қатар мундиалида ҳам ўз мухлислари орзусини чиппакка чиқаришди. Эслатма, Тите бошқарувидаги жамоа турнирнинг 1|4 финалида Хорватия термасига бас келолмай (1:1, пенальтилар серияси - 2:4), жаҳон тожи учун курашдан анча эрта четга чиқди. Балки Неймарга Ришарлисоннинг нокамтарлиги ёқмаётгандир... Зеро, у ушбу татуировкаси билан ўзини кимсан Роналдо ва Неймар қаторига қўшиб қўйгандек...