Йўқ, италиялик футболчи майдонда қандайдир натижа кўрсатмади, аксинча, четдан туриб, ўта жарангдор баёнот берди Лионель Месси ва Криштиану Роналду ҳақида: «Улар «Олтин тўп»ни қайта-қайта қўлга киритишди, чунки мен потенциал имкониятимдан атиги 20 фоизини ишлатдим...». Бунақаси айнан СуперМариога хос.
Қисқаси, Марио Балотелли майдонда бор кучини ишга солмагани учунгина «Олтин тўп» ютмаган экан. Италиялик «бебош» ҳужумчи бу гапни осмондан олмаганини ҳам таъкидламоқда. Айтишича, шахсий агенти, марҳум Мино Райола вақтида унга 100 эмас, атиги 20 фоиз имконияти билан ўйнаётгани ҳақида гапирган экан. «Райола ҳар доим табиий салоҳиятимнинг атиги 20 фоизидан фойдаланаётгани туфайли Роналду ва Мессида шунча «Олтин тўп» йиғилганини таъкидларди. Унинг айтишича, агар бор имкониятимни ишга солганимда, уларнинг совринлари менга тегарди. Чиндан ҳам шундай. Агар фаолиятимга назар ташласам, афсусланиш ҳиссини туяман. Бинобарин, аслида футболда кўпроқ иш қила олардим», - деди Балотелли Repubblica нашрига берган интервюсида.
Маълумот учун, Лионель Месси ва Криштиану Роналду бисотида жами 12та «Олтин тўп» бор, Балотелли эса вақтида шунчаки, ушбу совринга реал даъвогар сифатида бош кўтарган футболчилар қаторида эди. Бироқ «Манчестер Сити» ва «Ливерпул»нинг собиқ юлдузи катта умидларни оқлай олмади. СуперМарио ўтган йилнинг ёзидан буён Швейцария чемпионатида «Сьон» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У камтарона жамоада камтарона умумий статистикасига эга: 19та ўйин, 6та гол ва 1та ассист.