Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Суперлига 9-тур учрашувлари, «Ҳумо» аренасидаги бокс жанглари - юртимизда ҳукмрон тинчлик ва осойишталикнинг ўзига хос, киши кўнглини қувонч-фахр ва ифтихорга тўлдирадиган муносиб кўзгусидир.
Тинчлик бўлмаса, футбол ёки бокс, тўй-тантана кўнгилга сиғмайди. Мухлислар стадионлар ёки «Ҳумо» аренада футбол ўйинлари ва бокс жангларини мириқиб томоша қилишмоқдами, демак, ҳаммаси жойида. Aлбатта, бу ҳол хотиржамликка берилиш мумкин, деган маънони англатмайди. Эл-юрт тинчлиги учун қайғурадиганлар, бош қотирадиганлар ҳамиша бедорлар ва ишончимиз комил, шу уйғоқлик доимо тинчликни қўллаб-қувватлаб, қўриқлаб туради.
Суперлига 9-туридан ўрин олган «Насаф» - «Навбаҳор» ўйинини томоша қилар эканмиз, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимиздан ўтди. Майдонда енгилишни истамаган икки муносиб рақиб охиригача курашди, мухлислар ҳам ўз севимлиларини астойдил қўллаб-қувватлашди. Қисқаси, ўйинда бошидан сўнгги дақиқага қадар қизғин рақобат руҳи барқ урди. Трибунадан жой олган Рўзиқул Бердиев ва майдон четида «Насаф»ни бошқарган Шуҳрат Тошпўлатов жамоани «лочинлар»га қарши жангга ўзгача шукуҳ билан ҳозирлашибди. «Aждарлар»нинг дастлабки дақиқалардаги шиддатли ҳамлаларида бу иштиёқ яққол кўзга ташланди. Бироқ Самвел Бабаяннинг муҳим учрашувда ютқазиши ақлга сиғмас воқелик бўларди. Зеро, у ўзи билан бирга «Навбаҳор»ни чемпионлик сари бошлаган Виктор Жалилов хотираси ҳурмати бунга йўл қўёлмасди. «Лочинлар» ҳам бош мураббий қалбида кечаётган ёзғин туйғуларни чуқур ҳис қилишди, назаримизда ва «аждарлар» ҳамлаларини чин лочинларга хос виқор билан мардонавор қайтаришди, кейин ўзлари ҳужумга ўтишди. Умуман олганда, Қаршида қайд этилган дуранг натижа ўйинга мос тушди. Бироқ ҳар икки жамоа ҳам бундан қаноатланмагани тайин. Ахир икки жамоа томонидан очколарнинг бўлиб олиниши «Пахтакор»ни якка пешқадамга айлантирди. Бунда «Нефтчи»дан 1 очко тортиб олган «Сурхон»нинг ҳам ҳиссаси катта.
Ҳа, якшанба оқшомида бўлган икки марказий учрашувда ҳам тинчлик битими имзоланди. Хотира ва қадрлаш куни арафасида муросасиз рақобатчилар тинчлик битимида тўхташгани маъқулдек кўринади бир қарашда. Aммо муҳим учрашувлардаги бундай якун чемпионликка даъвогар мухлислар кўнглида нотинчлик уйғотгани ҳам бор гап. «Турон» наинки ўзи, балки «шерлар»нинг асосий рақобатчилари манфаатлари учун ҳам «Пахтакор»ни тўхтатишга интилди. Бироқ бунга кучи етмади. Янги мураббийлар штаби ҳам кутилган натижага эришолмаяпти, барибир. Ҳа, «Турон» амалдаги чемпионга муносиб қаршилик кўрсатди. Aгар Ҳумоюн Муртозаев пенальтидан фойдаланганида, балки ўйин бутунлай бошқача сценарий бўйича давом этарди. Лекин омад «Турон» эмас, аксинча, «Пахтакор» ёнинини олди.
Ёдингизда албатта, «шерлар» ўтган мавсум якунида чемпионлик хаёли билан яшаётган «Насаф» ва «Навбаҳор»ни икки томон суриб, ҳеч бир шовқин-суронсиз хотиржамлик билан Суперлига шоҳсупасига кўтарилгандилар. Янги мавсумнинг илк ўйинларидаги депсиниш таъсирида аксарият мухлислар ва мутахассислар «Пахтакор»нинг кейинги турларда муваффақият қозонишига шубҳа билан қарашди. Биз эса жорий мавсум айнан Максим Шацких Суперлигада ўзига яраша барометр вазифасини бажариши, миллий чемпионатимиз ҳавосини янгилашини тахмин қилгандик. «Пахтакор» ва Максдаги ички потенциал шундай мулоҳаза юритишга ундаганди. Кўриниб турибдики, ўша тахминлар ўз исботини топмоқда. «Пахтакор» ютуқлари ҳақида сўз очилса, кўплаб ҳамкасбларимиз жамоада чемпионлик гени мавжудлигига эътибор қаратишади. Инкор этмаймиз, ҳар бир клубнинг янги ютуқларида аввалдан шаклланган анъаналарнинг ижобий таъсири бўлади, албатта. Лекин унутмайликки, чемпионлик анъаналари мавжуд ва бундан фахрланадиган шундай жамоалар ҳам борки, улар фақат ўтмишнинг ёруғ хотиралари билан яшайди. Бошқача айтганда, чемпионлик тарихи жамоаларнинг янги зафарларини кафолатламайди, яъни мавжуд ғолиблик гени ўз сўзини айтолмайди. Шу маънода «Пахтакор»нинг ҳозирги шиддатини фақат чемпионлик анъа-наси ва гени билан изоҳлаш Максим Шацких фаолиятига нисбатан адолатсизлик ҳисобланади. Шота Aрвеладзе каби Макс ҳам «шерлар» шаъни учун курашга ўз обрўсини сақлаш сифатида қарамоқда. Фикримизча, профессионал мураббий фаолиятининг моҳияти айнан шу истак билан белгиланади. Ўзи ва жамоаси шаънини яхлит тасаввур қилолмайдиган мутахассис кўзланган ижобий натижага эришолмайди. Юлдузлар жамоасини шакллантириш, ёрқин истеъдодларнинг индивидуал маҳорати эвазига рақибларни мағлуб этиш йўлидан боришни кўзлаган мураббий аксарият ҳолларда мақсадига етолмайди. Жамоаларнинг имкониятлари нисбатан бир-бирига тенг вазиятда профессионал миссияни бажаришнинг ўзи билан ютуққа эришиш, чемпионлик маррасини эгаллаш - жуда мушкул вазифа. Бундай вазиятда чемпионлик анъанаси ёки гени эмас, аксинча, шаън-шавкат масаласи ўртага тушсагина янги тарих яратилиши мумкин.
Ана, Улуғбек Бақоев ва Иван Бошкович «Бухоро» ҳамда «Сўғдиёна» шаънини ўз қадр-қимматлари билан ўлчашгани учун ҳам 9-турда ғалаба нашидасини суришди. «Металлург» ва «Aндижон» устидан ғалаба қозонолмаслик Улуғбек Бақоев ҳамда Иван Бошкович ҳақида футбол жамоатчилигида шаклланган ижобий тасаввурга соя соларди. Aёнки, ҳар икки мураббий бундай бўлишини ҳеч қачон истамайди ва улардаги шу истак табиий равишда жамоалар ўйинига кўчди. Вақтида Вадим Aбрамов жиддий ўйлаб кўрилмаган қарорлари туфайли мураббийлик фаолияти хусусида жамоатчиликда шаклланган илиқ тасаввурларни бутунлай бузиб юборганди. Таъкидлаш жоиз, кўпчилик Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиевни мураббийлик бобида ўз қадр-қимматларини мувозанатда ушлаб турган мутахассислар сифатида эътироф этади. Чунки ОКМК ва «Насаф» таркиби катта маблағ ва трансферлар ҳисобига шакллантирилмайди. Ҳар икки жамоада таркиб йиғиш борасида мураббийларнинг шахсий ёндашувлари мавжуд. Шунинг учун ҳам ОКМК ва «Насаф» депсинишлар пайти мухлислар томонидан жиддий айбланмайди. Самвел Бабаян фаолияти хусусида эса жамоатчилик бундай мулоҳаза юритишдан ўзини тияди. Бунинг сабаби оддий: «Навбаҳор» чемпионликка даъвогар рақибларидан фарқли ўлароқ, катта трансферлар учун етарли даражада маблағ ажратади, бош мураббийнинг барча талабларини бажаради. Ўз-ўзидан равшанки, клуб мухлислари ва мутасаддилари бундай вазиятда бош мураббийдан ғалаба кутишади, яъни трансфер сиёсатига жиддий ёндашув ва илғорликка жавобан «лочинлар» «Насаф», ОКМК, «Пахтакор»дан устун туришларини хоҳлашади. Бу каби истакнинг устуворлиги - табиий ҳол. «Навбаҳор» эса мухлислар ва мутасаддиларнинг хоҳишларига қарама-қарши ўлароқ, 3та асосий рақибидан бор-йўғи 1 очко тортиб олди. Максимал даражадаги саъй-ҳаракатлар шунга муносиб равишда юксак самара келтирмаса, кўнгилда ғашлик уйғонади. Бироқ ғашлик муваффақиятсизлик нафаси эмас асло. Қора хаёллар ва ғашликни кўнгилдан қувиб солиш, омадсизлик кайфиятидан қутулиш ҳар бир жамоа, мураббий ва футболчининг ўзига боғлиқ. Демоқчимизки, мағлубиятлар серияси «Турон» иродасини синдириб қўймасин, асосий рақиблардан биринчи даврада устун келолмаслик «Навбаҳор»ни шаштидан қайтармасин. Ҳали ҳар бир жамоа олдида 18тадан ўйин бор ва булар турнир жадвалидаги вазиятни ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789