Ақлга сиғмас рекорд, яна Мессисиз...

Ақлга сиғмас рекорд, яна Мессисиз...

АҚШ футболида мухлисларнинг стадионга ташрифи бўйича ақлга сиғмас рекорд қайд этилди.

Боз устига, Лионель Мессиси бор «Интер Майами» ёки бошқа маҳаллий клуб иштирокидаги ўйин эмас, балки бегоналар қарама-қаршилигида. Шунчаки, оловли учрашув...

16 октябрь куни АҚШ футболи мексиканча классик дербига ўз бағрини очди. Аниқроғи, «Америка» ва «Чивас Гвадалахара» клублари ўртасидаги ўртоқлик (!) ўйини Пасадена шаҳрида жойлашган «Роуз Боул» стадионида ташкил этилди. 2:0 ҳисобида «Америка» ғалабаси билан якунланган шу норасмий учрашув мухлис йиғиш бобида АҚШ ҳудудида клублар миқёсида қайд этилган рекордни янгилади. Хуллас, бегоналар - «Америка» ва «Чивас» ўртасидаги «ўртоқлик»ни аренада 86134 мухлис бевосита кузатди. Қўшма Штатларда ҳаттоки, Лионель Мессини кўриш учун ҳам шунча мухлис стадион сари талпинмаган ҳали.

Айтганча, АҚШ футболидаги олдинги рекорд ҳам айнан «Роуз Боул» стадионида расмийлаштирилганди. Ўшанда MLS тақвимидан ўрин олган «Лос-Анжелес Гэлакси» ва «Лос-Анжелес» ўртасидаги расмий ўйин 82110 мухлис тўплаганди.