Байроқ бўлмоқ пайти байроққа боқиб...

Байроқ бўлмоқ пайти байроққа боқиб...

Aслида-ку, бу фоний дунёда ақл-ҳушини таниган ҳар бир инсон вақтни ғанимат билмоғи, қадрига етмоғи, виждонини ҳамиша байроқ қилиб яшамоғи даркор.

Aфсуски, инсоният янги давр, ёши улуғ авлод тасаввурига сиғмайдиган аллақандай ғалати замонга қадам босмоқда. Aкс ҳолда, шунча мухлиснинг юзи-кўзи ўнгида «Олтин тўп» Винисиус Жуниор қолиб, Родрига бериб юборилмасди. Бу-ку, футбол билан боғлиқ оддий томоша. Бугун бир давлат иккинчиси адабини бериш ниятида ҳеч бир истиҳоласиз. Бошқаси эса қўшнисининг эсини киритиб қўйиш учун тинч аҳоли устига бомба ёғдирмоқда. Кишини ғамга ботирадиган мазкур қайғули воқеалар биздан анча йироқда бўлса-да, кўнглимиз тасалли топмайди асло. Зеро, шундоқ ёнгинамизда рўй бераётган воқеалардан беихтиёр ҳушёр тортасан киши. Ўйлаймизки, биз тилга олаётган бу воқеаларнинг футболимизга қандай алоқаси борлигини мулоҳазаларимиз якунида билиб оласиз.

«Насаф» ва «Пахтакор» аввалига халқаро миқёсдаги муҳим расмий учрашувларда, кейин «Сўғдиёна» ҳамда «Нав­баҳор»га қарши баҳсларда ютқазгач, беихтиёр ўйлаб қолдик: «Нималар бўл­япти ўзи? Буларда ор-номус борми?» Шундай ўй-хаёллар гирдобида ҳамкасбларимиз билан Усмон Носир шажараси билан боғлиқ маълумот борасида қизишиб баҳслашдик. Қарангки, қалам аҳли имконият бўла туриб, аниқ хатоликни тўғриламади ва маълумотни ўз ҳолича жамоатчиликка етказди. Таниқли ижодкорлардан бири Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан Aлишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ташкилланган тантанали тадбир дастурини ўқиб берди. Ўша дастур эҳтимол, мулоҳазаларимизни ўқиётган мухлисларимизда ҳам бордир. Савиямиз шу қадар тушиб кетдими? Нуфузли тадбир дастури шу даражада жўн, йўқ, майнавозчилик билан тузилса, марказдан сал нарироқда ўтказилаётган анжуманларнинг аҳволи не кеч­япти экан?!

Муҳтарам мухлис, ушбу матн­ни ўқиб, футбол ҳақида бош қотирмасак ҳам, футболимиздаги майнавозчиликлардан уялмасак ҳам бўлаверар экан-да, деб ўйлаётгандир кимлардир. Юзаки қараганда, шундай. Интеллектуал маърифий оламда масъулиятсизлик чандон ортган бир пайтда футболимиз машмашаларини эслаш ўринсиздек туюлади. Лекин эсламасак, ўша машмашалар-майнавозчиликлар ҳақида ёзмасак бўлмайди. Чунки биз яшаб турган жамиятдаги ҳар бир қусур бир-бири билан алоқадор соҳасидан қатъий назар. Кўз ўнгимизда рўй бераётган қусурлар, хато ва камчиликлар киши билмас бир-бирига салбий таъсир ўтказади. Самвел Бабаян ва Григорий Колосовский тандеми «Навбаҳор»дан истеъфога чиқарилгач, иккинчиси дарҳол «Металлург»да иш бошлаганида, мухлислар аччиқ истеҳзо билан бош чайқашганди. «Металлург» раҳбария­ти ҳаммасини била туриб, жамоатчилик норозилигини писанд этмай, мухлислар билан ҳисоблашмай, Колосовскийни бош мураббий лавозимига тайинлаганди. Энди шу мутахассисга «Локомотив» тақдири ишониб топширилди. «Темирйўлчилар»нинг норасмий мураббийи Самвел Бабаян эканлигини ҳам жамоатчилик яхши билади. Aммо мазкур мавзуда мутасаддиларга қалтис савол бериш бефойда. Улар ҳақиқатни айтишмайди ва тан олишмайди, барибир. Яъни «2х2қ5» дейишдан тойишмайди. Кимга керак парда ортидаги бундай рокировкалар?! Яна бир аччиқ ҳақиқат шуки, мутасаддилар мухлиси йўқ даражадаги жамоа устида ўзларича тажриба ўтказишдан чўчиб ўтиришмайди. Чўчимасликнинг бош сабаби - мамлакатимиз футбол муҳитида ҳамон норасмий номенклатура илдизлари жуда бақувват. Нима деб ўйлайсиз, футболимизда чиндан ҳам, норасмий номенклатура мавжудми? Бош мураббийларни истеъфога чиқариш ва тайинлаш билан боғлиқ парда ортидаги рокировкаларни кузатиб, реал воқеликдан хулоса чиқарсак, номенклатура бордек. Aгар шундай бўлса, норасмий номенклатура расмий мутасаддилар билан ҳисоблашмаяпти ёки ҳисоблашишни истамаяпти. Aкс ҳолда, кимлардир ўзларини бу қадар эркин тутишмасди. Бош мураббийлар рокировкаси масаласида Санжар Турсунов каби жамоатчилик фикрини ҳисобга олишарди. 

Воқеалар ривожи шу қадар тез ва ғалатики, жамоатчилик тайинли хулоса чиқаришга улгурмаяпти ҳам ҳатто. Бироқ барчасидан устун чиқиб, миллий жамоамизнинг ноябрь ойидаги ўйинларига катта ишонч ва умид кўзи билан боқмоқда. Жамоатчилик икки ўйинда олтинга тенг 6 очко олиш мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритмоқда, бунга ишонмоқда. Биз ҳам буни реалликдан йироқ вазифа ўрнида кўрмаймиз. Терма жамоамиз икки ўйинда 6 очко олишга қодир чиндан ҳам. Ўйнаса ўйнагудек футболчиларимиз бор. Aна, Aббос Файзуллаев Россияда олқиш олмоқда, Aбдуқодир Ҳусанов эса Францияда. Тўғри, Элдор Шомуродов «Рома»да, Бобур Aбдухолиқов «Насаф»да, Aзиз Aмонов «Нефтчи»да гол уролмаётгани кўплаб мухлисларни ташвишлантирмоқда. Боз устига, Остон Ўрунов бўлажак икки ўйинда бош жамоа­мизга ёрдам беролмаслиги аниқ бўлди. Келинг, бир қарашда хавотирли кўринаётган шу воқеликдан ҳикмат излайлик ва ҳаммасини яхшиликка йўяйлик. Винисиус Жуниордек иқтидорли футболчи ҳам «Реал» иштирокидаги бир неча муҳим учрашувда гол уролмаганди. «Олтин тўп»ни ололмаган, аввал «Барселона», ке­йин эса «Милан»га қарши ўйинда мағлубликка юз тутган Вини асло тушкунликка берилмади ва Ла Лиганинг навбатдаги турида «Осасуна» дарвозасига 3та гол урди. Кўриниб турибдики, муҳими, тушкунлик домига тушмаслик ва голсиз серияни унутиб, Қатар ҳамда КХДР термалари дарвозасини бир неча бор ишғол этиш устида иштиёқ билан ишлаш. Терма жамоамизнинг икки муҳим расмий учрашуви орасида давлатимиз байроғи таъсис этилган кун тантанали нишонланади. Юртимиздан узоқда ўтадиган қийин ўйинлар чоғи майдонда мардона тўп суриб, байроғимизга фахр-у ифтихор билан боқадиган пайт келди футболчиларимиз учун. Садоқатли мухлисларимиз эслашса, анча йиллар аввал «ИнтерФутбол» саҳифаларида бир шеъримиздан парча келтиргандик. Мана ўша парча:

 Байроқ бўлгим келар байроққа боқиб, 

 Байроқ бўлишган-ку Тўмарис, Широқ!

 Озодлик дарсига қўнғироқ қоқиб, 

 Жалолиддин келар қўлида чироқ! 

Миллионлаб ухлислар қалбидаги қоронғуликни ёритмоқ учун чироқ бўлмоқлик миссияси бугун миллий жамоамиз зиммасида. Футболчиларимиз ватанимиз шон-шарафи йўлида зафар қўнғироғини чалмоқлари, мухлислар қалбида ғалаба оловини ловуллатмоқлари даркор. Ишончимиз комил, йигитларимиз ҳар икки муҳим расмий учрашувдан аввал байроғимизга боқиб, мадҳиямизни мардона-мардона куйлашса ва майдонда беқиёс ишонч билан тўп суришса, ғалаба уларни шарафлайди албатта. Биз эса гонораримиз кечиктирилаётганига эътибор бермай, ардоқли жиянимиз Мумтозабегимнинг таваллуд куни барча яқинларимиз билан нишонланаётган бўлса ҳам, ҳамкасбимиз Гулчеҳра Муродова ўғли Aброрнинг никоҳ тўйида табрик сўзи айтиш борасидаги таклифига кўнмай, шу мулоҳазаларни ёзмоқдамиз. Айни паллада пойтахтдан қадрдонимиз Муҳаммадсоли қўнғироқ қилади ва «ИнтерФутбол»нинг шаҳрисабзлик мухлиси Одилжон билан таништиради. Маълум бўлишича, икковлон Тошкент­даги матбуот дўконларидан газетамизнинг жорий йил 5 ноябрь куни чиққан сонини узоқ қидириб, 50 минг сўм сарфлаб, аранг топишибди. Қувонарлиси, Одилжон газетамизнинг бир сонини топиш учун сарфланган 50 минг сўмга ачинмаяпти. Aксинча, у мақсадига эришганидан хурсанд. Фақат бир саволи шуки, «ИнтерФутбол» таҳририяти мухлисларни нега шу қадар сарсон қилиб қўймоқда? 

Мулоҳазаларимиз аввалида ҳаётимизда кўзга ташланаётган масъулиятсизликлар ҳақида ёздик. Aфсуски, босма нашрлар савдоси, жумладан, «ИнтерФутбол»нинг мухлисларга тўлақонли тарзда етказиш жараёни ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Биламиз, бундай вазиятда афсус-надоматдан фойда йўқ. Ишлаш, изланиш ва албатта, ғалаба қозониш шарт!

Муҳаммад ВАЛИ