Бир ўхшамаса қийин-да...

Бир ўхшамаса қийин-да...

1 февраль куни 21-тур доирасида «Монпелье» меҳмони бўлган Лига 1 пешқадами «ПСЖ» Парижга ишончли ғалаба билан қайтди - 3:1.

 Бироқ жамоа етакчиларидан бири Килиан Мбаппе даҳшатли оқшомга юз тутди - «қотил» мисоли голеадор аввалига 1та пенальтини икки бора кўкка совурди, кейин бўш дарвозага тўп киритолмади ва ўйинни жароҳат билан якунлади. Ҳа, баъзан шунақаси ҳам бўлади - бир ўхшамаса қийин-да.

Учрашувдаги асосий драма 7-дақиқада кузатилди: Лионель Месси жарима зарбасидан тўпни оширгач, Кристофер Жульен ҳужумга қўшилган Серхио Рамосни қоидага хилоф тарзда тўхтатиб қолди - пенальти. Одатдагидек, «нуқта»га Мбаппе яқинлашди ва тўпни дарвозанинг чап бурчаги томон йўллади. Фақат тўп дарвозабон учун қулай баландликда учди ва Бенжамин Лякомт жамоасини қутқарди. Ҳакам эса кипер зарбадан олдин чизиқдан чиққанини пайқаб, Мбаппега иккинчи имкониятни тақдим этди. Қарангки, Килиан иккинчи уринишда ҳам гол уролмади - бу сафар дарвоза устунини нишонга олди. Франциялик ҳужумчи шундан сўнг яқин масофадан тўпни «ўз жойи»га солиб қўйиши мумкин эди, лекин ўта ноаниқ (баланд) «ўқ» узди. Яримта имкониятдан ҳам самара чиқарадиган тўпурар учун мислсиз омадсизлик! Боз устига, Килиан кўп ўтмай, ҳимоячи Лео Леруа ижросидаги қўпол «подкат» оқибатида жароҳатланди. Хуллас, футболчи 21-дақиқада оёғини ушлаганча ўтириб олди.

Мбаппе майдондан чиқиб кетар экан, оғриқ жуда кучли эканлигини яширмади, тиббиёт ходимларига нимадандир нолиди. Унинг ўрнига эса нисбатан тажрибасиз Юго Экитик тушди. Шунга қарамай, «ПСЖ» кучлироқ кўринди ва якунда Мбаппесиз ҳам 3:1 ҳисобида устун келди. Фабиан Руис эса бош қаҳрамонга айланди: аввалига ўзи гол урди, кейин нозик узатма билан Лео Мессига ассистентлик қилди. Хуллас, Париж жамоаси ўз очколари сонини 51тага етказиб, пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлади. 

«Монпелье» билан баҳсда бразилиялик Неймар ҳам қатнашмади. «ПСЖ» баёнотига кўра, бунга унинг мушакларидаги зўриқиш сабаб бўлди. Айтганча, Неймар 5 февраль куни 31 ёшга тўлди. Эҳтимолки, у шунчаки, мавжуд анъанани бузишни хоҳламагандир. Чунки бразилиялик юлдуз аввалги туғилган айёмлари арафасида ҳам майдонга тушмаганди. Қолаверса, Рамос ҳам «Монпелье»га қарши ўйинда майдондан эрта чиқиб кетди. Бир қарашда, «ПСЖ»ни энг тиғиз паллада жароҳатлар қоплаб олгандек. Ҳар ҳолда, парижликларни олдинда 14 февраль кунига белгиланган «Бавария»га қарши муҳим ўйин (ЧЛ 1|8 финали илк учрашуви) кутмоқда.