26 ёшли ҳимоячи 2 марта рақиб жамоа дарвозасини ишғол этиб, ўз жамоасининг чорак финалга чиқишига улкан ҳисса қўшди. 4 йил муқаддам Демирал «Танишиб қўяйлик» блогида меҳмон бўлганди. Ўшанда навқирон ҳимоячи «Спортинг» ва «Сассуоло»да кўриниш берган, «Ювентус»да маҳоратини оширган, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни қўллаб-қувватлаган ва Роналду билан дўстлик ришталарини боғлаганди.
Самарасиз фаолият
Кўпчилик Мерихдан «Ювентус»да ҳам, Евро-2020га тайёргарлик кўраётган терма жамоада ҳам ёрқин ўйинлар ва порлоқ келажакни кутганди. Бироқ амалда бундай бўлмади. «Кекса синьора» сафида Мерих жароҳат олгани боис, кўп ўйнай олмади, жарроҳлик муолажасини олишга мажбур бўлгач, асосий таркибдан тушиб қолди. Евро-2020 эса пандемия туфайли кечиктирилди. Мазкур кечикиш Мерихга турнирда қатнашиш имконини берган бўлсада, унга фақат омадсизлик олиб келди. Мусобақанинг Италияга қарши очилиш учрашувида Демирал ўз дарвозасини ишғол этиб, старт беллашувида автогол қайд этган дастлабки футболчи мақомини олди. Умуман, ўша турнир Туркия терма жамоаси учун ҳам ўта омадсиз бўлиб, у гуруҳдаги барча ўйинларда мағлубиятга учради. Ўта ёмон кайфият билан ортга қайтган ҳимоячини туринликлар кераксиз ҳисоблаб, «Аталанта»га «сургун» қилишди, бир йилдан кейин сотиб юборишди.
Бергамоликлар таркибидаги икки мавсумни Мерих бир хил натижа билан ўтказди - 28та ўйинда биттадан гол. Уни Жан Пьеро Гасперини жамоасида муҳим ўйинчи эди дейиш муболаға бўларди. Шу сабабли «Аталанта» «Ал-Аҳли»нинг таклифини ўйлаб ўтирмасдан қабул қилди. Саудияликлар Демирал учун 20 млн. евродан воз кечишди, маблағнинг 10 фоизи «Ювентус»нинг ҳисоб рақамига тушди.
Албатта, «Ал-Аҳли» Мерихга моддий жиҳатдан қисиб қўймади. Бироқ Саудия чемпионатига футболчилар ўйнаш учун эмас, фаолиятларини якунлаш учун йўл оладилар. Демирал эса ўша паллада 25 ёшда эди. Наҳотки у ўзининг иззатталаблигидан воз кечиб, яккаланиб қолишга рози бўлса? Афтидан, бунинг ўзига яраша сабаблари бўлган. Мерих ўзининг футболчилик фаолиятини қайтадан бошлаш мақсадида Европани тарк этганди.
Ўтган йил сентябрида Туркия терма жамоаси мураббийлигини ўз зиммасига олган Винченцо Монтелла эса туркиялик ҳимоячининг «А» сериясидаги ўйинларидан яхши хабардор эди ва уни ўз жамоасига таклиф этди. Шу сабабли Демиралнинг Европа чемпионатига ташрифи сюрприз бўлмади. Мерих жамоанинг 1- ва 3-ўйинларида рисоладагидек тўп сурди, 2-учрашувда эса жамоаси 0:3 ҳисобида имкониятни бой бераётган ўйиннинг охирги 15 дақиқасида захирадан майдонга тушди.
Австрияга қарши баҳс бенефиси
Фаворит сифатида эътироф этилган Австрия терма жамоасига қарши баҳснинг илк дақиқасида, аниқроғи, 57-сонияда Мерих ҳисобни очди. Бу Евро турнирлари плей-офф босқичидаги энг тезкор гол эди. Иккинчи бўлимда 3-рақамли ҳимоячи 2-голини урди. У танаффусга қадар дубль соҳиби бўлиши мумкин эди. Лекин ҳимоячининг икита гол урганининг ўзи ҳам юксак натижа. Бундай муваффақиятга франциялик Жан-Франсуа Домерг 1984 йилда эришганди. Бироқ Мерихнинг асосий вазифаси ўз жамоаси дарвозасини қўриқлаш эканлигини унутмаслигимиз керак. Тўғри, рақиб жуда кўп хавфли вазиятларга эга бўлди, турклар дарвозабони Мерт Гюнок бир нечта ажойиб сэйвларни намойиш этди. Лекин ҳимоя чизиғи ишончли тўп сурди, Мерих яккакурашларда кўпинча ғолиб чиқди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Адолатли қарор, иккинчи номзод - Гюнок бунга эътироз билдирмаган бўлса керак.
Мерих Демиралнинг Австрияга қарши намойиш этган сермаҳсул ўйинидан кейин шарҳловчиларда ўринли савол юзага келди: бу йигит Саудия Арабистонида нима қиляпти? Риёд Маҳрез, Роберто Фирмино ва Эдуар Мендилар билан ҳамкорликда «Ал-Аҳли» шарафини ҳимоя қилмоқда. Демирал жамоаси ички чемпионатда совриндор учликдан жой олди. Бироқ зикр этилган ўйинчиларнинг барчаси фахрийлар. Мерих эса энди 26га чиқди. Такрорлаймиз, Саудия лигасида ўйнашга мос бўлмаган ёш. Балки бу ўзини вақтинчалик сояга олишдир. Евро-2024даги самарали иштирокдан кейин, Демирал «кўҳна қитъа»нинг гранд клубларидан таклиф олишга ҳақли. Баланд бўйли, бақувват, оёқлари ва боши билан яхши ўйнайдиган, майдондаги вазиятни тўғри баҳолай оладиган ҳимоячи нахотки номдор клублар талабини қондира олмайди? «Ал-Аҳли» билан имзоланган шартнома муддати бир йилдан кейин поёнига етади. Шундай экан, Туркия терма жамоасининг етакчиларидан бирига қайси гранддан чорлов келишини кутиб қоламиз.
Содиқ СОБИР тайёрлади.