Шундай экан, у ФИФА таснифига кирувчи Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025 ҳақида маълум тушунча бера олади. Айни пайт келаси йил АҚШда 32та клуб иштирокида бўладиган янги турнир таркиби деярли тўлиқ ҳолга келди - Лионель Месси етакчилигидаги «Интер Майами» MLS мунтазам чемпионатидаги муваффақияти ортидан мезбон мамлакат вакили сифатида 31-қатнашчига айланди. Қолган яна бир йўлланма эса КОНМЕБОЛ вакили, яъни Либертадорес кубоги соҳибига насиб этади.
2007-2011 йиллар оралиғида сермаҳсул ўйинлари билан «Атлетико» ҳаётида катта из қолдирган Уругвай миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Диего Форлан фаолияти давомида «Интер», «Индепендьенте», «МЮ», «Вильярреал», «Интернаcьонал», «Сересо Осака», «Пеньяроль», «Мумбай Сити» ва «Китчи» клубларида ҳам ўйнаган. Хуллас, Форлан Европадан Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025га йўлланма олган 12та жамоанинг 2таси - «Атлетико» ва «Интер»ни жуда яхши билади. Яқин ўтмишнинг моҳир голеадори янги турнирда Европа клубларини мағлуб этиш қийин бўлишини яхши тушунади. Шунинг баробарида унинг фикрича, бошқа иштирокчиларда сенсация қайд қилиш имконияти йўқ эмас:
- Бир қарашда, Европа клублари фаворит ҳисобланади, уларда маълум даражада устун томонлари бор. Дейлик, «кўҳна қитъа» миллий лигалари ва еврокубокларда рақобат даражаси баланд. Шуни назарда тутсак, Европа вакиллари энг юқори нотада ўтадиган ўйинларга тайёрлар. Умуман, Клублар ўртасидаги ЖЧда кучли лигалар жамоалари бироз устунликка эга. Айниқса, Европа миллий чемпионатлари вакиллари. Жумладан, еврофутбол иқтисодий томондан ҳам анча ривожланган ва клубларда энг яхши футболчиларни сотиб олиш имконияти мавжуд. Оддий айтганда, Европа клублари таркиб бўйича анча рақобатбардош. Лекин унутмаслик керакки, халқаро турнирларда иштиёқ-хоҳиш ҳам катта роль ўйнайди. Дейлик, гуруҳ босқичидан кейин бошланадиган «плей-офф» баҳсларида ҳар қандай натижа кутиш мумкин. Зеро, бунда барчаси 1та ўйин воситасида аниқланади. Биламизки, бундай «ҳаёт-мамот» қабилидаги ўйинларда жуфтлик тақдирини энг кичик элементар ҳолатлар ҳам ҳал қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, бўлажак турнирда бошқа қитъалар вакиллари сенсация тақдим этишлари мумкин. Терма жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионати фикримга асосдир.
Клублар мундиали келаси йилнинг 15 июнь куни Майамидаги Hard Rock стадионида бошланади. Финал учрашуви эса 13 июль куни Нью-Йоркда жойлашган муҳташам MetLife аренасида бўлиши белгиланган. Қизиқ, Форлан жами 63та ўйинни ўз ичига оладиган янги турнир формати ҳақида қандай фикрда?
- Менимча, бизни жуда қизиқарли мусобақа кутмоқда. Биринчидан, турли қитъалар жамоалари 1 ой давомида мислсиз тажриба олиш имкониятига эга. Ишонинг, бу ҳар бир футболчи учун ажойиб мотивациядир. Бинобарин, клуб футболида бошқа қитъалар вакилларига қарши ўйнаш имконияти ҳар доим ҳам туғилавермайди. Ҳа, жамоалар ҳар йили мавсумолди турнеларида қандайдир ўртоқлик учрашувлари ташкиллаштириши мумкин. Лекин назорат ва расмий ўйин ўртасида катта фарқ борлигини ҳам яхши билади. Хуллас, барчамизни ўта ҳаяжонли ўйинлар кутаётгани аниқ.
Диего Форлан 2020 йили собиқ клубларидан бири «Пеньяроль» (у 2015-2016 йиллар айнан шу жамоада тўп сурган) бош мураббийи сифатида фаолият юритди. Уругвайнинг ушбу жамоаси ҳам Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025га чиқиш учун яхшигина имконият ҳосил қилганди. Бироқ «Пеньяроль» Либертадорес кубоги-2024 нимчорак финали биринчи ўйинида турнирнинг амалдаги ғолибига 0:5 ҳисобида ютқазиб, курашни давом эттириш эҳтимолини кескин пасайтирди. Форлан эса мазкур муваффақиятсизликдан бир неча кун олдин «Пеньярол»ни Клублар ўртасидаги ЖЧда кўришдан хурсанд бўлишини яширмаганди:
- Яна бир собиқ жамоам турнирга қўшилса, зўр иш бўларди. «Пеньяроль» бунинг учун Либертадорес кубогини ютиши керак. Агар ҳаммаси шундай ривожланса, икки ҳисса қувонишим турган гап.
Манба: fifa.com,
Х.ЮСУПОВ тайёрлади