«Чемпионат» нашри колумнисти Дмитрий Зимин миллий термамимз сардори бўлган ҳужумчининг «Рома»даги истиқболини таҳлил қилди.
2019 йилда Жозе Моуриньо Осиё Кубогини ТВ орқали шарҳлаш учун таклиф қилинганди. «Манчестер Юнайтед»ни эндигина тарк этган мураббий иштиёқ билан янги лойиҳага киришади. Ўшанда у илк марта Элдор Шомуродовнинг ўйинини кўрди.
Бироз вақт ўтгач, шахсий учрашув бўлиб ўтди. Уни футболчининг агенти Герман Ткаченко ташкил қилди. Шунда Элдор португалиялик мутахассис нафақат ўзини, балки статистикасини ҳам яхши билишидан ҳайратда қолди. Эсдалик сифатида бирга суратга тушишди. Шомуродов хурсанд эди, чунки у болалигидан Жозенинг «Челси» клубига мухлис эди.
Бир-икки йилдан кейин бу ёқимтой одам ҳужумчини бош мураббий сифатида танқид қилади, деб ким ўйлабди дейсиз. Corriere Dello Sport нашрига кўра, Моуриньо «Рома» раҳбариятига янги мавсумда Элдорни жамоада кўрмаётганини маълум қилган. Нашр хабарига кўра, «Рома» ҳужумчидан қутулмоқчи, чунки Элдор мавсумлар оралиғида мураббийда яхши таассурот қолдира олмаган. Аввалига клуб ёмон мавсумдан кейин футболчига имконият бермоқчи эди. Аммо, афтидан, у бу ишончни оқламади. Нашрнинг ёзишича, Элдорда А Сериянинг бошқа клубларидан вариантлар бор. Бироқ қизиқишлар у қадар кўп эмас.
Эҳтимолий кетиш учун муҳим сабаб – Пауло Дибаланинг таклиф этилиши. Аргентиналик футболчи «Ювентус»ни текинга тарк этгач, «Рома»ни танлашини кўпчилик кутмаганди. Лекин унинг танловида Моуриньо катта рол ўйнагандек кўринмоқда. У шахсан Дибалага қўнғироқ қилиб, янги мавсумдаги катта вазифалар ва амбициялар ҳақида гапирган. Ва у айнан аргентиналик форвард атрофида жамоа қуришни ваъда қилган.
Асослар иш берди, яхши маош эса қўшимча рағбатга айланди. Умуман олганда, «Рома» ёзги трансфер кампаниясини жуда зўр ўтказмоқда. Клуб Жозенинг деярли барча талабларини қондирди. Зеки Челик «Лилль»дан, Миле Свилар «Бенфика»дан, Неманья Матич эса «Манчестер Юнайтед»дан олиб келинди. Дарҳақиқат, асосий позициялар мустаҳкамланди. Демак, мураббий энди футболчилар сони ошиб кетишига йўл қўймаслиги мантиқан тўғри
Бир неча футболчи аллақачон «Рома»ни этишган, Италияда эса Шомуродов кейингиси бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиришмоқда. Унга учта ўртоқлик ўйинида имкон берилди, аммо у катта таассурот қолдирмади. Шу сабабли, унинг кетиши фақат стратегияга боғлиқ бўлиши мумкин: клуб трансфер ойнаси ёпилгунча кутиб туради ва энг яхши таклифни танлайди.
Ўтган мавсумда Шомуродов қандай ўйнади?
Унчалик яхши эмас. Элдор ўзи дастлаб Жеконинг ўрнига олинганди, аммо унинг ўрнини боса олмади. Кўп нарса Моуриньонинг ўзи учун таниш бўлган Тэмми Абраҳам билан шартнома имзолаганига боғлиқ бўлди. Шундай бўлса-да, мавсум бошида Шомуродовга имконият берилди. Кейин эса захира ўриндиғида ўтириб қолди ва фақат ўйин охирларида майдонга туширилди. Якунда 9 ой ичида атиги 5 та гол, Римда буни кутишмаган эди.
Норозилик чўққисига йил бошида чиқилди. «Рома» ўз майдонида «Ювентус»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этаётганди. Кейин майдонга Шомуродов тушди ва ўйин 3:4 ҳисобида якунланди. Моуриньо ҳаммани, шу жумладан, Элдорни ҳам қаттиқ койиди. «Рома» мухлислари эса футболчини тахминан қуйидагича таърифлай бошлашди: унда истеъдод бор, лекин руҳий қаҳр йўқ. Усиз эса Моуриньо жамоасида ҳеч нарса қилиб бўлмайди.
Баҳорда Шомуродов ўйин амалиётидан норози эканини очиқчасига айтди.
«Рома»даги ўйин учун берилаётган вақтдан норозиман. Кўпроқ ўйнашни хоҳлайман. Моуриньо билан муносабатим? Яхши. Эҳтимол, аввалгидек эмас, лекин ҳали ҳам яхши. Клуб билан шартномам бор. Агар кўпроқ ўйнасам, қоламан. Аммо энди захира ўриндиғида ўтиравериш истагим йўқ», дея футболчи сўзларини келтирди RomaPress.net.
Кейинчалик бу сўзлар рад этилди. Футболчининг сўзлари нотўғри талқин этилгани айтилди. Аммо барибир қалбда қандайдир доғ қолди. Кейинги 10 ўйинда ҳужумчи бор-йўғи 83 дақиқани ўтказди. Шубҳасиз, шунчаки тасодифан эмас. Бироқ, мавсум охирида умид ўчоғи пайдо бўлди. Италияда буни машғулотлардаги машаққатли меҳнат билан боғлашди – у мураббий эътиборидан четда қолмади. Мавсум охирида бир неча ўйинларда ва ҳатто Конференциялар Лигаси финалида «Фейенорд»га қарши ўйинда майдонга тушди.
Бироқ, энди «Рома»даги даври ниҳоясига етаётгандек туюлмоқда. Ечимлар кам: ё учинчи ҳужумчи бўлиб қолиш ёки бошқа клублардан вариант излаш.
www.kun.uz таржимаси.