Дубайда Қирғизистон термасига қарши кечган учрашув томонлар келишувига биноан, мутлақо ёпиқ тарзда ташкиллаштирилди. Яъни стадионга на мухлислар ва на ОАВ вакиллари киритилди. Ўйиндан олдин Отабек Шукуров («Фотиҳ Қорагюмрюк») ва Жалолиддин Машарипов («Пансерраикос») БААга етиб боришди. Муҳими, Сречко Катанец шогирдлари қўшниларимизни муаммосиз мағлубиятга учратишди - 4:1. Енгилгина репетиция!
SamvelKarlenich каналида берилган шарҳга кўра, бош мураббий Сречко Катанец Қирғизистон термасигад қарши баҳсда 2 хил таркибни синаб кўрди. Бош жамоамиз ўйинни ўзи учун одатий 3-4-3 чизмасида бошлади. Дарвозани Ўткир Юсупов қўриқлаган бўлса, ҳимоя марказидан Умар Эшмуродов, Рустам Ашурматов ва Муҳаммадқодир Ҳамроалиев учлиги жой олди. Чап қанотни Шерзод Насруллаев, ўнг тарафни эса Азиз Турғунбоев ёпишди, майдон марказида эса сардор мақомида тўп сурган Одил Ҳамробеков ва Диёр Холматов жуфтлиги ҳаракатланди. Олдинги звенонинг чап томони Аббос Файзуллаев, ўнг тарафи Ҳожимат Эркиновга топширилди, марказий ҳужумчи ролини Бобур Абдухолиқов бажарди.
Сречко Катанец иккинчи бўлим олдидан таркибда 9 нафар футболчини алмаштирди ва жамоа схемаси ҳам 4-3-3га ўзгартирилди. Дарвозада Ботирали Эргашев пайдо бўлди, ҳимоянинг чап қанотига Фаррух Сайфиев, ўнг тарафига Зафармурод Абдураҳматов қўйилди. Танаффусда фақат ҳимоя марказидан жой олган Эшмуродов - Ашурматов тандеми алмаштирилмади. Майдон марказида эса Жамшид Болтабоев, Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машарипов триоси ўйнай бошлади. иккинчи 45 дақиқаликда ҳужумкор ҳаракатларга чапда Остон Ўрунов, ўнгда Шаҳбоз Умаров ва марказда Азиз Амонов жавоб беришди. Иккинчи бўлим давомида шунингдек, Ғолиб Ғайбуллаев ва Абдурауф Бўриев ҳам ўйинга қўшилишди. Ғайбуллаев бурчак зарбасидан сўнг боши билан гол уриш баробарида учрашув якунида иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан эртароқ чиқиб кетди. Умуман олганда, вакилларимиз ўйинда тўлиқ устунликка эришишди, назоратни бой беришмади. Қирғизистон термаси ягона голини эса жарима зарбаси воситасида урди. Асосийси, миллий жамоада дебют қилган Диёр Холматов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Ғолиб Ғайбуллаев, Зафармурод Абдураҳматов ва Абдурауф Бўриев ҳам жуда ижобий таассурот қолдиришди. Тўғри, бунда рақиб даражасини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Қолаверса, Қирғизистон миллий жамоаси етакчиларидан бири, «Неман» (Беларусь) клубининг 23 ёшли чап қанот вингери Гулжигит Аликулов жароҳат туфайли майдонга тушгани йўқ. Ўз навбатида, миллий жамоамизда йиғинга қўшилмаган легионерлар ва жароҳатдан тикланаётган футболчилар ушбу учрашувни ўтказиб юборишди.
Ҳозирча ҳужум марказида жароҳатланган Элдор Шомуродов ўрнини ким эгаллаши номаълумлигича қолмоқда. Терма жамоанинг деярли барча позицияларида яхшигина рақобат юзага келган. Жумладан, вингерлар, марказий ҳимоячилар, чап қанот ҳимоячилар ва марказий ярим ҳимоячилар борасида катта танлов мавжуд.
ЎЗБЕКИСТОН - ҚИРҒИЗИСТОН - 4:1 (1:0)
25 декабрь. Дубай (БАА).
Голлар: Аббос Файзуллаев (23), Азиз Аманов (53), Жалолиддин Машарипов (55), Ғолиб Ғайбуллаев (80) - Бахтияр Дуйшобеков (74).
Ўзбекистон (биринчи бўлим): Ўткир Юсупов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Умар Эшмуродов, Рустам Ашурматов, Шерзод Насруллаев, Одил Ҳамробеков, Диёр Холматов, Аббос
Файзуллаев, Азиз Турғунбоев, Ҳожимат Эркинов, Бобур
Абдухолиқов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Ботирали Эргашев, Зафармурод Абдураҳматов, Фаррух Сайфиев, Жамшид Болтабоев, Жамшид Искандеров, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Шаҳбоз Умаров, Азиз Амонов, Ғолиб Ғайбуллаев, Абдурауф Бўриев.
Қирғизистон (биринчи бўлим): Исламкулов, Акматов,
Козубаев, Сагинбаев, Жиргалбек уулу, Абдураҳмонов,
Шукуров, Кими Мерк, Сталбеков, Батирканов, Жумашев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Алмазбеков, Жоэль, Мишенко, Кай Мерк, Кадиржанов, Ахматалиев, Дуйшобеков, Нурланбеков, Мамиралиев, Азаров.
***
Афсуски, жароҳатланган Элдор Шомуродов ёнига Ҳусниддин Алиқулов ҳам қўшилди. Марказий ҳимоячимиз Туркия Суперлигаси 18-туридан ўрин олган «Қосимпоша» - «Ризеспор» ўйинининг 36-дақиқасида сафдан чиқди. Ҳозирча жароҳат даражаси юзасидан аниқ маълумот берилмади. Натижага келсак, «Ризеспор» ортга 2:2 ҳисоби ва 1 очко билан қайтди. Якшанба куни эса Ўзбекистон терма жамоасининг БАА чемпионатидаги вакиллари майдонга тушишди. Абдулла Абдуллаев «Хорфаккан»нинг «Ал-Ваҳда»га қарши уй ўйини (Про лига 12-тури)да тўлиқ вақт ҳаракатланди ва 86-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Муҳими, мезбонлар якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Азиз Ғаниевнинг клуби - «Шабаб Ал-Аҳли» эса «Ал-Васл» билан ўйинда ҳисобда олдинда бора туриб, аламли мағлубиятга юз тутди - 1:2. Миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси мазкур учрашунинг 90-дақиқасидагина ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Ғаниев бунга қадар, 82-дақиқада сариқ карточка олди.
***
SamvelKarlenich каналида келтирилишича, Осиё кубогида қатнашиш учун Швециянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари футболчилари фуқароликни алмаштиришди. Аниқроғи, 3 нафар футбол Осиё термалари сафига кўчиб ўтди:
Айхам Усу («Хэкен»), миллий жамоанинг 23 ёшли марказий ҳимоячиси - Сурия
Монтадер Мажид («Хаммарбю»), U-19 термасининг 18 ёшли вингери - Ироқ
Леонардо Шахин («Фалькенберг»), U-19 термасида ўйнаган 20 ёшли ҳужумчи - Ливан
***
Саудия Арабистони терма жамоаси дарвозабони Муҳаммад ал Овайс Осиё кубогини ўтказиб юборади. «Ал-Ҳилол» вакили белидаги муаммо туфайли операция столига ётади ва камида 2-3 ой майдонга тушолмаслиги мумкмин. Қатардаги мусобақада ал Овайс ўрнини ўтган йили Тошкентда ўтказилган U-23 тоифасидаги Осиё кубогининг энг яхши дарвозабони Наваф ал Ақидий («Ал-Наср») эгаллайди. Ал Овайс 2018 ва 2022 йилги ЖЧда Саудия Арабистони термаси дарвозасини қўриқлаганди.
***
ОК-2023даги биринчи рақибимиз - Сурия термаси охирги 2 ой ичида шубҳали тарзда Жанубий америкалик 4 нафар футболчини маҳаллийлаштирди. Бу борада SamvelKarlenich каналида бонг урилди.
ФИФА Низоми 3-боб 7-моддасида терма жамоани ўзгартириш учун қуйидаги шартлардан бири бажарилиши кўзда тутилган:
a) Футболчи бошқа мамлакатда туғилган бўлиши;
b) Онаси ёки отаси бошқа мамлакатда туғилган бўлиши;
c) Бобоси ёки бувиси бошқа мамлакатда туғилган бўлиши;
d) 18 ёшдан кейин бошқа мамлакатда камида 5 йил яшаган бўлиши.
Қизиқ томони, Сурия паспорти берилган аргентиналик 3 нафар ва колумбиялик бир нафар футболчи юқоридаги шартларнинг ҳеч бирига тўғри келмайди. Мамлакат футбол ассоциацияси эса футболчиларнинг катта бобоси ёки аждодлари Сурияда туғилишганини аргумент сифатида келтирмоқда. Аммо ФИФА Низомида катта бобо ёки аждодлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Айтганча, ФИФА яқинда Индонезияда ўтказилган U-17 тоифасидаги ЖЧда Франция термаси таркибида ўйнаши мумкин бўлмаган футболчи бўйича жамоага қарши ҳеч қандай чора кўрмади. Бунда шикоят хати мусобақа бошланишидан 5 кун олдин юборилган тақдирдагина кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди. Демак, Сурия термасида содир бўлаётган қонунбузарлик ҳолати бўйича ҳозирдан хабар берилсагина, бирор натижага эришиш мумкин.
***
Эрон миллий жамоаси ОК-2023га ҳозирча Теҳрондаги Миллий футбол марказида тайёргарлик кўрмоқда. Маълум қилишича, марказда сув ва электр энергияси таъминотида узилишлар бор ва футболчилар қийинчиликларга дуч келишмоқда. Чунончи, анчадан бери коммунал хизматлар учун тўлов амалга оширилмаган. Шунингдек, электр кабелларининг бир қисми ўғирлаб кетилгани айтилмоқда. Бу вақтда Эрон термаси етакчи футболчилари бош мураббий Амир Галеноидан ҳимоячи Ҳуссайн Канонини Осиё кубогига олиб бормасмасликни сўрашмоқда. Тез-тез можаролар марказига тушадиган ҳимоячи сентябрь ойида терма жамоадан четлатилганди. Аммо Галенои ҳимоядаги муаммолар ортидан уни таркибга қайтарди. Канони яқиндагина «Персеполис» сафида дарвозабон Алиризо Бейранванд билан ҳам урушиб кетгач, клубдан номаълум муддатга четлатилган. Эслатма, Канони Тошкентдаги CAFA кубоги финалида қизил карточка олгач, майдонни тарк этмасдан можаро келтириб чиқарганди.
***
Парагвай миллий жамоаси 2024 йилнинг март ойида Ўзбекистон термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш истагини билдирган. «Маълум бўлишича, Жанубий Америка вакили март ойидаги ФИФА кунлари Москвада Россия термасига қарши майдонга тушади. Қисқаси, парагвайликлар иккинчи «ўртоқлик»ни Тошкентда Ўзбекистон термаси билан ўтказишни режалаштиришган. Аммо миллий жамоамиз март ойида ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Гонконг термасига қарши сафар ва уй учрашувларида майдонга тушади. Бу эса Парагвай миллий жамоаси билан ўйнаш имкониятини йўққа чиқарган», - дейилади SamvelKarlenich канали хабарида.
***
Prem Ftbl канали Осиё кубогига йўл олаётган футболчилардан ўзига хос рамзий терма жамоа тузди. Таркибга қараб, Осиё фақат Япония ва Ж.Кореядан иборат эмас қабилида ўйлаш мумкин, албатта. Аммо тан олиш керак, ушбу икки мамлакатда футбол даражаси Осиёнинг бошқа жойларига нисбатан анча илгарилаб кетган. Хуллас, ижодкорлар рамзий жамоага япониялик 7 ва кореялик 3 нафар футболчини қўшишди. Фақат дарвозага бошқа мамлакат (Австрилия)дан номзод танланди.