евро-2024 атрофида: ЭНГ ТЕЗКОРИ - ФЕРРАН ТОРРЕС

евро-2024 атрофида: ЭНГ ТЕЗКОРИ - ФЕРРАН ТОРРЕС

Евро-2024 финалидан олдин испаниялик Ферран Торрес ҳал қилувчи ўйинда иштирок этадиган футболчилар орасида энг тезкори сифатида эътироф этилди

 Турнир давомида унинг энг юқори суръати соатига 36 километр тезликка етган. Иккинчи натижа ҳам Испания термаси вакилига тегишли - Нико Уильямс (35,8 километр|соат). Англиялик Кайл Уокер эса 34,8 километр|соатга тенг натижа билан 3-ўринда қайд этилди.

ОМАДСИЗЛАР РАМЗИЙ ЖАМОАСИДА КИМЛАР БОР?

Испаниянинг Marca нашри Европа чемпионати финали олдидан турнирнинг энг омадсиз футболчиларидан ўзига хос рамзий жамоа тузди. Жумладан, Германияда 1та ҳам гол урмаган Криштиану Роналду ҳам салбий таснифга эга ушбу «рамз»дан жой олди. Виртуал жамоа ҳужумида португалиялик юлдузга шерик сифатида бельгиялик Ромелу Лукаку ва сербиялик Душан Влахович танланди.

Евро-2024нинг энг омадсиз футболчилари рамзий жамоаси

Дарвозабон: Доминик Ливакович (Хорватия)

Ҳимоячилар: Жованни ди Лоренцо (Италия), Жанлука Манчини (Италия), Андреас Кристенсен (Дания), Александр Зинченко (Украина)

Ярим ҳимоячилар: Сергей Милинкович-Савич (Сербия), Жон Макгинн (Шотландия), Доминик Собослаи (Венгрия)

Ҳужумчилар: Душан Влахович (Сербия), Ромелу Лукаку (Бельгия), Криштиану Роналду (Португалия)

МУРАББИЙЛАР ФАОЛИЯТИГА ТАЪСИР

Англия футбол ассоциацияси мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида. The Times нашрида ёзилишича, яқин кунларда 53 ёшли мутахассис билан шу йил якунида ўз кучини йўқотадиган шартномани янгилаш юзасидан музокара бошланади. Эслатма, англия­лик собиқ ҳимоячи «уч шерлар» бошқарувини 2016 йили қўлга олганди. Саутгейт Евро-2020да ҳам Англия миллий жамоасини финалга олиб чиққанди. 

Швейцария футбол ассоциацияси эса Мурат Якин билан шартнома муддатини узайтиришга улгурди. Хуллас, 49 ёшли мутахассис Швейцария миллий жамоасидаги ишини давом эттиради. Шунингдек, унинг ёрдамчиси Жоржио Конти ҳам жамоа штабида қоладиган бўлди. Франция футбол федерацияси эса миллий жамоа бош мураббийи Дидье Дешам ўз лавозимида қолишини маълум қилди. Ваҳоланки, бош фаворит саналган Франция термаси ярим финалда испанларга имкониятни бой бериб, мусобақа билан эрта хайрлашди. «Дешамнинг келажаги бўйича шубҳаланишга арзийдиган сабаб кўрмаяпман. Аввалги натижалар унинг фойдасига хизмат қилмоқда, зеро, олий мақсадларга эришилганди. Хуллас, Дидье ишлашда давом этади», -деди Франция футбол федерацияси раҳбари Филипп Диалло.

МЮЛЛЕР БУНДЕСТИМДАН КЕТАДИ...

Футбол тарихидаги энг совриндор германия­лик - Томас Мюллер бундестим билан хайрлашишга қарор қилди. Bild нашри хабарига кўра, фахрий ярим ҳимоячи|ҳужумчи халқаро фаолиятига нуқта қўйганини яқин кунларда расман маълум қилади. Маълумот учун, Германиянинг 12 карра чемпиони саналган Мюллер мамлакат бош жамоасида 2010 йили дебют қилганди. У шундан 4 йил ўтиб, Бразилия мундиалида 5та гол урди ва якунда жаҳон чемпиони бўлди. Умуман, Томас 14 йил давомида бундесмашина либосида жами 131 марта майдонга тушиб, 45та гол урди.