Евро-2024: Ҳужумкор футбол устун келди, барибир

Евро-2024: Ҳужумкор футбол устун келди, барибир

Евро-2024нинг биринчи ярим финал ўйинида Луис де Ла Фуэнте бошчилигидаги Испания терма жамоаси Францияни мағлуб этди (2:1).

Дастлаб Пиреней ярим ороли вакиллари тезкор гол ўтказиб юборишганига қарамай, биринчи бўлимнинг ўзида ирода кўрсатишди. Мбаппенинг узатмасидан сўнг Коло-Муани ҳисобни очган бўлса, Ямаль супер зарбаси билан мувозанатни тиклади. Ольмо эса ғалаба тўпини киритди. Ҳа, ҳужумкор футбол ҳимоявий, прагматик футболдан устун келди, барибир! Испания 2012 йилдан бери илк марта Евро финалида ўйнайди ва эътироф этиш жоиз, ўша пайтда испанлар Италияни мағлуб этиб, турнир чемпиони бўлишганди (4:0). Эслатиб ўтамиз, бу терма жамоа Европа чемпионати финалига 5-марта чиқди.

* 16 ёшу 362 кунлигида гол урган Ламин Ямаль Евро финал босқичи тарихидаги энг ёш гол муаллифи бўлди. Вингер шу тариқа 2004 йилдан бери сақланиб келаётган швейцариялик ҳужумчи Йохан Фонлантеннинг рекордини ортда қолдирди. Шунингдек, Ямаль терма жамоалар миқёсида йирик турнирлар ярим финалида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди ва бу борада у Пеленинг натижасини (17 ёш 244 кун) яхшилади.

* Хесус Навас Европа чемпионатлари тарихидаги энг кекса ярим финалчи бўлди. Испаниялик ҳимоячи аввалги рекордни уч кунга ортда қолдирди. Германия термаси собиқ дарвозабони Йенс Леманн Туркияга қарши Евро-2008 ярим финалида (3:2) 38 ёшу 228 кунлигида ўйнаганди.

* Дани Олмо йирик халқаро турнирда кетма-кет учта плей-офф ўйинида гол урган биринчи испаниялик футболчи бўлди. Евро-2024да Олмо Грузия, Германия ва Франция терма жамоалари дарвозаларини ишғол этди.

* Рандаль Коло-Муанининг испанлар дарвозасига 9-дақиқада киритган гол Франция термаси учун Европа чемпионатлари плей-офф тарихидаги энг тезкор гол бўлди. ЖЧ-2022 ярим финалида ҳам форвард Марокаш термаси дарвозасига гол урганди (2:0). Бундан ташқари, у жаҳон ва Европа чемпионатларининг ярим финалларида гол урган Франция терма жамоасининг тарихдаги 3-ўйинчиси бўлди. Ундан олдин Мишель Платини (ЖЧ-1982 ва Евро-1984) ва Зинедин Зидан (Евро-2000 ва ЖЧ-2006)лар шу ишни уддалашган.

 

ИСПАНИЯ - ФРАНЦИЯ - 2:1 (2:1)

9 июль. Мюнхен. «Альянц Арена» стадиони. 62042 томошабин.

Бош ҳакам: Славко Винчич (Словения).

Голлар: Ямаль (21), Ольмо (25) - Коло Муани (9).

Испания: Унаи Симон, Навас (Вивиан, 58), Начо, Лапорт, Кукурелья, Фабиан Руис, Родри, Ольмо (Мерино, 76), Уильямс (Субименди, 90+3), Ямаль (Ферран Торрес, 90+3), Мората (Ойарсабаль, 76).

Франция: Меньян, Кунде, Упамекано, Салиба, Тео Эрнандес, Канте (Гризманн, 62), Рабьо (Камавинга, 62), Тчуамени, Дембеле (Жиру, 79), Мбаппе, Коло-Муани (Барколя, 63).

Огоҳлантиришлар: Навас (14), Ямаль (90+1) - Тчуамени (60), Камавинга (89).

Ўйиннинг энг яхши футболчиси: Ламин Ямаль (Испания).

 

10 июль

23:59 НИДЕРЛАНДИЯ - АНГЛИЯ

 

ТЎПУРАРЛАР:

Гакпо (Нидерландия) - 3та

Мусиала (Германия) - 3та

Микаутадзе (Грузия) - 3та

Шранц (Словакия) - 3та

Беллингем (Англия) - 2та...

 

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.