Фантазия: Мағлубият учун компенсация

Фантазия: Мағлубият учун компенсация

«Тоттенхэм» АПЛ 32-турида «Ньюкасл»­га 1:6 ҳисобида ют­қазди - шармандали натижа.

Эътиборли томони, Лондон клуби ўйиндан сўнг «Сент-Жеймс Парк»ка борган мухлисларга чипта пули қайтарилишини маълум қилди. Бир қарашда, ғалати, иккинчи томондан, ўринли қарор! Қизиқ, АПЛнинг барча клублари мағлубиятлардан кейин шундай йўл тутганида, энг кўп тўлов қай бири чекига тушарди?

*** 

Жорий мавсумнинг энг омадсиз иштирокчиларидан бири - «Саутгемптон» 32-турга қадар 20 марта мағлубият кўчасига кирди. Жамоа фанатлари эса салбий ҳисоб билан якунланган ўйинлар чипталари хариди учун жами 32,8 миллион фунт сарфлашган. Агар фақат уй учрашувларини ҳисобга олсак, «авлиёлар» 10та мағлубият учун мухлислардан 12 миллион қарздорлар. Сафардаги 10та мағлубият баҳоси эса 20 «лимон»­га тенг, ахир йўл ҳақи ва бошқа харажатлар ҳам бор.

*** 

«Лестер»нинг 32та турдаги 20та мағлубияти баҳоси бирозгина пастроқ - 31,9 миллион фунт. Аслида «тулкилар» мухлислари 1та чиптага ўртача ҳисобда «Саутгемптон» тарафдорларига нисбатан камроқ сарфлашган, қолаверса, жамоанинг мағлубиятли ўйинларини кўпроқ киши кузатган. Фақат «Лестер» сафарда камроқ ютқазган.

*** 

«Вест Хэм»да 15та мағлубият ортидан каттагина қарз (деярли 25,5 миллион фунт) юзага келарди агарда омадсиз ўйинларга компенсация жорий қилинганида. Чунончи, Лондон жамоасининг 1та ўйинини ўртача ҳисобда 50 мингдан кўп фанат кузатмоқда, боз устига, чипта баҳоси ҳам баландроқ. 

*** 

«Эвертон», «Борнмут», «Ноттингем Форест», «Лидс», «Вулверхэмптон» ва «Кристал Пэлас» жамоаларининг эса 20 миллионфунтдан кўп тўлашига тўғри келарди АПЛда мағлубият учун тўлов тизими бўлганида...