Саудияликлар трансфер бозорида яна бир мислсиз катта қадам ташлашга тайёр эдилар. Ваҳоланки, араб клублари жорий трансферлар бозорида унча тўполон кўтаришгани йўқ. Дейлик, «Астон Вилла»дан сотиб олинган Мусса Диаби энг қимматбаҳо футболчи бўлди (60 миллион евро). Лекин саудлар шунинг баробарида футболни ақлдан оздирувчи трансферга тайёр тургандилар. Globo хабарига қараганда, Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси (PIF) вакиллари мамлакат спорт вазирлиги номидан Винисиус Жуниор билан музокарага киришиб, унга ...1 миллиард евро (!!!) таклиф этишди, аммо...
The Athletic нашри томонидан аниқлаштирилишича, бразилиялик вингерни «Ал-Аҳли»га чорлашган. Томонлар чамаси бир ой давомида музокара олиб боришгани ҳам маълум қилинди. Саудия жамғармаси бу орада Винисиусга ҳам, «Реал»га ҳам қандайдир ноқулайлик туғдирмасликка ҳаракат қилди. Агар «Мадрид» ижобий жавоб берганида, «Ал-Аҳли» расмий таклиф юборарди. Якунда Испания чемпиони бразилиялик вингер билан хайрлашмоқчи эмаслигини билдирди. Винисиус шунга қарамай, Саудияга йўл олиши мумкин эди. Чунки араблар унинг «Реал» билан 2027 йилгача тузилган шартномасида кўрсатилган товон пулини тўлиқ тўлашга тайёр эдилар. Гап «қандайдир» 1 миллиард евро ҳақида кетмоқда. Қўшимчасига, саудияликлар Винисиуснинг ўзига ҳам 5 йиллик шартнома асосида яна 1 миллиард евро (бонуслардан ташқари) бермоқчи эдилар. Бунақаси спорт оламида нарса ҳеч қачон кузатилмаган. Бироқ Винни якунда Европа футбол марказида қолишни маъқул кўрди. Қойил!
Қизиқ, Саудия Арабистони томони бир футболчига нега шунча маблағ сарфламоқчи? Ҳаммаси ЖЧ-2034га бориб тақалади. Саудия турнирга ягона даъвогар саналсада, ҳали расман мезбон сифатида тасдиқлангани йўқ. Тўғри, ҳозирда 2034 йилги мундиал Арабистон ярим оролида меҳмон бўлишига шубҳа қолмади. Давлат инвестиция фонди эса Винисиусни Саудия элчиси ва миллий лига «юз»ига айлантирмоқчи эди. Агар трансфер амалга ошганида, бразилиялик тарихдаги энг қимматбаҳо ва энг кўп маош олувчи спортчига айланарди. Эслатма, футбол тарихидаги энг йирик трансфер 2017 йили амалга ошган - Неймар 222 миллион евро эвазига «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтганди. Энг кўп маош оладиган футболчи эса - бу Криштиану Роналду (португалиялик юлдузнинг «Ал-Наср»даги йиллик даромади 200 миллион еврога тенг). Айтганча, The Athletic нашрида ёзилишича, Винисиус таклифни рад этиш баробарида «Реал»да бахтли эканлиги ва «Олтин тўп» ютишга ҳаракат қилишини айтган бўлсада, «Ал-Аҳли» ҳам, Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси ҳам бу масалага ҳали қайтмоқчи. Қачон? Бунисини энди вақт кўрсатади.
Ўринли иНвестиция
Дарвоқе, «Реал» вингери яна бир хайрли ишга қўл урди. Бемалол эътироф этиш мумкин, бир неча йиллардан буён ўз ватани Бразилияда хайрия тадбирларида фаол қатнашаётган ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланаётган Винисиус Жуниор бу борада янги босқичга кўтарилди. Виннининг хайрия йўналишидаги навбатдаги қадами - фаолияти тўхтаб қолган мактабни қайта тиклаш. Қойилмисиз? Қисқаси, яқиндагина арабларнинг мислсиз таклифлари (5 йил учун 1 миллиард евро)ни қабул қилмаган Винисиус энди бюджет танқислиги туфайли қаровсиз қолдирилган давлат мактаби биносини тиклашни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, «Реал» футболчиси бинони тўлиқ таъмирлаш учун ўз ҳисобидан чамаси 3 миллион евро ажратади. Энг муҳими, ижтимоий марказ ўз ҳолига ташлаб қўйилган мактабда бепул таълим олиш баробарида спорт билан шуғулланиш имкониятини яратади. Шунингдек, янги даргоҳда Бразилия маданиятини кўтаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ўз ўрнида айтиш керак, Винисиус кам таъминланган талабалар учун яратилган Vini Jr Institute таълим дастури асосчиси ҳисобланади.
Д.АЛИМОВ тайёрлади