Футбол атрофида: Винисиус, асосийси қолди, барибир!

Футбол атрофида: Винисиус, асосийси қолди, барибир!

Бразилия миллий жамоаси вингери Винисиус Жуниор болаликдаги асосий орзулари ёзилган ихчам рўйхатни оммага кўрсатди.

Унда атиги 8та орзу битилган. Лекин қандай орзулар-а...?! Муҳими, футболчи 22 ёшига қадар уларнинг деярли барчасини амалга оширишга улгурди, фақат асосийси муаллақ қолмоқда.

Ҳа, Бразилия миллий жамоаси ва «Реал» клуби вингери Винисиус Жуниор болаликдаги энг асосий 8та орзусини бир парча қоғозга алоҳида ёзиб қўйган экан. Тушунарлики, улар футбол билан боғлиқ, албатта. Яна шуниси аниқ, Винисиус орзулар рўйхатини шунчаки, ҳавас учун шакллантирмаган, балки уларни рўёбга чиқариш йўлида тинимсиз шуғулланган, машаққатли синовларни енгиб ўтган.

Энди Винисиус Жуниор орзулари рўйхати билан танишиб чиқамиз: 

Ўзи ёқтирган клуб сафида ўйнаш.

- Жаҳон чемпионатида ғалаба нашидасини суриш.

- Дунё футболидаги энг катта клубда тўп суриш.

- Бразилия миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилиш.

- Дунёдаги барча болаларга илҳом бағишлаш.

- «Эль-класико»да гол уриш.

- Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш.

- Бразилияликларга қувонч улашиш.

Винисиус ўз рўйхати остига чиройли сўзларни қўшимча қилганини ҳам алоҳида айтиш керак. «Ҳар доим эсда тутинг - қўрқув шунчаки, иллюзия!» - буниси энди файласуфларга хос қараш. Энг таъсирли томони, бразилиялик юлдузча 22 ёшига қадар ўша 8та орзусидан камида 7тасига эришди:

- Ўзи ёқтирган клубда ўйнамоқда.

- Дунё футболидаги энг катта клубда тўп сурмоқда.

- Бразилия миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

- Дунёдаги барча болаларга илҳом бағишламоқда.

- «Эль-класико»да гол урди.

- Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди.

- Бразилияликларга қувонч улашмоқда.

Демак, биттагина бўғин қолди - Бразилия термаси билан жаҳон чемпионатида зафар қучиш. Буниси учун энди камида яна 4 йил сабр қилиши керак.