ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: «Дортмунд»нинг энг йирик сотувлари

ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: «Дортмунд»нинг энг йирик сотувлари

2022|2023 йиллар мавсумини Бундеслиганинг энг яхши футболчиси мақомида якунлаган Жуд Беллингем энди «Реал» шарафини ҳимоя қилади.

 Бунинг учун «қироллик клуби» Дортмунднинг «Боруссия»сига 103 млн. ва турли бонуслар кўринишида 31 млн. евро берадиган бўлди. Шу тариқа Жуд энг қимматбаҳо англиялик футболчига айланди. Бироқ бу «арилар»нинг рекорд сотуви эмас. Хўш, жамоа қайси ўйинчиларидан мўмай даромад эвазига воз кечган ва уларнинг кейинги фаолиятлари қандай кечмоқда?

Усмон Дембеле турлича савиядаги «Барселона»га дуч келди

«Ренн»дан «Боруссия Дортмунд»га 35 млн. евро эвазига ўтган франциялик ҳужумчи 1 йилдан кейин ўз фаолиятидаги дастлабки соврин - Германия Кубогини қўлга киритиб, 140 млн. эвазига Каталонияга йўл олди. Кубок финалида «Айнтрахт» дарвозасига гол урган бўлсада, Усмоннинг жамоа билан хайрлашуви самимий тарзда ўтмади. «Барселона» Неймарни сотиб юборганидан кейин Дембелени харид қилганди. Кейин бир неча ой Усмоннинг жароҳатлардан фориғ бўлишини кутди. Дембеле 2019Ғ20 йиллар мавсумида деярли майдонга тушмади, 2 марта чемпионликка эришди, омадсиз мавсумларни бошдан кечирди, сўнгги мавсумда яна «Барса»нинг шоҳсупага кўтарилишига ёрдам берди. Хави уни жуда қадрлайди.

Беллингем 3 йилда шиддатли ривожланди

Англиялик ёш иқтидорни «Боруссия» 2020 йилда «Бирмингем»дан 30 млн. еврога харид қилди ва у билан 3 мавсумни муваффақиятли ўтказди. Шу қисқа давр ичида 19 ёшли Жуд дунёнинг етакчи ярим ҳимоячилари сафидан жой олди. Қўшимчасига, у сўнг­ги жаҳон чемпионатида ҳам шунчалик ишончли ўйнадики, ҳатто Рой Киндек талабчан мутахассис ҳам ҳайратдан ёқа ушлади. Бундеслигадаги ўтган мавсумда Жуд ҳаммадан кўпроқ алдамчи ҳаракатларни амалга оширди, фол ишлаш бобида иккинчи, тўпни рақиблардан тортиб олишда етакчи ўнликдан жой олди ва сермаҳсуллик борасида 12 (8}4) балл тўплади. Унинг «Реал»га ўтиши узоққа чўзилган бўлсада, баҳс фақат трансфер қиймати ва муддати хусусида бўлди. Ниҳоят, томонлар келишувга эришдилар.

Санчо Дортмундда зўр эди, Манчестерда эса...

Англиялик ёш иқтидорни «Боруссия» «Манчестер Сити»дан 20 млн. еврога харид қилганди. Орадан 4 йил ўтгач, Манчестернинг 2-грандига 4 баравар қимматроққа пуллади. Дембеле каби Санчо ҳам Дортмунддан Кубок (у ҳам финалда гол урди, ҳатто 2та) ва Суперкубок соҳиби сифатида қайтди, Бундеслигадаги 3 мавсумда 81 (37}44) балл жамғарди. Ўшанда у эндигина 21га чиққанди. Табиийки, бу билан трансфер бозорини ўзига қаратди. Лекин «МЮ»да барча орзулари рўёбга чиқаётгани йўқ. Ўйин амалиёти борасида Жейдон ҳатто етакчи ўнликка кўтарила олмади. Шу боис, клубни тарк этиши ёки «Боруссия»га «сургун» қилиниши хусусида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Пулишич ЕЧЛ ғолиблиги орзусида

16 ёшли иқтидорни ўз тизимига жалб этган «Боруссия» унга ёшлар жамоасидан жой берди. Тез орада Пулишич Томас Тухель даврида асосий таркибдаги дебютини нишонлади ва бир қатор рекордларни янгилади - «Арилар»нинг ЕЧЛдаги энг ёш ўйинчиси, энг ёш дубль муаллифи. 20 ёшли иқтидор учун «Челси» 64 млн. евродан воз кечди - АҚШлик футболчи учун ҳеч ким бунчалик кўп маблағ сарфламаган, «Боруссия» эса фақат Дембелени қимматроқ баҳода пуллаганди. 2 йилдан кейин Пулишич «Челси» билан ЕЧЛда ғолиб чиқди ва мақсадига эришди.

Обамеянг Дортмундни Кубок ва 2та Суперкубок билан тарк этди

Габонлик футболчи ҳам «Боруссия» билан жамоа ўйинчиси учун стандарт совринлар - Кубок ва Суперкубокларга сазовор бўлганидан кейин хайрлашди. 4,5 йил ичида у 141та гол урди ва айни гуллаган даврида жамоани тарк этди. Кейин Обамеянг сермаҳсулликни давом эттирди ва яна Кубок ва Суперкубокка эришди, фақат Англия­да. Кейин... тенгсиз маҳорат ва сермаҳсуллик ўтмишга айланди. 2022|2023 йиллар мавсумида 33 ёшли афсона АПЛ доирасида 5 марта майдонга тушди ва атиги битта гол урди.

Холанд - жаҳоннинг етакчи ҳужумчиси

Эрлинг 2019 йилда «РБ Зальцбург» билан ЕЧЛни «ёндириш» эвазига «Боруссия»га йўл олганди. Тез орада 20 млн. еврога харид қилинган ҳужумчининг энди тезлик ола бошлагани ойдинлашди. Норвегиялик мерган ЕЧЛнинг плей-офф босқичида «ПСЖ»ни супергол билан «сийлади», 89та ўйинда 86та гол урди ва «Манчестер Сити»да ҳам ўртача биттадан гол уришни давом эттирди. Унинг юксак савияси ва сермаҳсуллигини таърифлашга тил ожиз. Ҳозир «Сити» Холанд учун бор-йўғи 60 «лимон» сарфлаганига ишониш қийин. Нахотки, 4 ёки 5 баравар кўпроқ эмас, атиги 60 млн. эканлиги рост бўлса?

Мхитарян ҳатто рекорд харидда ҳам пул ишлашга имконият берди

«Боруссия» Генрихни «Шахтёр»дан ўз тарихидаги энг қиммат харид сифатида олиб келганди, 3 йилдан кейин 14,5 млн. қимматроқ баҳода сотиб юборди. Арманистонлик афсона айниқса, 3-мавсумни муваффақиятли (11 гол, 18 ассист) ўтказди. Кейин «МЮ», «Арсенал», «Рома» ва «Интер» каби номдор жамоаларда тўп сурди ва 2 марта еврокубок турнирларида зафар қучди. Лекин 3-нуфузли соврин учун курашда «Манчестер Сити»ни енга олмади.

Гётце 1 йилдан кейин ЖЧ финалида гол урди

Марио 2 марта «Боруссия» билан Бундеслигада ғолиб чиқди, ЕЧЛ финалида «Бавария»га нуфузли совринни бой берди ва азалий рақиб таркибига ўтди. Кейин ЖЧ-2014 финалида гол урди, «Бавария» сафида 100тадан кўпроқ ўйин ўтказди, аммо Мюнхен афсонаси бўла олмади. 2020 йилда клуб уни арзимас маблағ эвазига «ПСВ»га сотиб юборди.

Хуммельс ҳам «Бавария»да бўлган, лекин орт­га қайтган

Левандовски ва Гётцедан кейин «Бавария» Матс Хуммельсни ҳам ўз сафига жалб этганди. Бироқ Мюнхенда қадрланмаган марказий ҳимоячи Дортмундга ўтиб кетди ва 300тадан кўпроқ ўйинда қатнашган афсонага айланди. Тўғри, Матс «Бавария» билан 5 марта чемпион бўлди, лекин ЕЧЛда зафар қуча олмади. Унинг бахтига қарши, у айнан Дартмундга қайтган мавсумда «Бавария» нуфузли совринни қўлга киритди. Қўшимчасига, Бундеслигада ғолиб чиқиши аниқ бўлган «Боруссия» сўнгги турда чемпионликни бой бергани Хуммельс учун ўта аламли зарба бўлди.

Диалло дўстининг маслаҳати билан келганди, 1 йилдан кейин кетди

Дембеле Дортмундни жанжал билан тарк этган бўлсада, собиқ клубини дўсти Абду Диаллога тавсия этди. Мазкур келди-кетди «Боруссия»га катта манфаат келтирмади: 28 млн.га харид қилинган футболчи 1 йилдан сўнг 32 млн. сотиб юборилди. Диалло «ПСЖ»да 8та совринни қўлга киритган бўлсада, етакчи ўйинчи мақомига кўтарила олмади. У ҳозир «РБ Лейпциг»да ижара асосида тўп сурмоқда.

***

Агар топ-футболчилар рўйхатини 20 нафарга етказсак, 11-ўринни Илкай Гюндоган эгалларди. Гвардиоланинг «Сити»даги суперқаҳрамони 27 млн. эвазига келган. 20 млн. эвазига «Вест Хэм»га ўтган Андрей Ярмоленко ва Москва «Динамо»си аъзосига айланган Максимилиан Филипп кейинги поғоналарни банд этадилар. 2012 йилда 16 млн.га «МЮ» сафидан жой олган Шинжи Кагава рўйхатни якунлаб берди. Чунки Беллингемнинг «Реал»га ўтиши 2001 йилда «Парма»га 15 млн.ли Эванилсон трансферини етакчи йигирматалик рўйхатидан чиқариб юборди.

Манба: sports.ru, МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади