Футбол ва бизнес : 12 ЙИЛЛИК ҲАРАКАТ САМАРАСИ

Футбол ва бизнес : 12 ЙИЛЛИК ҲАРАКАТ САМАРАСИ

Бадавлат шайхлар ажратган йирик сармоя кўмагида қаддини ростлаб олган «Манчестер Сити» мавсум-2020Ғ2021даги муваффақиятлари ҳисобига ниҳоят, даромад бобида ҳам «МЮ»дан ўзиб кетди.

Тўғри, «шаҳарликлар»нинг бу йўлда узоқ йил изланишлари ва тинимсиз ишлашлари талаб этилди. Чунончи, футбол бизнес мақомини олганидан буён «МЮ» пул топиш борасида нафақат Англия, балки бутун дунёда етакчиликни қўлдан бермаётганди. Ҳаттоки, «қизил иблислар» ва бошқа топ-клублар ўртасидаги фарқ абадийдек туюлганди. Расмий маълумотларга қараганда, «МЮ» охирги 10 йиллик (2010-2020)да бизнес йўналишида 4,7 млрд. фунт топган, «Манчестер Сити», «Челси», «Ливерпуль» ва «Арсенал» каби клублардан ҳеч бири 4 миллиард довонига ҳам етган эмасди. 

*** 

Мана, янги асрнинг учинчи 10 йиллигига келиб, «МЮ»нинг молиявий гегемонияси ниҳоясига етгандек. Ҳар ҳолда, «Манчестер Сити» 2020Ғ2021 йиллар мавсумида даромад миқдори бўйича Англияда энг юқори кўрсаткични қайд этди - ўз тарихида илк марта! Рақамларда айтсак, «шаҳарликлар» азалий рақибларидан 75 млн. фунт («МЮ» - 494 млн., «Сити» - 569 млн.) кўп топишди. Ваҳоланки, «қизиллар» 1 йилча аввал ҳам 31 млн. фунтга тенг фарқ билан олдинда эдилар. Хўш, кескин ўзгариш қандай юз берди? Умуман, «Сити» ўртадаги катта фарқ (чамаси 100 млн. фунтдан кўп)ни ниманинг эвазига йўққа чиқарди? Бу Англия ва футбол олами бизнеси учун қандай аҳамиятга эга?

*** 

«Манчестер Сити»га «МЮ»дан кўпроқ пул топишда асосан 3та жиҳат қўл келди: коронавирус пандемияси, еврокубоклар ва молиявий йил муддатининг сурилгани. Биринчидан, «шаҳарликлар» ўтган мавсумни ўта муваффақиятли ўтказишди: ЕЧЛ финали, АПЛ чемпионлиги ва Лига кубоги. Айни шу парвоз таъсирида барча йўналишлар бўйича тушум ҳажми ортди. Фақат стадионларга мухлислар ташрифи ортидан йиғиладиган даромад бундан мустасно. Сабаби - барчага маълум чекловлар. Оддий ифода этганда, «Манчестер Сити» 2020Ғ2021 йиллар мавсумида 1 йил аввалгига нисбатан 92 млн. фунт кўпроқ топди:

АПЛ ТВ ҳуқуқлари: +60 млн. фунт

ЕЧЛ ТВ ҳуқуқлари: +47 млн. фунт

Ҳомийлик шартномалари: +26 млн. фунт

Ўйин куни тушуми: - 41 млн. фунт

Бундай шиддатли ўсиш ўта ҳайратланарли туюлсада, сабаби оддий. «Сити»га ЕЧЛдаги натижалар ва турнирлар тақвимига киритилган ўзгаришлар қўл келди. Гап шундаки, Европада клубларнинг молиявий йили 31 июнда ёпилади, бу паллада миллий чемпионатлар ва еврокубок турнирлари ниҳоясига етган бўлади. 1 июлда эса трансферлар ойнаси очилади. Лекин мавсум-2019Ғ2020да коронавирус туфайли турнирларни одатий муддатда якунлаш иложи топилмади. Хусусан, АПЛ 26 июль куни, ЕЧЛ эса 23 августда якунланди. Шунинг ортидан Англия чемпионати (26 млн.) ҳамда ЕЧЛ (9 млн.) ТВ ҳуқуқлари тўловининг маълум қисми кейинги молиявий йилга кўчирилди. Оқибатда 35 млн. фунтдан айрилган «Сити» мавсум бўйича Англиянинг энг сердаромад клублари рейтингида 3-ўринга тушиб қолди:

«МЮ» - 509 млн. фунт

«Ливерпуль» - 490 млн. фунт

«Манчестер Сити» - 478 млн. фунт

Кейинги мавсум эса ўша қолиб кетган 35 «лимон» «Сити» ҳисобига расмийлаштирилди. Умуман, агар «шаҳарликлар» ҳаммасини вақтида олишганида, ўша йилиёқ «МЮ»дан ўзиб кетишарди. «Манчестер Сити»нинг молиявий шиддати асосли бўлсада, унинг муносиб рақобат тақдим этганида рақибнинг коронавирусдан кўпроқ азият чеккани ҳам катта роль ўйнади, албатта. Чунончи, пандемия туфайли «МЮ»нинг даромади 20 фоизга пасайди, «Сити»да эса йўқотиш ҳаҳми 10 фоизни такил этди. 

*** 

«МЮ» 10 йил муқаддам молиявий томондан мутлақ гегемон эди. Дейлик, мавсум-2010Ғ2011да «Юнайтед» 331 млн. фунт топган ва бу «Сити» ва «Тоттенхэм» улушидан 2 баравар, «Ливерпул»никидан 1,8, «Арсенал» ва «Челси»никидан 1,5 баравар кўп эди. Шундан буён вазият кескин ўзгарди. Жумладан, 2015Ғ2016 ва 2016Ғ2017 йиллар мавсумлари якунида дунёнинг энг бадавлат клуби мақоми айнан «МЮ»га насиб этди. Бунда клубга Adidas билан тузилган 10 йиллик шартнома (умумий қиймати - 750 млн. фунт)нинг кучга киргани қўл келди. Пандемия даврида эса умумий вазият яна ўзгарди. Хусусан, 2020 йили таъқибчи клублар рейтингда «МЮ»га анча яқинлашиб олди: 

«МЮ» - 509 млн. фунт

«Ливерпуль» - 490 млн. фунт

«Манчестер Сити» - 478 млн. фунт

Бунинг асосий сабаби - ўйин куни (матчдей) тушуми деярли нолга тушгани. Бинобарин, клуб бу йўналишда ҳар мавсум чамаси 110 млн. фунт топарди. Шунингдек, ўйин савиясининг пасайиб кетгани ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатди. «Қаранг, МЮ» ЧЛнинг охирги 7 мавсумида атиги 2 марта гуруҳдан чиқди. Бу оралиқда чорак финал жамоа учун энг яхши натижа бўлди. «Манчестер Сити» аксинча, бу даврда 7 марта «плей-офф»га кўтарилди, финал ва ярим финал раундларида қанташди. Шу тариқа «шаҳарликлар» ва бошқа клубларда «МЮ»га етиб олиш имконияти туғилди. Чунончи, улар еврокубок мусобақаларидан кўпроқ улуш олдилар, мухлислар ташрифига ҳам боғланиб қолмагандилар. Таққослаш учун мавсум-2018Ғ2019нинг ўйин куни тушуми кўрсаткичларини келтирамиз: 

«МЮ» - 110 млн. фунт

«Арсенал» - 96 млн. фунт

«Ливерпуль» - 83 млн. фунт

«Тоттенхэм» - 81 млн. фунт

«Челси» - 66 млн. фунт

«Манчестер Сити» - 55 млн. фунт

*** 

«Юнайтед» масаласида ҳаммаси тушунарли. Қизиқ, «Сити» ниманинг эвазига катта пул топяпти? Жамоада ҳаммаси олиҳиммат ҳомийлар ажратадиган маблағ миқдорига боғлиқ эмасми? Ҳа ва йўқ. «Сити» ва БАА шайхлари муносабати - алоҳида мавзу. Ҳозирча рақамларни келтириш билан чекланамиз. «Шаҳарликлар»нинг даромади азалдан «МЮ»ники каби фақат ҳомийларга боғланиб қолган эмас. «Қизил иблислар» тижорат эвазига пул топиш бўйинча охирги 10 йиллик (2011-2021)нинг яққол етакчиси эдилар. Энди «шаҳарликлар» олдинда:

«Манчестер Сити» - 272 млн. фунт 

«МЮ» - 232 млн. фунт

Ваҳоланки, ўтган йили ҳам «МЮ» устун эди (279га 246 «лимон»). Шундай бўлсада, «МЮ»нинг ҳолати «Сити»га нисбатан ҳомийларга сал кўпроқ боғлиқ: 49га 49,7 фоиз. Бир томондан, «Сити»нинг барча йирик ҳомийлари БАА билан боғлиқ эмаслар. Лекин бошқа жиҳатдан қарасак, маълумотларга қараганда, бир қатор ҳамкорлар клуб соҳиблари билан яқин алоқадалар. Айни шу жиҳат анчадан буён УЕФАга тинчлик бермаяпти. 2020 йили ҳомийлик шартномалари қийматини сунъий равишда оширгани учун «Сити»ни еврокубоклардан четлатишган, бироқ кейин афсусланишганди. Ажабтовур ҳомийлар орасида бирор ходимсиз сохта компаниялар ҳам йўқ эмас. Жамоа йилига Etihad гуруҳидан 65 млн. фунт (45 млн. фунт футболкадаги логотип ва 20 млн. стадион номи ҳуқуқи учун) олади. Бундан ташқари, Puma 65 млн. ва Nexen Tire 10 млн. тўлайли йигига. Яна «Марафон» (букмекерлик гуруҳи) бор. 

*** 

Буёғи нима бўлади? «МЮ» яна молиявий жиҳатдан гегемонликка қайтиши мумкинми? Бунинг учун 3та омил зарур: мухлисларга тўла трибуналар, ЧЛда охирги босқичларга чиқиш ва ҳомийлик тушумини ошириш. Ҳомийлик даромади бобида силжиш бор - Tezos компанияси машғулотлар футболкаларидаги реклама учун йилига 20 млн. фунт (дейлик, «Интер» ва «Лион» бош ҳомийлариникидан кўп) тўлашга рози бўлди. Лекин шунда ҳам «МЮ»нинг ҳомийлик даромади «Сити»никидан кам. «Шаҳарликлар»даги иқтисодий ўсиш жаҳон футбол бизнесига сезиларли таъсир кўрсатди. 2009 йили шайхлар жамоаси «МЮ»дан 3 баравар кам пул топганди. Мана, 12 йил давомида шу камомад бутунлай йўқотилди. «Сити» шу кетишда дунёдаги энг сердаромад клубга айланиши ҳам мумкин. У 1 йилча олдин «Барселона», «Реал», «МЮ», «Бавария» ва «ПСЖ» каби клублардан ортда эди. Энди жамоа «Бавария», «МЮ», Реал», «Барселона», «Челси» ва «Тоттенхэм»дан олдинда... 

АЛОҲИДА

«Манчестер Сити» ҳамкорлари

• Etihad Airways (БАА миллий авиакомпанияси)

• Visit Abu Dhabi (Абу-Даби маданият ва туризм департаменти)

• Expo 2020 Dubai (БААдаги бутунжаҳон кўргазмаси-2020)

• Emirates PalaceAbu Dhabi (БАА меҳмонхонаси)

• Masdar (Mubadala Investment Company ташкилоти шўъба корхонаси)

• Healtpoint (Mubadala Investment Company таркибига кирувчи Абу-Даби шифохонаси)

• First Abu Dhabi Bank (БААнинг йирик банки)

• Etisalat (БАА миллий интернет-провайдери, Emirates Telecommunications Corporation савдо белгиси)

С.РАҲМОНОВ тайёрлади