Энди маълум бўлишича, бунга футболчининг «Атлетико»дан «Милан»га ўтгани сабаб эмиш. Оддий айтганда, Эллис Кампелло хоним узоқ йиллик турмуш ўртоғи изидан Италияга йўл олишни истамаган ва Альварода у билан алоқани узишдан бошқа чора қолмаган. Лекин ажрашувнинг бошқа сабаблари борлиги ҳақида ҳам миш-мишлар йўқ эмас. Бунга испаниялик футболчининг ўзи ҳам алоҳида тўхталди.
Италияга трансфер. 31 ёшли ҳужумчи асосий таркибдаги ўрнини йўқотгани ва охирги вақтлар ижтимоий тармоқларда кучли танқидларга юз тургани ортидан «Атлетико» билан хайрлашди. Шу тариқа Мората 2028 йилгача мўлжалланган шартнома асосида «Милан» сафига қўшилди. Италия клуби трансфер учун «Атлетико»га 13 миллион евро тўлади.
Миланда ёлғиз. Бироқ футболчининг рафииқаси Элис Кампелло Италия сафаридан бош тортди. Ваҳоланки, у айнан италиялик ҳисобланади. Қолаверса, жуфтликда 4 нафар фарзанди бор. Хуллас, фикрлар бир жойдан чиқмагач, эр-хотин ажрашишга қарор қилишди ва Альваро Миланга ёлғиз йўл олди.
Хиёнатми? Кейинчалик ижтимоий тармоқларда кутилмаган ажрашиш ортида жиддийроқ сабаб борлиги ҳақида маълумотлар чиқди. Яъни Испания миллий жамоаси ҳужумчиси турмуш ўртоғига хиёнат қилгани ва италиялик хоним бунинг учун уни кечиролмагани таъкидланди. Аммо Элис бу борада ошкора гапиришни хоҳламади.
Мората ҳаётидаги асосий аёл. Футболчининг ўзи кейинчалик ушбу гап-сўзларга реакция билдирди: «Ҳозир қандайдир бўшлиқ ичига тушиб қолгандекман. Қасам ичишим мумкин - Элисга ҳеч қачон хиёнат қилмаганман. У - ҳаётимдаги асосий аёл». Моратанинг қўлида маҳбубаси портрети борлигини ҳам таъкидлаш керак.