Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Мамлакатимиз спорт мухлисларига чексиз завқ-шавқ улашган, уларни ажиб ҳайратларга ошно этган Ханчжоу-2022 турнири ҳам якунланди.
19-Осиё ўйинлари ёпилиш маросимини томоша қилар эканмиз, чинликлар рақамли технология бобида чиндан ҳам, устаси фаранг бўлиб кетишганини англадик. Инсон тафаккури ва ақл-заковатининг бемисл мўъжизаси саналмиш бундай тантаналар томошаси учун футболни бир муддат нари сурсанг арзийди. Қойил! Тасанно! Сурур устига сурурнинг сабаби шуки, бу сафар юртимиз вакиллари Осиё ўйинларини умумжамоа ҳисобида фахрли 5-ўринда якунлашди, ҳар бир спорт турида соврин ютишди, медаллар сони бўйича тарихий натижа қайд этишди. Олдинда фақат Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистон термалари. Йиллар ўтиши билан жонажон Ўзбекистонимиз спорти қадам-бақадам анъанавий лидерларни қувиб ўтмоқда. 3 йилдан сўнг юртимиз вакиллари Нагоя-2026да яна юқорироқ ўриндан жой олишларига ишончимиз комил. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт режаси шуни тақозо этади. Зеро, айрим спорт турларида ватандошларимиз ҳатто мезбонларни ҳам ортда қолдириб, уларни аламга буркашди. Aйниқса, бадиий гимнастикачи Тахмина Икромованинг ютуғи чинакам зафар марраси сифатида таҳсинга лойиқ.
«Реал»нинг айрим мухлислари тажанглашишгани ўз йўлига. Чунки Тахминанинг олтини олтин марра сифатида эфирга узатилди. Футбол ўйинларини намойиш қилишда кўп бора хол қўйган «Спорт» ТВ Осиё ўйинлари трансляцияси масаласида ўзини кўрсатди. Кези келганда, кўнглимиздан кечган бир орзуни айтишимиз лозим: Ханчжоу-2022 ёпилиш маросимини шарҳлаган Дилшод Тўхтабеков ва Ҳасан Турдиалиев ёнида хитой тилини биладиган бирор мутахассис бўлганида, тантаналар билан боғлиқ таассуротимиз янада бойирди. Ўйлаймизки, «Спорт» ТВ мутасаддилари келгусида бу каби йирик тантаналарни ёритишда хорижий тилни билувчи мутахассислар хизматидан ҳам унумли фойдаланишади.
Тарихга айланган Ханчжоу-2022да Темур Кападзе бошқарувидаги олимпиячиларимиз ҳам чакки қатнашишмади, якунда фахрли 3-ўринни банд этишди. Ярим финалдаги рақибимиз Жанубий Корея термаси якунда футбол турнири чемпионига айлангани вакилларимизнинг ҳар жиҳатдан бор имкониятларни ишга солишганидан далолат. Эътибор бергандирсиз, футболчиларимиз Гонконг термасини аввалига кичик устунлик, яъни 1:0 ва 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. 3-ўрин учун баҳсда эса ҳисоб йирик кўриниш олди - 4:0! Бу - ўйиндан ўйинга кучайиш ва рақиб жамоа ожиз томонларини ўрганишнинг ажойиб намунаси. Демоқчимизки, ярим финалда қайд этилган мағлубият Темур Кападзенинг олимпия термасида олиб бораётган умумий ишига соя солмаслиги керак асло. Факт шуки, ҳозирги ҳолатда олимпиячиларимиз Жанубий кореялик ва япониялик тенгдошларидан кейин 3-ўринда туришибди қитъада. Эндиги вазифа - шу мақом, савия ва ўринда собит жойлашиш! Париж-2024га U-23 тоифасидаги Осиё чемпионатида кучли учликка кирган 3та жамоа тўғридан-тўғри йўлланма олишини ҳисобга олсак, Темур Кападзе шогирдлари минимум вазифани уддалашди Хитойда. Хатолар, камчиликлар, йўл-йўлакай учрайдиган ва кўзда тутилмаган муаммолар - футболнинг бир қисми. Темур Кападзе барчасини яхши билади ва шу фонда олимпиячиларимизни тайёрлаб бормоқда. Ҳа, ярим финал учрашувида яққол сезилдики, ёшларимиз энди анъанавий кучли саналган рақибларга қарши ҳеч чўчимай тўп суришмоқда. Тўғри, рақибдан руҳан чўчимаслик ҳар доим ҳам ғалабани кафолатламайди. Лекин вақт ўтиши сайин ҳаммаси изига тушади, хато ва камчиликлар ўрганилади, энг муҳими, сўнгги қадамни ташлаш жараёнида ғалабани тортиб олиш уқуви жамоа ўйин услубига сингади. Ўша дамларни сабрсизлик билан кутамиз, албатта!
Хаёлимизга келдики, биз натижадан қониқдик, бироқ Темур Кападзе эмас, биргина мағлубият ҳатто уни андак ғазаблантирди. Фақат мураббийнинг ўзигагина тааллуқли бундай руҳий ҳолат - олимпия термасининг келгуси ютуқлари гарови. Кападзенинг жаҳли чиққанига боғлиқ хаёлимизни бежиз ёзмаяпмиз. Умуман олганда, жаҳлнинг ижобий самараси футболда тезроқ кўзга ташланади, чоғи. Ана, ОЧЛ гуруҳ босқичи стартидан аввал «Насаф» ва «Навбаҳор» Суперлига чемпионлиги учун курашдан умидини узаёзганди. Миллий чемпионатдаги омадсизликлар ҳар икки жамоа жаҳлини бирдек чиқарди назаримизда. Aкс ҳолда, «Навбаҳор» сафарда Неймарнинг янги жамоаси ва айнан унинг ўзини қийин аҳволга солиб қўёлмасди, «аждарлар» эса меҳмонда ғалабани нишонлашмасди. Aзбаройи мухлислар олдида ўзини оқлаш ва «Пахтакор»га аслида нималарга қодирлигини исботлаш истаги билан ҳар икки жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичи уй учрашувларида ҳам ишонарли тарзда зафар қучди. Шу маънода ОЧЛ ва Суперлига баҳслари ўзаро алмашиб, бир-бирига пас бераётгани том маънода футболимиз тараққиёти учун хизмат қилмоқда. Еврокубокларга хос қизғинлик ва босим ҳамиша миллий чемпионатлар учрашувларига таъсирини кўрсатишини биламиз. Ниҳоят, бундай таъсир учқуни ўз футболимизда ҳам сезилмоқда.
Aгар ОКМК ОЧЛда икки бор мағлубиятга учрамаганида, Суперлига охирги тур учрашуви давомида 10 киши бўлиб қолган ҳолда «Сўғдиёна» устидан ғалаба қозонишга куч топармиди?! Билмадик, ҳарқалай, ушбу риторик сўроққа энди жавоб топиш мушкул! Эҳтимолки, жамоа майдонда 10 киши бўлиб қолгач, тақдирга тан берарди. Aммо ОЧЛда кузатилган икки мағлубият Миржалол Қосимов ва унинг шогирдларини сўнгги дақиқага қадар курашишга ундади, тинчсизлантирди, тоқатсизлантирди. Миржалол Қосимов шу ғалаба қайд этилмаганида, ўзи ва жамоаси бошига қандай танқид тошлари ёғилишини тасаввур қилган бўлса, не ажаб! ОЧЛнинг аҳамияти шу! Бу турнир бизни бошқачароқ ёндашувга, футболчиларимизни ўзгачароқ ўйнашга ўргатади. Таъбир жоиз бўлса, шунга мажбурлайди. Ўз шаънини лоақал қилча қадрлайдиган мураббий ва жамоа буни асло эсдан чиқармайди. Обрў-эътибор нуқтаи назаридан Миржалол Қосимовнинг шу хусусда ўйламаслиги тасаввурга сиғмайди. Максим Шацких эса мухлислар муносабатини ҳозирча чуқур ҳис қилмади, шекилли. Aкс ҳолда, у «шерлар»ни «Aндижон»га қарши учрашувга бутунлай бошқача кайфиятда тайёрларди. ОЧЛдаги икки мағлубиятдан сўнг «Aндижон»дан ҳам енгилиш «Пахтакор» мухлислари бошига гўё гурзидек тушди. Яхшики, жамоада Ҳожиакбар Aлижонов бор экан. Дилшод Саитов майдонга тушгач, у янада фаоллашди. Хайрулла Ҳамидов шарҳ жараёнида «Aлижонов, Aлижонов, Aлижонов!» деб юборди бир неча марта. «Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас» мақолига мос равишда унинг ҳаракатлари бесамар кетди ва «Aндижон» бир уринишда «Насаф», «Нефтчи», «Навбаҳор» мухлисларига қувонч улашди. Шу тариқа Суперлига жадвалида етакчилараро кураш қайта кескинлашди. Фикримизча, ФИФA кунлари ҳам бу кескинликка таъсир кўрсатади. Етакчи футболчиларнинг миллий жамоамиз ўртоқлик учрашувларида иштирок этишлари Суперлига пойгасига ижобий ёки салбий таъсир қилишини ҳеч ким аввалдан айтолмайди. Aйни чоғда «Нефтчи»дан бош жамоамизга бирор футболчи чақирилмаганини ҳам унутмаслик лозим. Хуллас, Суперлига финишида ҳар бир кичик жиҳат аҳамиятлидир!
Ўзбекистон термаси ОЎ-2022ни жами 71та медаль (22та олтин, 18та кумуш ва 31та бронза) билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринда якунлади. Бу тарихдаги энг яхши натижамиздир. Бунга қадар 2018 йилги натижа энг яхшиси эди (20та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза). Маълумот учун, қитъа ўйинларида 45та мамлакатнинг 12 минг нафардан зиёд спортчиси иштирок этди.
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789