Гап фақат пулда эмасми?

Гап фақат пулда эмасми?

Саудия футболи юлдузлар кўнглини пул билан овлаётгани - айни ҳақиқат.

Мана, Неймардек мегаюлдуз ҳам еврофутболдан юз ўгириб, «ПСЖ»дан «Ал-Ҳилол»га ўтди. Бразилиялик ҳужумчи энди Саудия Арабистонида катта маош, турли бонуслар ва ҳомийлик маблағлари ортидан 400 миллион доллар топиши мумкин. «Челси»нинг собиқ футболчиси Флоран Малуданинг айтишича эса, Неймар ҳолатида гап фақат пулда эмас.   

Франциялик собиқ вингер бразилиялик футболчи трансферига тўхталиб, бир томондан, маълум даражада унинг ёнини олди, бош­қа тарафдан эса... «Менимча, бу ерда гап фақат пул эмас, балки терма жамоада ўйнаш иштиёқида ҳам. Фикримча, Неймар АПЛнинг бирор топ-клубидан жой олишига ишонолмади. Шахсан мен ҳам унинг дейлик, «Челси» ёки «Ливерпул»га ўтиш имкониятини паст баҳолаётгандим. Қисқасини айтганда, бу Ней учун энг яхши таклиф эди. Шундан экан, барчаси фаолияти йўлида мантиқан тўғри бўлди», - деди вақтида «Челси» ўйинларида анча яхши таассурот қолдирган Малуда Betway мухбири билан суҳбатда. 

Бу орада Неймар иштирокидаги ўртоқлик ўйин­ларидан бирининг архивланган видеоси интернет юзини кўрди. Энди мухлислар ўз изоҳларида ўша учрашув савияси тахминан Саудия Арабистони футболи даражасига мос келиши, яъни бразилиялик юлдуз янги чемпионатда ўзини жуда қулай ҳис этишини таъкидлашмоқда. Демак, навбатдаги калака ва ҳазиллар серияси бошланди.

«Реал» ярим ҳимоячиси Тони Кроос эса «Сельта»нинг истиқболи баланд ҳужумкор футболчиси Габри Вейга «Наполи» таклифини четга суриб, Сау­дия профессионал лигасида ўйнаш вариантини танлаганига нисбатан кескин муносабат билдирди. Инсайдер Фабрицио Романо ёш иқтидорнинг «Ал-Аҳли»га ўтаётгани ҳақида хабар ёзгач, «Мадрид» афсонаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида дарҳол лўндагина изоҳ ёзди: «Шармандалик». Айтиш керак, Крооснинг ўзи ёз бўйи Саудия клублари таклифларини рад этиб келди. Қўшимча маълумот, «Наполи»дан ташқари, «Барселона», «Манчестер Сити», «ПСЖ», «Ливерпуль» ва «Челси» клублари ҳам Вейгага қизиқаётганди.