Гарри Кейн энди «шоҳ»-голеадор

Гарри Кейн энди «шоҳ»-голеадор

«Тоттенхэм» ҳужумчиси Гарри Кейн 23 март куни Евро-2024 саралашидан ўрин олган Италия термасига қарши ўйинда пенальтидан унумли фойдаланди ва Англия миллий жамоаси тарихидаги бош тўпурарга айланди

 Неаполдаги баҳсда мамлакат бош жамоаси либосида 54-голини нишонлаган ҳужумчи Уэйн Руни рекорди (53та гол)ни янгилади.

Неаполда деярли 50 минг мухлис гувоҳлигида ўтган учрашувнинг биринчи бўлими охирида Италия термаси дарвозаси томон пенальти белгиланди ва Гарри Кейн ундан самара чиқариб, жамоаси устунлигини мустаҳкамлади - 2:0. Итальянлар танаффусдан кейин ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди, аммо мағлубиятдан қочиш йўлини топишолмади, барибир. Асосий факт шуки, VAR аралашуви билан белгиланган пенальти (Жованни ди Лоренцо қўлини ишга солганди)дан фойдаланган «шпорлар» етакчиси терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида мутлақ 1-ўринга кўтарилди. Бунга қадар рекорд Кейн ва Уэйн Рунига тегишли эди - 53тадан гол. 

Аслида Кейнда ўтган йилиёқ «уч шерлар»нинг бош голеадорига айланиш учун реал имконият юзага келганди. ЖЧ-2022 чорак финал ўйини эсингиздами? Гарри ўшанда ўйин ҳолатидан гол урган, аммо якунда пенальтини кўкка совурганди. Агар «Тоттенхэм» ҳужумчиси ўша имкониятдан фойдаланганида, ҳисоб тенглашарди ва эҳтимолки, инглизлар жаҳон тожи учун курашни давом эттиришармиди? Бироқ ўхшамаса, қийин-да, барибир. Хуллас, ўша оқшом Руни рекордини такрорлагани Англия миллий жамоаси сардорига татимади асло. Дейлик, футболчи финал ҳуштаги янграганидан сўнг майдонда йиғлаб юборди. Лекин Кейннинг яқин орада мутлақ рекордчи бўлиб олишига шубҳа йўқ эди. Фақат озгина кутиш қолганди, холос. Мана, Гарри 2023 йил ҳисобидан биринчи учрашувдаёқ катта маррани забт этди ва Украина термасига қарши кечган ке­йинги баҳсдаёқ 55-голини нишонлаб, ўз рекордини янгилашга тушди.

** Гарри Кейн анча сермаҳсул. Ҳар ҳолда, миллий жамоа­да энг яқин таъқибчиси Уэйн Рунига нисбатан нақ 38та кам ўйин ўтказган. Оддий айтганда, Кейннинг 3та ўйинига 2та гол тўғри келмоқда (ўртача ҳисобда ҳар 1та ўйинда 0,66та гол). Уэйнда бу кўрсаткич 0,44та голга тенг.

** Гарри Кейн жорий мавсум ҳар икки йўналиш пойгасида ҳам етакчи бўлиб олди. Яъни февраль ойи бошида «Манчестер Сити» дарвозасига ғалаба голини йўллаш асносида «Тоттенхэм» тарихидаги бош тўпурарга айланган эди. Гарри бу борада ўтган асрнинг 60-йиллари «шпорлар» учун барча турнирларда 266та гол урган афсонавий Жимми Гривздан ўзиб кетди. 

** Гарри Кейн шунингдек, АПЛда муайян 1та жамоа учун энг кўп гол урган футболчидир. У фаолиятидаги асосий клуб - «Тоттенхэм»нинг АПЛдаги ўйинларида жами 205та гол урган. Кейннинг бу борадаги яқин таъқибчилари - Уэйн Руни («МЮ» сафида 183та гол) ва Серхио Агуэро («Манчестер Сити» сафида 184та гол) анча орқадалар, қолаверса, улар аллақачон бутсаларини михга илиб бўлишган.

Жаҳоннинг топ-терма жамоалари бош 

тўпурарлари

Португалия: Криштиану Роналду (198та ўйин) - 122та  

Аргентина: Лионель Месси (174та ўйин) - 102та

Бразилия: Пеле (92та ўйин) ва Неймар (124та ўйин) - 77тадан

Бельгия: Ромелу Лукаку (106та ўйин) - 72та

Германия: Мирослав Клозе (105та ўйин) - 71та 

Уругвай: Луис Суарес (137та ўйин) - 68та 

Испания: Давид Вилья (98та ўйин) - 59та 

Англия: Гарри Кейн (82та ўйин) - 55та

Франция: Оливье Жиру (123та ўйин) — 53та 

Нидерландия: Робин ван Перси (102та ўйин) - 50та

Италия: Луижи Рива (42та ўйин) - 35та гол

БУ ҚИЗИҚ...

Испаниялик «Тарзан» - Карлес Пуйоль 27 ёшига қадар бирор жамоавий соврин ютмаган бўлсада, фаолиятини нақ 24та кубок билан якунлаган (36 ёшида). Гарри Кейн фаолияти ҳам шундай давом этиши тахмин қилинган эди. Амалда эса 30 ёшни уриб қўйган ҳужумчи футболда ҳамон жамоавий совринсиз одимламоқда...

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади