«Спорт-Экспресс» газетаси шарҳловчиси, 20тача китоб муаллифи, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори, спорт журналистикаси мактаби раҳбари Игорь Яковлевич ҳақида узоқ гапириш мумкин. У эса ўзига боғлиқ спорт воқеликлари юзасидан тўхтамай сўзлаб беришга қодир. Рабинер - ҳақиқий одам-оркестр. Мана, юртимизга икки ҳафталик сафари давомида 2та мастер-сабоқ ўташ, миллий жамоамиз ўйинига бориш, стадиондаги мониторлардан лол қолиш, Миржалол Қосимов таклифи билан тўй оши тановул қилиш, Самарқанд чиройидан баҳра олишга улгурди. У шунингдек, бир қатор интервьюлар ва мақолалар тайёрлади. Эътиборлиси, бу сафар болаликдаги кумири билан учрашишга вақт ажратолмаган Рабинер бунинг учун Ўзбекистонга яна келиш ниятида. Хуллас, россиялик меҳмон fergana.agency сайти мухбири Александр Троицкий билан суҳбатда Ўзбекистон бўйлаб сафари ҳақида батафсил гапириб берди.
— Иккинчи жаҳон уруши йилларида амакингиз, ажойиб шоир Игорь Шаферан ва бувингиз Фарғонага эвакуация қилинган эканлар. 2019 йили Игорь Давидовичнинг набираси Милаша Ўзбекистонда бўлиб қайтганди, энди сиз келдингиз. Бу оилавий анъанами?
- Милаша билан жуда илиқ чақчақлашамиз, лекин тўғриси, унинг Ўзбекистонга келганидан хабарим йўқ эди. Бу ҳақда Самарқанд сафарида билдим: ижтимоий тармоқларга суратлар қўйганимда, Милаша менга ўзиникини юборди. Шундай экан, қандайдир анъана ҳақида гапириш ўринсиз. Чунки сафарларимиз бир-бирига боғлиқ эмас, лекин тақдир айланаси қаердадир туташади, барибир. Мана, мен ўзим кутмаган ҳолда Фарғона водийсига, вақтида амаким ва бувим яшаган жойга тушдим. Дарҳақиқат, бунда алоҳида маъно яшириндек. Афсуски, Фарғонанинг ўзига бориш имкони топилмади, лекин Наманганда бўлиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинни стадионда кузатдим.
— Гештальт ёпиқми?
- Унча эмас. Бувим вафот этишидан 2 йилча олдин, ота-онам у билан қисқача суҳбатлашган. Ўшанда барчасини диктофонга ёзиб олишган. Ёзув сифати юқори эмас, лекин гапларни тушунасиз. Бувимнинг айтишича, у эвакуация пайти Фарғонадан бир неча километр узоқликда жойлашган санаторийда ишлаган. Урушда яраланганлар шу ерда даволанишган экан. Яна ойдинлашича, ўлкада мактаб бўлмаганми ёки бошқа сабаб борми, ҳар ҳолда, 8 ёшли Игорь Шаферан ўша пайт ҳеч қаерда ўқимаган. Орадан бир йил ўтиб, Тошкентга кўчиб ўтишганида ҳам Шаферан таълим олишга унча қизиқмаган. Ваҳоланки, у Одесса мактабининг аълочи ўқувчиси саналган. Фарғонадаги ҳаёт шоир шахсияти шаклланишига шундай таъсир кўрсатган. Унга жамиятдан ташқарида қандайдир ички эркинлик бергандир. Биргина афсусланганим шуки, Шаферан Тошкентда қайси мактабда таҳсил олганини билолмадим. Афсуски, на опам, на отам ва на бошқа қариндошлар бу борада маълумотга эгалар. Аслида мактаб архивини титкалаб, Шаферан ҳақидаги қайдларни топишни ўйлагандим, масалан, лоақал синфнинг баҳолар журналидан.
— Хўш, Ўзбекистонда қандай фойдали ишларни амал-га оширдингиз?
— Бу ерга ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов таклифига биноан, «Бунёдкор» стадионида спорт журналистика бўйича мастер-сабоқ ўтказиш учун келдим. Айтганча, Эрматов мен учун ҳар доим юқори даражали ҳакам бўлиб қолади. Маҳорат дарсларига келсак, ўқув жараёнида ўзим учун рамзий маънога эга 2та мақолам ўзбек футболи билан боғлиқлигини эсладим. Бири - Эрматов билан интервью. Ҳакам 2014 йилги ЖЧдан қайтганидан сўнг ундан «Спорт-Экспресс» учун интервью олгандим. Иккинчиси - «Спорт-Экспресс» газетасида 30 йил аввал, аниқроғи, 1992 йилнинг 23 апрель куни чоп этилган биринчи мақолам. Ўшанда Владикавказнинг «Спартак» клуби (кейинчалик «Алания» номини олди)да ўйнаган Игорь Шквирин билан суҳбатлашгандим. Айтганча, ўша газетани алоҳида сақлаб қўйганман. Яна «Пахтакор»-79 мавзусига ҳам бефарқ қарамаганман. Сафар давомида Тўлаган Исоқов ва марҳум Михаил Аннинг ўғли Дмитрий билан гаплашдим, кўп қизиқарли фактлардан хабардор бўлдим. Шунингдек, Миржалол Қосимов билан ҳам кўришдим. Буларнинг барчаси «Спорт-Экспресс» саҳифаларида чиқади навбати билан.
- Шквирин билан ҳам учрашдингизми?
- Ҳа. Сафарим ҳақида қадрдон дўстим ва ҳамкасбим Алишер Никимбаев хабар топибди. У билан 1993 йилдан буён танишмиз, аввалига «Футбольний курьер» ҳафтаномаси, кейин «Спорт-Экспресс» газетасида бирга ишлаганмиз. Ҳозиргача яхши чиқишамиз. Хуллас, Ўзбекистон бўйлаб сафар чоғи менга унинг ўғли Равшан ҳамроҳлик қилди. Ўз ўрнида унга алоҳида раҳмат айтмоқчиман - ажойиб йигит, замонавий, ёрқин. У билан мулоқотлар катта завқ бағишлади. Айнан Равшан ва Алишер ёрдамида Шквирин билан кўришдим. Аниқроғи, унинг уйида меҳмон бўлиб, шунчаки, дилдан чақчақлашдик, фақат интервью учун эмас, мен учун бу ҳам ёпиқ гештальт, тақдир айланаси. Эҳтимол, кейинги сафар интервью ҳам оларман... Афсуски, болаликдаги кумирларимдан бири «спартакчи» Эдгар Гесс билан учрашиш насиб этмади. Зеро, унинг Тошкентда яшаётганини ортга қайтишга 2 кунча қолганидагина билдим. Минимал имконият юзага келиши билан биргина Гесс учун яна Ўзбекистонга келишга тайёрман. Қолаверса, мамлакатнинг барча диққатга сазовор жойларини кўришга улгурмадим. Тўғри, Самарқандда 1-2 кун қолдим, лекин бошқа шаҳарлар ҳам бор-ку - Бухоро, Хива...
— Самарқанд сайрлари таассуротлари қандай?
- Чексиз. Футбол фахрийси Илҳом Юнусов кўп нарсалар билан таништирдики, бунинг учун унга катта раҳмат. Самарқанд - ҳаётимда энг ёрқин маданий таассурот қолдирган шаҳарлардан бири. Эътиборга олинг, шу кунга қадар дунёнинг 80тадан ортиқ мамлакатида бўлганман. Бу ерга Наврўз байрами кунлари келдим ва халқ сайлларини кўриш насиб этди. Гўёки Самарқанд ичимга кирди. Шунингдек, паловнинг ажойиб турларини татиб кўрдим. Ҳаммасидан Самарқанд палови ва тўй оши ёқди. Тўйга Тошкентда Миржалол Қосимов таклиф этди. Ўзбекларнинг ўта меҳмондўст ва очиқкўнгил эканликлари ҳақида эса яна бир бора гапиришга ҳожат йўқ.
— Қизиқ, Ўзбекистонда сиз учун нимани кўриш кутилмаган ҳол бўлди?
— Намангандаги стадион муҳити. Мухлислар жуда эҳтиросли, жўшқин. Яна матбуот ложасида ҳар бир ўриндиқ олдида монитор борлигини кўриб, ҳайратга тушдим. Бунақаси ҳатто Россияда ҳам йўқ.
— Футболчилар майдонда қайси тилда гаплашишади?
— Эътибор қаратмадим, лекин Шомуродов ўзаро суҳбатда «Рома»да Мхитарян билан рус тилида мулоқот қилишини айтди. Дарвоқе, Элдорнинг отаси билан танишиш ва ўғлининг голидан кейин унинг қўлини сиқиб қўйиш анча ёқимли бўлди.
- Ўзбек футболчиларининг бугунги авлодини 1990-2000 йиллар вакиллари билан таққослаш мумкинми?
- Мамлакат жамоалари иштирокидаги ўйинларни кўп кўрмадим ва бу борада хулоса чиқаришим қийин. Лекин дейлик, Элдор Шомуродовни Максим Шацких билан тенглаштириш мумкинлигига ишончим комил. У чинакам меҳнаткаш. Мана, ўз ўйинини анча ривожлантирди. Қаранг, Афғонистон билан чегарадош кичик шаҳарчадан чиққан йигит ҳозир Римни забт этмоқда. Айтиш мумкинки, Шомуродов - мукаммаллашган Шквирин. Яна Жалолиддин Машарипов ҳам ёқди. Унинг ўйинларини олдин кўрман эмасдим. Бу футболчида Қосимовга хос нималардир бор. Қирғизистон термаси билан учрашувда «дубль» қайд этган Игорь Сергеев ҳам чакки эмас. Айтганча, ўйиннинг ўзи жуда яхши чиқди - томошабоп, очиқ футбол.
- Ўзбекистон жамоалари ўйинлари россиялик мухлисларни қизиқтириши мумкинми? Ҳар ҳолда, айни пайт Россия ТВда трансляция танқис...
- Нега қизиқтирмаслиги керак? Гап биринчи навбатда, топ-клублар ўйинлари ҳақида. Масалан, «Пахтакор» ҳамон ёши катта мухлислар учун бренд саналади. Ёшроқ мухлислар эса таркибида Ривалдо ўйнаган, Сколари ва Зико мураббийлик қилган «Бунёдкор» ҳақида эшитган бўлсалар керак. Ўзбекистон чемпионатини муайян шахслар орқали ҳам таклиф этиш имкони бор. Мисол учун, Миржалол Қосимов «Алания»да қандай ўйнаганини катта авлод яхши эслайди. У айни пайт Олмалиқнинг АГМК клубини бошқармоқда, қўл остида ўғли Миржамол ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда.
- Шахслар ҳақида. РПЛ клублари халқаро турнирлардан четлаштирилган тақдирда россиялик футболчиларнинг Марказий Осиё мамлакатлари чемпионатларига оқимини кутиш мумкинми?
- Менимча, йўқ. Ҳаммаси Россия клубларидаги маош миқдорига боғлиқ. Агар етакчи футболчиларга йилига 3 эмас, 1 миллион евро маош тўлашда давом этишса ва ўртача иш ҳақи 200-250 минг евро даражасида бўлса, қандайдим оқим ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Қисқаси, фикримча, футболчилар Европа томон ошиқишади, аммо маданий яқинликка қарамай, Марказий Осиёга йўл олишлари даргумон. Тушунишимча, айни пайт Ўзбекистон чемпионатида маош миқдори унча баланд эмас. Ҳар ҳолда, ҳозир Ривалдони чорлаган «Бунёдкор»га ўхшаш мўмай даромад манбалари йўқ. Тўғри, агар Ўзбекистонда бирданига катта пул тўлай бошлашса, қизиқиш ортиши турган гап. Аммо Осиё Чемпионлар Лигаси россиялик футболчиларга мотивация беролмайди, барибир. Фикримча, ҳеч ким фақат халқаро майдонда ўйнаш учунгина бормайди.
- Ўзбекистоннинг УЕФА аъзолигига ариза бериши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар йўқ эмас. Бу ҳақда нима дейсиз?
— Билмадим, бу моҳиятан қанақасига мумкин? Назаримда, агар кун тартибида шундай масала бўлганида, Эрматов ўз интервьюсида бу ҳақда гапирарди, албатта. Қолаверса, Ўзбекистон термаси олдидаги асосий вазифа - жаҳон чемпионатига чиқиш. Жамоа буни фақат Осиё ҳудудидаги саралаш орқали амалга ошириш мумкин.
- Умуман, ўзбек футболига легионерлар нечоғли керак?
- Маҳаллий ёшлар савияли футболчилар олдида ўсишмоқда. Аммо хорижларни суиистеъмол қилиш ярамайди. Агар бир неча юқори савияли россиялик ўзбек футболига бош суқса, бу фойда келтириши, шубҳасиз.
- Спорт миграцияси мавзуси давоми: Россия Федерацияси мусобақалардан бутунлай четлатилган тақдирда, мамлакатнинг энг кучли спортчилари «дўст» мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон байроғи остида чиқишлари мумкинми?
- Бундай ҳолатда спортчиларни кескин танқид қилишмайди. Ақли расо одамлар спортчилар ўзларини қандайдир йўл билан кўрсатиш учун халқаро мусобақаларда қатнашишлари кераклигини тушунишади. Терма жамоага ўтолмаган россиялик спортчиларнинг фуқароликни ўзгартиришганига аввал ҳам гувоҳ бўлганмиз. Уларга нисбатан норозилик кузатилмаган. Бундай вазиятда спортчилар мусобақаларда қатнашиш имкониятини ҳосил қилишади, мамлакат ҳисобига медаллар қўшилади. Демак, воқеаларнинг шундай ривожланиш эҳтимоли катта. Бу йўл айниқса, индивидуал спорт турларига мос келади. Жамоавий спорт турларида эса мураккаброқ.
- Олдинроқ россиялик хоккейчиларни Ўзбекистон терма жамоаси учун оммавий тарзда маҳаллийлаштириш имконияти кўриб чиқилди. Бу ҳакарат баралла овоз билан чиққан, трибуналарни тўлдирган ва ВХЛ (олий хоккей лигаси) «плей-офф» босқичига ўтган «Ҳумо» клуби муваффақияти фонида ўринли кўринади. Бироқ пандемия туфайли ҳаммаси тўхтаб қолди. «Ҳумо» лойиҳаси Россияга қанчалик кириб борди? Жамоани ВХЛда ёки КХЛда кутишяптими?
- Хоккейчиларни маҳаллийлаштириш жараёни - одатий ҳол. Беларусь ёки Қозоғистон тажрибасини эслаш кифоя. «Ҳумо» ҳақида кўп марта эшитдим, жумладан, яқин дўстим Александр Малишев клуб матбуот хизматида ишлагани туфайли. Лекин Тошкентдаги «Ҳумо-Арена»га кирганим йўқ, ваҳоланки, ёнидан 10 мартача ўтиб кетдим. Кўриниши зўр - замонавий муз саройи. Саволга келсак, Финляндиянинг «Йокерит» ва риганинг «Динамо» клублари КХЛдан чиқиб кетгани, шунингдек, Новокузнецк, Тольятти ва Ханти-Мансийскда замонавий ареналар йўқлигини инобатга олсак, хоккей лигасида «Ҳумо» тўлдириши мумкин бўлган маълум бўшлиқ бор. Агар клуб муносиб молиялаштириш манбаига эга бўлса, бир йилдан кейин КХЛга қўшилиш учун ариза бериши мумкин. Бу нафақат ўзбек хоккейига фойда, балки Латвия ва Финляндия клублари кетганидан кейин КХЛнинг нисабатан пасайган халқаро мавқеини ҳам кўтаради.
- «Ҳумо» маркетологлари, жумладан, Малишев жамоани мухлислар ташрифи бўйича ВХЛ етакчилари қаторига олиб чиқишди...
- Ҳа, улар катта иш қилишди. Таққослаш учун, «Куньлуня»нинг Хитойдаги ўйинларини эслаш кифоя. Пекиндаги аренага 500-1000 мухлис тушган, Шанхайда эса умуман томошабин йўқ эди. Бир қарашда, кўп миллионли Пекинда аренани тўлдириш учун 15 минг кишига хоккей «юқтириш» минимал даражадаги вазифадек. Лекин амалда бундай бўлмади. Ахир бу - КХЛ. Дунё хоккейидаги иккинчи кучли лига. Қолаверса, ВХЛ хоккей терма жамоаси йўқ мамлакат учун чинакам экзотика.
- Москвадаги сизга қарашли спорт журналистикаси мактабидан кўплаб буюк мутахассислар ва етишиб чиқишди. Ўзбекистонда филиал очиш режаси йўқми?
— Тошкентда 2та мастер-сабоқ ўтказдим. Ҳамкасблар билан мулоқотдан яхши таассуротлар қолди. Аммо маҳорат дарслари турлича чиқди. ЎФАда ўтказилган сабоқда мени диққат билан тинглашди ва айрим нарсаларни ёзиб олишди. Фақат икки журналист савол берди. Асосан монолог бўлди. Championat.asia сайтидаги дарсда эса йигитлари долзарб саволлар билан мурожаат қилишди. Бундан сайт раҳбари Ғайрат Хасбиуллин ҳайратда қолди. У спортни ҳам, журналистикани ҳам бирдек яхши билади. Қисқаси, жонли мулоқот кузатилди. Қисқаси, Ўзбекистонда касбга қизиқиш бор. Агар аниқ таклиф тушса, кўриб чиқаман, албатта.
А.Аҳмедов тайёрлади.