Кингсли Коман тўхтамоқчи эмас

Кингсли Коман тўхтамоқчи эмас

Кингсли Коман якунланган мавсум «Бавария»нинг энг кучли ижрочилари қаторига кирди.

Факт: Мюнхен суперклубининг бутун тарихида атиги 9 нафар легионер франциялик ёвқур йигитдан кўпроқ ўйнаган. Шунинг ўзиёқ Кингсли «Альянц-Арена»га аллақачон қалин из босганини англатади. Лекин Коман ҳали тўхтамоқчи эмас. Зеро, бош мақсади - «Бавария»нинг энг ёрқин афсоналари қаторидан жой олиш.

- Кингсли, «Бавария» яна чемпион бўлди, аммо бу сафар ҳаммаси аввалги йиллардагидек силлиқ кечмади. Хўш, якунланган мавсумни қандай баҳолайсиз?

- Лўндасини айтганда, ўта мураккаб мавсум. Албатта, яхшироқ таассурот қолдиришни ўйлагандик, айниқса, ЧЛда. Турнирда финалга ҳам чиқишимиз мумкин эди, лекин тан олиш керак, ҳозирги «Манчестер Сити» идеал ҳолатда. Муҳими, Бундеслигада яна чемпионликка эришдик, энди келаси мавсум кўпроқ соврин олишни кўзлашимиз табиий ҳол.

- Мюнхенга келганингиздан буён бошингиз чемпионликдан чиқаётгани йўқ. Бунга қадар «Ювентус» ва «ПСЖ»да ҳам миллий лигалар ғолибига айлангансиз. Серияли муваффақият шахсан ўзингиз учун нимани англатади?

- Албатта, биринчи ғалабангизни 10 ёки 11-чемпионлик билан таққослашингиз қийин. Зеро, биринчи марта тахтга кўтарилганингизда қувончингиз ҳеч қанақасига танангизга сиғмайди. Шунга қарамай, ҳозир ички чемпионатдаги зафардан кўпроқ завқ­ланяпман, чунки эндиликда ўзимни жамоанинг муҳим қисмидек ҳис қиляпман. Табиийки, ҳар йили чемпион бўлиш - қиёси йўқ мотивация. Чунончи, фаолиятимни якунлагач, яқинларимга қаторасига қанчадир йил олтин медаль ютганимни айтиб беришни истайман. 

- Умуман, «Бавария» янги мавсумда нималарни яхшилаши керак?

- Ҳаммаси жуда оддий: имкон қадар кўпроқ ғалаба қозонишимиз керак. Аслида якунланган мавсумнинг биринчи ярмида зўр ўйнадик, аммо жаҳон чемпионатидан кейин шунчаки, «чўкдик». Агар даражамизни ҳисобга олсак, бунақасига йўл қўйишимиз мумкин эмас, айниқса, мавсумнинг иккинчи ярмида. Демак, аввало, ўйин ритмини юқори нотада барқарор ушлаш чораларини кўриш талаб этилади.

- Кейинги мавсум учун шахсий вазифа-мақсадларингиз қандай?

- Албатта, кўпроқ соврин олиш ва бутун мавсум мобайнида фаолликни пасайтирмаслик. Ўйлайманки, охирги мавсумнинг иккинчи ярмида биринчисига нисбатан яхшироқ ҳолатда бўлдим, фақат жамовий ҳаракатлар унча яхши чиқмади. Мавсумнинг ҳар икки қисмида тенг даражада ўйнаб, жамовий ҳаракатларга юқори даражада ёрдам бера олсам, бас.

- Айни пайт «Бавария»да энг узоқ вақт ўйнаган 10 нафар етук легионердан бирисиз. Бунга бирдан ишониш қийин...

- Ҳа, ўзим ҳам 8 йилдан буён шу ерда эканлигимга ишонолмайман баъзан. Табиийки, бу факт мени алоҳида ғурурлантиради. Ўзи ҳеч қачон салоҳиятимга шубҳа билан қарамаганман, лекин бир неча жароҳатлардан ке­йин маълум даражада орқага ҳам кетдим. Ёшлигимдан айнан «Бавария» даражасидаги катта клубда узоқ вақт муҳим роль бажаришни орзу қилган ва шунга яраша қаттиқ шуғулланганман. Мана, «Бавария» менталитети шахсий характеримнинг ўзига хос қисмига айланди.

- «Бавария» менталитети? Бу нима?

- Ҳамиша ғалабага интилиш! Бу ерда ҳар бир кейинги ўйин муҳим ва чемпионлик расмийлаштирилмасидан олдин ғалабалардан завқланолмайсиз. Якуний зафар эса завқ-шавқ­қа янада жозиба бағишлайди.

- Тасаввур қилинг, ҳозирги ҳолатда «Бавария» сафига энди қўшилган ёш Кингга қандай маслаҳат берардингиз?

- Унга олдинда катта саёҳат ва қийин довонлар борлигини айтардим. Яна ўз кучига ишониши, танлаган йўлидан қайтмаслиги, шундагина ғалабаларга бурканишини уқтирардим.

- Айтингчи, «Бавария»даги саёҳатингиз бошида сизга кимлар кўпроқ ёрдам беришди?

- Кўпчилик. Дейлик, Франк Рибери ва Давид Алаба мени ўз укаларидек қарши олишди. Айниқса, Давид билан бошиданоқ яхши чиқишдим, гарчи унинг сўзларини деярли тушунмаган бўлсам ҳам (кулади)...

- Ёш футболчи сифатида кимлардан кўпроқ ўргандингиз?

- Роналдиньонинг чин мухлиси эдим - бош кумирим. Майдонда ҳаммасини Роналдиньо каби бажаришга уринардим.

- Амалдаги шартномангиз 2027 йилгача мўлжалланган. Агар келишув охиригача «Бавария»да қолсангиз, клуб тарихида энг узоқ вақт ўйнаган легионер ва афсонага айланасиз...

- Оҳ, тўғриси, буни билмасдим, қандай ёқимли ахборот! Ўзимни ҳали узоқ вақт «Бавария»да кўряпман, шартнома муддати бундан далолат. Оддий айтганда, клуб афсонаси бўлиш учун ҳаммасига тайёрман.

- Томас Мюллернинг айтишича, унинг юраги қизилдан ҳам қизилроқ экан. Сизники-чи?

- Томас бебаҳо! У шу клуб фарзанди ва ҳеч қачон бошқа жойда ўйнамаган. Мен эса бош­қа клубларни ҳам кўрганман, қолаверса, францияликман. Хуллас, «Бавария» тарихида энг яқин «бавариялик»ка айланган легионер бўлишни истардим.

- Сизнингча, бугунги кунда клубга содиқлик қанчалик муҳим?

- Афсуски, замонавий футболда бу тушунча ўз аҳамиятини йўқотиб боряпти. Кутилмаганда, клубдан кетишни истаб қоладиган футболчиларни тушунаман, чунки уларда нимадир ўхшамайди ва бошқача тажрибани синаб кўришга эҳтиёж сезишади. Аммо жамоа қадриятларини ҳам унутмаслик керак. Мен учун барча футболчилар, ходимлар, умуман, бутун клуб билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш жуда муҳим. «Бавария» - бу катта оила. Ҳозир Зебенерстрасседаги деярли барча одамларни танийман, бу доимий равишда янги саргузаштга интилишдан ёқимлироқдир.

- «Бавария» ёзги трансферлар вақти юлдузларни ўз таркибига жалб этиш учун нима қилиши мумкин?

- «Бавария» таърифга муҳтож эмас, ҳар бир профессио­нал футболчи клуб ютуқлари ва тарихини билса керак. Ахир «Бавария» имкони бор барча совринларни ютган ва ҳар йили энг юқори марраларни кўзлайдиган етук жамоалар қаторида. Қолаверса, Мюнхен ҳам чиройли ва жозибали. 

- Энг яхши футболчилар одатда «Бавария»га ўта осон мослашиб, ўзларини уйдагидек ҳис қиладилар. Бунинг қандайдир сири борми?

- Клубдаги ҳар бир киши доимо ўз зиммасидаги ишларни мукаммал бажаради. Дейлик, ходимлар сизга шахсий ишларингизда ҳам ёрдам беришади. Шунингдек, бу ерда футболчиларга ақл бовар қилмас даражада ҳурмат билан қарашади. Рибери, Роббен ва Хави Мартинес каби хорижлик футболчиларнинг клубда узоқ йиллар қолишгани бежиз эмас. Чунки улар «Бавария»да чинакам соғлом муҳитга тушишган ва эҳтимолки, клубда ўзлари ўйлаганларидан ҳам кўпроқ муддат қолишгандир...

 МУҲАММАДХОН

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.