Массимо Амброзини: «ФИФА ёки УЕФА ҳеч қачон музокарага кўнмайди...»

Массимо Амброзини: «ФИФА ёки УЕФА ҳеч қачон музокарага кўнмайди...»

Айни пайт Sky Sport Italia телеканалида футбол эксперти ва шарҳловчиси сифатида фаолият олиб бораётган «Милан»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Массимо Амброзини яқинда Milan Community TV меҳмони бўлди

ва журналистлар саволларига дангал-дангал жавоб берди. 47 ёшли мутахассис жумладан, ҳакамлик ва ўйин қоидалари ўртасидаги номувофиқлик, зич тақвим каби долзарб масалалар юзасидан ошкора фикр билдирди.

- Айтингчи, футболчи одатда қандай қийинчиликларга дуч келади?

- Ҳар бир футболчи фаолия­ти ортида турли жиҳатлар уйғун - профессионал ёндашув, қалб амри, кундалик турмуш тарзи ва касбга муҳаббат. Агар у шулардан бири масаласида оқсаса, қийналиши турган гап. Шахсан мен фаолиятим давомида паст-баланд даврларни бошдан кечирдим. Футболчи аввало, руҳан тетик бўлиши керак. Акс ҳолда, онгига бўлмағур фикрлар ёпишиб олади ва бундай ҳолатда унинг бор эътиборни профессионал ишга қаратиши амри-маҳол. Очиғи, бизнинг даврда барчаси анча мураккаб эди. Энди эса футболчиларда руҳият ва руҳий муаммоларга реакция кучайганини кўряпман. Бугунги футбол талаби ҳам шу - ҳамиша гўёки, ечими йўқдек кўринган муаммолар билан ҳам шуғулланиш керак. Ҳозир ҳаммада битта тасаввур шаклланган: футболчи ҳамиша кучли зирҳга эга. Аслида бундай эмас, ҳар ким ўзига мустақил равишда зирҳ ҳозирлаши керак. Бунда аввало, руҳиятга таъсир қилувчи, футболчини мувозанатдан чиқариб юборувчи таш­қи гаплардан ҳимояланишни назарда тутяпман. 

- Умуман, ҳозирги футболчилар бутсаларини михга илишганидан кейин ҳам кўпроқ имкониятга эга бўлишади.

- Ҳа, ҳар ким ўзини қайсидир йўналишга уриши мумкин. Яъни футболчиларда ўз тажриба - хоҳишларига асосан, кейинги ҳаёт йўлини танлаш имконияти анча кенг.

- Қизиқ, ҳар кунлик ишингизда сизга энг мақбул жиҳат қайси?

- Кенжа ўғлимни боғчага элтиб қўйиш (кулади).

- Айтишларича, футболда 2та ҳолатдан қаттиқ наф­ратланасиз: арзимас тегинишдан кейин йиқилиб-ётиб оладиганлар ва баъзи тушунарсиз қоидалардан. Ушбу жиҳатларни йўқотиш масаласида қандайдир таклифни ўртага ташлай оласизми?

- Фикримча, симуляция ва беъмани қоидалар бевосита бир-бирига боғлиқ. Ҳа, айниқса, йиқилиш ҳолатига умуман тоқат қилолмайман. Гоҳо футболчи тўпни танаси ёрдамида ёпишга ҳаракат қилади ва рақиби ҳаттоки, тирноғи билан тегиниб кетса ҳам, худди нокаутга учрагандек ўзини майдонга ташлайди. Агар ҳакамларга шахсий футбол қобилиятлари бўйича иш тутиш ва қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилса, улар барчани симуляция иллатидан  изоля­-циялашлари мумкиндир эҳтимол. Бироқ масаланинг нозик томони шуки, ҳакамлар бу борада адашишлари ҳеч гап эмас. Ахир аксарият реферилар профессионал даражада ўйнаб кўришмаган ва баъзи ҳолатларни тўғри баҳолашлари қийин. Умуман, футболда шундай динамик ҳаракатлар борки, агар уларни тушунсангиз ва тўғри талқин қилсангиз, ҳозирги ўйин қоидаларини қабул қилолмайсиз. Бу кетишда футбол қоидаларини объективлаштириш хоҳишидан ҳеч қачон қутулолмаймиз. Бинобарин, функционерлар қатъий чекловлар футболдаги баҳс-мунозаралар камайишига олиб келишига ишонишади. Амалда эса бундай эмаслигини кўриб турибмиз. Ҳакамга барчасини шахсий тафаккурга асосан талқин қилиш имкониятини яратиш керак. Оддий айтганда, уларни нуқул қатъий қоидалар бўйича қарор чиқариш мажбуриятидан фориғ этиш самара келтириши мумкин. Оддий мисол: «А» серия охирги турида Луперто томонидан белгиланган пенальтини олайлик. Агар ўша вазият бир лаҳза олдин содир бўлганида ҳам, рефери «нуқта»га ишора қилолмасди. Аммо қоидаларда пенальти бериш кераклиги ёзилган, шунинг учун ҳакам иккиланади. Агар у пенальти белгиласа, жабрдийда жамоа вакилларининг ғазаб ўтида ёнишлари муқаррар. Бироқ қоидаларда шундай ёзилган экан, бечора ҳакам нима қила оларди?

«Фиорентина» - «Милан» ўйинида белгиланган 3та пенальтидан 2таси ҳақида ҳам ҳам худди шу гапларни такрорлаш мумкин: футбол динамикасига зид қарорлар... Ҳа, агар ҳакамга майдондаги воқеаларни мустақил равишда талқин қилиш имконияти берилса, эҳтимол, баҳс-мунозаралар одатдагидан кўпроқ кузатилар... Муҳими, ҳакам ҳатто VAR билан маслаҳатлашганидан кейин ҳам вазиятларни ўз туйғулари бўйича талқин қилиш ва баҳолаш имкониятига эга бўлса, ҳозиргидан кўпроқ субъектив қарорларни кўришимиз мумкин. Очиғи, бу борада мувозанатни топиш жуда қийин. Яна «Фиорентина» - «Милан» ўйинига қайтамиз: Тео ва Додо ўртасидаги курашда ҳеч қандай пенальти йўқ эди спорт нуқтаи назаридан. Ҳатто қоидаларга кўра ҳам. Шахсан мен Рейндерс билан боғлиқ вазиятда ҳам ҳеч қандай пенальти кўрмадим. Ҳа, тўқнашув бор, лекин 11 метрлик жарима зарбасига тортмайдиган даражада. Пенальти йўқ! Ҳар ҳолда, менга қўйиб беришганида, шунга ўхшаш вазиятларда ҳеч қачон «нуқта»ни кўрсатмасдим. Қисқаси, ҳозирги футболда ҳакамлар фақат қоидалар асосида ҳукм чиқаришмоқда, бунда инсон омили, вазиятни тафаккур билан талқин қилишга ҳожат қолмаяпти.

- Энди доимий муаммо - зич тақвим ҳақида гаплашайлик. Карло Анчелотти буни айбланувчи алибига ёпишиб олиши фойда бермайдиган ҳолатга қиёслади. Менежерлар, мураббийлар ва жамоа сардорлар йиғилиб, ушбу масалани муҳокама қиладиган, УЕФА ёки ФИФАга ўз таклифларини айтадиган қандайдир Конгресс йўқ. Хўш, нима қилиш керак? Зеро, тақвим чиндан ҳам, катта муаммога айланмоқда...

- УЕФА ёки ФИФА клублар билан ҳеч қачон музокарага бормайди. Чунки ҳамма пулга муҳтож. Ваҳоланки, футбол тақвими аллақачон чегарадан ўтиб кетди. Ҳозир Суперлига ғоясини қўллаётган баъзи клубларда катта қарздорлик бор, демак, уларга пул керак. Бундай ҳолатда клублар вакиллари камроқ ўйнаш кераклигини айтолмайдилар, чунки пулга эҳтиёжлари баланд. Нега янги-янги турнирларни йўлга қўйишда давом этишмоқда? Чунки пул топишнинг ягона усули - ўйинлар яратиш. Ҳозирги ҳолатда битта ечим кўринмоқда: футболчилар камроқ ўйнашни хоҳлашса, маошлари миқдори пасайишига рози бўлишлари керак. 

- Келинг, «Милан» мавзусига ўтайлик. Вақтида жамоа сардори бўлгансиз, ҳозирги кунда боғич нимани англатишини биласизми?

- Айни пайт ҳар бир жамоа­да 3-4 нафар сардор бор. Очиғи, менга шуниси ёқмайди. Аслида жамоада боғич бир кишига тегишли бўлиши ва қолганлар аниқ етакчи борлигини тан олишлари керак.

- Табиатан оптимистмисиз ёки барчасига эҳтиёткорроқ ёндашасиз?

- Бироз эҳтиёткордирман... Футболда жамоа бирлигини топиш йўлида кўп куч сарфланади. Ҳозирги «Милан» ўйин­ларига қарасам, кучли футболчиларга эга жамоани кўраётгандек бўламан. Аслида кучли жамоани кўришни истардим. Агар юқори даражада ўтган «Милан дербиси»ни четга суриб қўйсак, футболчилар бирор марта «Биз биргаликда кучлимиз» шиори остида ҳаракатланувчи жамоа вакиллари эканликларини ҳис қилишмади. Нега? Аслида йигитларнинг салоҳияти баланд, аммо «Милан»нинг яхлит кучга айланишига ҳали бор. Асосийси, ҳаракат йўқ эмас. Ҳар ҳолда, «Милан» жорий йил бир неча ўйинда шундай туйғу бера олди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.